Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

МУНОСИБ ҚЎШНИЧИЛИК!

 
 

Аллоҳ таоло инсонларни нафақат ўзига ибодат қилишга, балки шу билан бирга жамиятда одамлар орасида меҳрибонлик ришталарини боғлашга ҳам буюради. Халқимизда ота-онага, қариндошларга яхшилик қилиш, саломлашиш, касалларни зиёрат қилиш, устозларни ҳурмат қилиш, мусулмон бўлса-бўлмасада атрофдаги одамларга яхшилик қилиш ва шу каби инсонлар ўртасини ислоҳ қилишга қаратилган ижтимоий одоблар жуда кўп. Бир қарашда бу амаллар ота-боболаримиздан ўтиб келаётган қадриятдек туюлсада, аслида буларнинг асослари динимизга бориб тақалади. Бу ижтимоий одоблардан қай бирини олиб қараманг, ҳаммаси бир неча асрлар олдин Қуръони каримда ё Расулуллоҳ (с.а.в) ҳадисларида баён қилинганини биламиз. Мана шунинг учун жамиятда инсоний фазилатларни мустаҳкамлашда диннинг ўрнига юксак баҳо берган.

Мана шундай одоблардан бири бўлмиш қўшничилик муносабатлари ҳақида сўз юритсак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди:

“Аллоҳга ибодат қилинг ва унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-оналарга яхшилик қилинглар! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинглар)!” (Нисо сураси, 36-оят).

Муфассирлар бу оятда қўшни мўмин ёки кофир деб ажратилмаган, дейдилар. Демак, қўшни миллати, дини, ирқидан қатъий назар уларга яхшилик қилишга буюрилганмиз.

Расулуллоҳ (с.а.в) Оиша онамизга: “Қурбонлик гўштини тарқатишда аввал яҳудий қўшнимиздан бошла…”, деганлар. Қўшни ҳақлари тўғрисида сўраган саҳобага Расулуллоҳ (с.а.в): “Касал бўлса, бориб кўр, вафот этса, жанозасида қатнаш, қарз сўраса, бер, қийин аҳволда бўлса, ёрдам қил. Бошига мусибат тушса, тасалли бер, уйинг томини баланд кўтариб, унга етиб турадиган шамол ва шабададан тўсма, пиширган нарсангдан унга ҳам чиқар!” деганлар.

 «Маълумки, Ўзбекистон ва Тожикистон халқларини кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик, ягона дин, ўхшаш маданият, урф-одат ва анъаналар бир-бирига мустаҳкам боғлаган. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси ва оқилона сиёсати туфайли сўнгги йилларда мамлакатларимизнинг кенг қамровли ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди, халқларимиз дўстлиги янада мустаҳамланди. Икки мамлакат президентларининг яқинда телефон орқали мулоқотида ҳам икки томонлама яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик самараси ўлароқ Тожикистонга йўл олган шифокорларимиз Covid-19’нинг олдини олиш, назорат қилиш ва даволашни ташкил этишда тожикистонлик тиббиёт ходимларига яқиндан кўмаклашади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

«Энг муҳими, шифокорларимизнинг кўмакка отланишгани ўзбек-тожик халқларининг қадим-қадимдан елкадош бўлиб, синовли кунларда ёрдамга тайёр бўлиб, бир-биридан кўмагини аямаслигидан далолатдир», дея қайд этилган хабарда.

Тожикистонга йўл олган тиббиёт гуруҳи таркибига анестезиолог-реаниматолог, пульмонолог, эпидемиолог, инфекционист, вирусолог, ҳамшира каби коронавирусга чалинган беморларни даволашда катта тажриба тўплаган малакали тиббиёт ходимлари кирган.

 Аввалроқ Тожикистонга шифокорлар билан бир қаторда контейнерлар, 10 та сунъий нафас олдириш аппарати ва жуда кўп тиббий халат, дори воситалари, қўлқоп, респираторлардан иборат инсонпарварлик ёрдами ҳам жўнатилгани ҳақида хабар берилган эди.

  Шундай экан, инсоний фазилатларнинг гўзал намунаси бўлган қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашимиз лозим. Бир-бирлари билан жанжаллашадиган қўшнилар нафақат ўзларининг, балки бошқа қўшниларнинг ҳам ҳаловатини бузади. Халқимиздаги: “Қўшнинг тинч, сен тинч”, деган ажойиб нақл бекорга айтилмаган. Ён атрофимизда бундай воқеалар содир бўлаётганда бунга асло бефарқ қарамаслигимиз лозим. Инсоннинг, фақат ўз дарди билан эмас, ўзгалар дарди билан ҳам яшашлиги уни бу номга лойиқ эканлигини билдиради. Алишер Навоий бобомиз айтганидек:

Одами эрсанг демагил одами,

Онингким йўқ халқ ғамидин ғами.

      

Аллоҳ таоло барчаларимизга миллий, диний қадриятларимизни мустаҳкамлашда куч-қувват ато этсин, бир-бирларимизга бўлган меҳр-оқибатларимизни янада зиёда қилсин!

 

Ж.Аброров - Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати ходими


Киритилган вақти: 11/05/2020 10:51;   Кўрилганлиги: 1697
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/munosib-qoshnichilik
Чоп этилган вақт: 04/10/2024 17:54
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг