Сир ёпдинг имон топдинг
Ислом дини инсонларни ҳар тарафлама комил бўлишга чорлайди. Комил инсон ҳеч қачон бировни сирини очмайди. Ким бировни сирини очиб уни шарманда қилса гуноҳи азим қилган бўлади. Кўпинча икки киши ўртасида озгина келишмовчилик чиқса дарҳол бир бирини сирларини очиб шарманда қилишга тушади. Аввалам бор инсон ўз сирларини ҳар кимга айтмаслиги керак, сир эгасидан бошқага чиқдими сирлиги қолмайди. Амр ибн Оссдан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган “Бировга сиримни айтсам, уни фош қилгани учун маломат қилмайман. Қандай ҳам уни маломат қилай? Ахир ўзим уни сиғдира олмадимку”. Демак, ўз ичингда сақлай олмай сирингни бировга айтдингми, у ҳам бировга айтса, сен ундан хафа бўлма. У ҳам сенга ўхшаган инсон. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким сенга бир гап айтиб, атрофга аланглаб қўйса бу омонатдир”, деганлар. Чунки гап айтатуриб хавотирланган одам, гапимни бошқа биров эшитиб қолмасин, деган маъонда аланглаб қўйди. Демак, бу гап сир сақланиши лозим бўлади. Бу гапни сир сақламай бошқаларга айтган одам эса, хиёнаткордир.
Яқинда бир маҳаллада икки қўшни ўртасида келишмовчилик борлиги маълум бўлди. Муаммони жойида бориб ўрганганимизда мажоро икки ёш қўшни келинлар ўртасида бўлган экан. Улар бир неча кун олдин ораларидан қил ўтмайдигон сирдош дугона бўлишган. Эрлари ишлаш учун узоқ сафарда бўлганлиги сабабли ҳар куни кўчада ўтириб ҳасратлашганлар. Ҳатто, қайнона, қанисингил ҳақида хам салбий гаплар биан ғийбатлашишган. Шундай қилиб улардан бири қайнонасига билдирмай бир буюмни олиб сирдош дугонасиникига ўтказиб қўяди, тасодифан унинг қайнонаси қўшнисиникига ўтиб ҳалиги буюмга кўзи тушади ва бу қандай қилиб буларнинг уйига келиб қолганлигини сурайди, шунда ўзини ўғри бўлиб қолишидан қўрққан дугона, келинингиз олиб келиб берганди, деб айтишга мажбур бўлади. Буни билган қайнона келинни ўғриликда айиблаб, уйдан ҳайдайди. Ана шундан кейин бир бирларининг сирларини ошкор қилиш бошланади. Иккала келинчак бир-бирининг қайнонасига барча ғийбат билан айтилган сирларни етказади ҳатто туҳматлар ҳам қўшилиб бу жанжал, муштлашишгача боради. Бунинг оқибатида иккала оилада ҳам нотинчлик юзага келади. Бундан хабар топган мусофирликдаги эр онасининг норозилик шикоятлари сабаб хотини билан ажрашишини телефон орқали маълум қилади. Маҳалла фаоллари ва масъул шахслар билан олиб борилган кўплаб тушунтиришларимиз натижасида ушбу оилалар сақлаб қолинди. Мана, ўйламасдан қилинган биргина хатонинг оқибатида икки оила бузулишига бир баҳя қолди.
Ҳадиси муборакда “Бир киши билан ўта қаттиқ дўст бўлма, кун келиб душман бўлиб қолиши мумкин. Бир киши билан ўта қаттиқ адоватлашма, кун келиб дўст бўлиб қолишинг мумкин”, дейилган. Турмушга чиқараётган қизларимизга оила сирларини кўчага чиқармаслик, тилни ғийбатдан сақлаш ҳақида кўпроқ тушунча берайлик. Келин бўлиб тушган хонадон улар билан обод бўлсин. Ҳозир арзимаган “деди-деди” билан қанча оилалар бузилиб кетмоқда. Сатторул ъуйуб бўлган Аллоҳ сиримизни очмасин десак биз ҳам бировнинг сирини очмайлик. Зеро, бежизга, сир ёпдинг имон топдинг, деб айтилмаган..
Сайдулло РЎЗИЕВ – Каттақўрғон шаҳар “Қориравот” жоме масжиди имом хатиби.
Киритилган вақти: 12/11/2019 16:56; Кўрилганлиги: 1413
Чоп этилган вақт: 09/02/2025 14:02