Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШ НОШУКУРЛИКДИР

 
 

Барчамизга маълумки, оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич бўғини бўлиб, унинг тинч, ҳалол ва пок, мустаҳкам бўлиши жамиятнинг тинч ва фаровонлигини таъминловчи асосий омиллардан биридир. Бунинг қарама-қаршиси, яъни оилаларда нотинчлик, бузғунчилик, ота-онага нисбатан итоатсизлик бўлса, ўша жамият ҳам бузилиб, осойишталиги йўқолади, пароканда бўлади.

Шунинг учун ҳар бир жамият оила масаласига катта эътибор қаратиб, оилаларнинг мустаҳкам ва бахтиёр бўлишлари учун имконида бўлган барча чора ва тадбирларни кўриб келган. Бизнинг мамлакатимизда ҳам, айниқса сўнги 2-3 йил ичида қабул қилинган ҳар бир қарор ва амалга оширилган ҳар бир ишдан кўзда тутилган мақсад,юртимиз тинчлиги, халқ  фаровонлиги, оилалар мустаҳкамлиги ва ҳеч кимдан кам бўлмаган комил инсонни шакллантиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Бошқачароқ қилиб айтадиган бўлсак, жонажон диёримизда ҳар биримизнинг ўқишимиз, ишлашимиз, ибодат қилишимиз ва мазмунли яшашимиз учун барча шароитлар етарли.

Лекин инсоннинг ҳаёти фақат силлиқ кечавермайди. Ҳаётнинг ўзига хос паст-баланд, эгри – бугри йўллари ҳам бор, яъни инсон ҳаёти давомида турли қийинчилик, машаққат ва синовларга дуч келиши мумкин, баъзан имон-эътиқоди суст юртдошларимиз бундай  мусибатлардан қутулишнинг йўли деб ўз ширин жонларига қасд қилиб қўймоқдалар. Бу ҳолат айниқса аёл-қизларимиз  ва  ёшларимиз ўртасида содир бўлиб турмоқда. Таъкидлаш керакки, бундай мудҳиш ишга қўл уриш мусибатдан қутулишнинг нафақат нотўғри йўли, балки ўзини унданда каттароқ мусибатга мубтало қилиш демакдир.

Туманларнинг бирида бир аёл ўзи ва икки нафар боласини пичоклаган. Натижада фарзандлари нобуд бўлган, ўзи эса тирик, лекин ногирон бўлиб қолган. Қайнона ва турмуш ўртоғини бироз қўрқитиб қўйиш ниятида  сирка истеъмол қилган ёш аёл  бир умр ногиронлик аравачасига михланиб қолган. Ўзига ўт қўйиб юборган аёл ғоят мудҳиш ҳолатда ўлим топган, фарзандлари етим бўлиб қолган. Бу каби ҳолатлар  эса  ҳар қандай кишининг қалбини ларзага солади.  Муқаддас динимиз таълимотида инсоннинг ўз жонига қасд қилиши қаттиқ қораланади. Ўз жонига қасд қилиш Аллоҳнинг берган неъматларига, чунончи берилган умрга, ҳаётга ношукурлик ҳамда яратганнинг белгилаб қўйган тақдирига исёндир. Шу билан бир қаторда бу ишга қўл урган одам қариндош-уруғларини, ота-онасини оғир кулфатга солиб қўяди, болаларининг етим бўлиб қолишига, оиланинг пароканда бўлишига сабаб бўлиб қолади. Қилган гуноҳларига тавба қилиш имконидан ва жаннатдан абадий маҳрум бўлиб қолади. Чунки Аллоҳ: бандам ўзини-ўзи ўлдириб менинг берган умримга шукур қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим,-дейди. Яратганнинг ўзига шукроналаримиз бўлсинки, яшашимиз учун барча шароитлар яратилган тинч ва фаровон жамиятда яшамоқдамиз. Ўзининг ширин жонига қасд қилишга эса ҳеч қандай сабаб йўқ. Ҳар қандай қийинчиликни инсон деган номга муносиб сабр-тоқат ва ақл билан ҳал қилса бўлади. Аммо сабрсизлик, ношукурлик қилинса оқибати яхши бўлмайди. Яратганнинг ўзи барчаларимизга берган неъматларига шукронада бўлиш ва етган мусибатларга сабр  қилишни насиб айласин.

Муаллиф: ЎМИ Самарқанд вилояти вакили маслаҳатчиси Н.Темирова


Киритилган вақти: 23/07/2019 13:23;   Кўрилганлиги: 1249
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/oz-joniga-qasd-qilish-noshukurlikdir
Чоп этилган вақт: 07/10/2024 10:02
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг