Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

“Сен хотинингга хиёнат қилсанг, у сенга хиёнат қилмайдими?””

 
 

Бу олтмишлар атрофидаги одамни анчадан бери танийман. Кўрса ўзини кўрмаганга солиб олади. Мен билан саломлашмайдиям, гаплашмайдиям, аниқроғи гаплашолмайди. 

Чунки...   

У одам билан биринчи марта танишганимизга йигирма беш йиллардан ўтди-ёв. У вақтда талаба эдим. Соддагина. Шаҳарлараро автобусга чиқдим, ўқишга кетяпман, ёнимга қирқ ёшлар чамасидаги битта “ака” жойлашди. Автобус йўлга тушганда салом-аликни йиғиштириб бирданига “томдан тараша туширди” у “ака”:

-Намоз ўқийсанми?-деди бошимдаги дўппим, жиддийроқ кийинган кийимларимга қараб, энсаси қотиб.

-Ҳа-дедим қисқа қилиб. Шу муомаласининг ўзидаёқ “ҳа, сеними!?” деб қўйгандим. Қилиқлари ғашимга тега бошлади. Чунки у одам ўз фаҳмида “замондан орқада қолган” билан кетарди…

-Сенларда аёллар етти қават пахсани ичида ўлтирадида-а?-деди кулиб. Жавобга ҳожат йўқ эди. Масҳарабозликни давом эттирди:

-Етти қават паранжи ҳам дегин? -деди яна ишшайиб. Индамадим. Кейин ўзича куюнганнамо бўлиб:

-Менга қарагин, нега шунақасанлар-а? Юрмайсанми мазза қилиб, ҳаётдан баҳра олмайсанми!? Ич, кайф қил, мазза қил, ўйна, кул, қизлар билан юр, - деб алланималарни роса гапирди. Мени биринчи “тугилган муштим” сиқилганча турганди. 

-Ака, қаерда ишлайсиз?-дедим бир оз сайрагандан кейин, мавзуни қаёққа олиб кетаётганлигимни сезиб қолмаслиги учун.

-Фабрикада.

-Аёлингиз-чи?

-У ҳам, ахир бизда аёллар сизлардаги ҳалигидай, пахса ичида ўлтиришмайди-ку!-деди яна илжайиб, қўлларини гирра қилиб айлантириб.

-Ўзингиз айтганингиздай, қизлар билан юрарсиз?-дедим.

-Албатта-да! Нега юрмай!?-деди кўзлари чарақлаб.

-Аёлингиз билиб қолмайдими? Ахир битта фабрикада ишларкансиз, -дедим.

-Нималар деяпсан? Мен ақлли одамман, ҳаммасининг режасини тузиб қўйганман. Ошқовоқмидим!? Атайи сменамизни бошқа-бошқа олиб юраман -деди мамнун бўлиб, оғзининг таноби қочиб.

-Мен унга айтармидим, ё билдирармидим? Ўзим билиб ишимни қилиб юравераманда! Билиб ўлтирибдими!?-деди давомида кулиб.

-У-чи, у?-дедим.

-Нима “У”?-деди тушунмай.

-У ҳам айтармиди, ё билдирармиди? Билиб ишини қилиб юраверади-да! Билиб ўлтирибсизми? Ахир сменасини бошқа қилган ўзингизку?! - дедим кулиб…

Гап узилиб, ҳангома бузилди. Суҳбатимизга нуқта қўйдик. То манзилимизга етгунга қадар у одам юзини мен томонга буролмади. Шу-шу, ҳали гаплашолмаймиз…

Мени кўрса, кўрмагандай ўтиб кетади...

Салим АЙЮБИЙ

Манба: Azon.uz


Киритилган вақти: 15/02/2020 14:52;   Кўрилганлиги: 1436
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/sen-xotiningga-xiyonat-qilsang-u-senga-xiyonat-qilmaydimi
Чоп этилган вақт: 18/05/2024 15:32
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг