Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

КАСАЛЛИК ЮҚИШИ ЙЎҚ, ЭҲТИЁТ БЎЛИШ ЯХШИ

 
 

Бугунги кунда Коронавирус касаллигининг кенг тарқалмаслиги ва олдини олиш учун мамлакатимизда барча зарурий чоралар кўрилмоқда. Фуқароларимизнинг таҳликага тушиши асло керак эмас. Бу офатни енгиб ўтиш энг аввало, ҳар биримизнинг ўзимизга боғлиқ. Биринчидан, шахсий гигена қоидаларига риоя этишмимиз, тегишли ҳимоя воситаларидан фойдаланиш ва бошқа зарурий эҳтиёт чораларини кўриш, касалликнинг олдини олиш бўйича тиббиёт ходимларининг тавсияларига қатъий амал қилиш орқали ўзимиз ҳамда яқинларимизни коронавирус инфекциясидан бемалол ҳимоялашимиз мумкин.

Аслида касалликнинг юқиши масаласига Ислом нуқтаи назари билан қарасак, динимиз бу борада бизга ўзгача таълимот берганига гувоҳ бўламиз. Исломдан олдинги жоҳилият даврида жоҳилликнинг турли-туман кўринишлари мавжуд бўлган. Жумладан, тибга, иримга оид масалаларда ҳам. Ислом ана ўша нарсаларни муолажа қилиб, тўғри йўлга солди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касаллик юқиши йўқ, бойқуш йўқ, навъу йўқ ва сафар йўқ (яъни, қуш, юлдуз ва сафар ойига ирим қилиш йўқ), дедилар. Учовлари ривоят қилганлар.

Ҳадисдаги “Касаллик юқиши йўқ” сўзларига эътибор қаратамиз. Жоҳилият аҳлида “Хасталикларда ўзига яраша қувват бор, улар бир кишидан иккинчисига ўша қувват ёрдамида ўтади”, деган эътиқод бор эди. Ҳозирги жоҳилиятда ҳам худди шу эътиқод сақланиб қолган. “Ундай бўлса, хасталик юқиши йўқми?” деган савол пайдо бўлиши турган гап. Бунга жавоб шуки, хасталик Аллоҳ ирода қилсагина юқади. Худди шу маъно Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шунга ўхшаш бошқа ҳадиси шарифлардаги “Касаллик юқиши йўқ” деган гапларида мужассам бўлган. Дунёдаги ҳар бир нарса фақатгина Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади. Жумладан, хасталик юқиши ҳам.

Ҳадиси шарифларда касалликнинг ўзича юқиши йўқлиги, баъзи ҳадисларда эса касаллик юқишидан эҳтиёт бўлиш кераклиги айтилган. Демак, касалликнинг ўзича юқмаслиги эътиқод масаласи эканлиги, касаллик юқишидан эҳтиёт бўлиш эса динимиз биздан амал қилишни талаб қилган нарса эканлиги англанади. Жумладан, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Вабо тарқалган жойга борманглар ва у ерда бўлсангиз чиқиб ҳам кетманглар”, деб айтишлари орқали касаллик юқишидан эҳтиёт бўлишга чақирганлар.

Шулардан келиб чиққан ҳолда мўмин-мусулмонлар касаллик юқишидан қаттиқ таҳликага тушмасликлари, Аллоҳ таоло хоҳлаган нарса содир бўлишига эътиқод қилиши, шу билан бирга эҳтиёт чораларини қўллашлари ҳам лозим бўлади. Бу борада тиббиёт соҳа ходимларининг қўлларни тез-тез ва яхшилаб совун билан оқар сувда ювиш, дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланиш, овқат қилиш давомида ҳамда ундан олдин ва кейин, шунингдек, овқатланишдан олдин, ҳожатхонадан ёки ҳайвон билан алоқадан кейин қўлларни ювиш ва бошқа кўрсатмларига риоя этиш тавсия қилинади. Аслида шусиз ҳам ҳар бир мусулмоннинг одоби ва ибодат кундалигидан ушбу амаллар ўрин олган.

Шифокорларнинг “Шамоллаш ёки грипп аломатларига эга одамлар билан яқин алоқа қилишдан чекланиш, касалликнинг илк аломатлари кузатилганда, уйда қолиш ва дарҳол шифокорга мурожаат қилиш” борасидаги тавсиялари юқорида зикр қилинган “Вабо тарқалган жойга борманглар ва у ерда бўлсангиз чиқиб ҳам кетманглар” ҳадисига мувофиқ келади.

Халқимиз орасида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпроқ жамғариб олиш ҳаракатига тушиб қолганлар ҳам учраб турибди. Йиғилган маҳсулотларнинг сифати вақт ўитиши билан бузилиши, уни истеъмол қилиш орқали қўшимча бир касалликни орттириб олиш хавфи йўқ эмасми? Айнан оқибатини ўйламасдан маҳсулотларни кўп миқдорда харид қилиш, нарх-навони ошиб кетишига сабаб бўлмайдими? Ризқ Аллоҳдан, кимнинг қанча умри, ризқи борлиги, эртаси нима бўлиши фақат Оламларнинг Раббиси бўлмиш Аллоҳ таолога аён. Бу каби ҳолатларда сизу биз мўмин-мусулмонлар ҳеч қандай ваҳима ва таҳликага берилмаслигимиз, эҳтиётни ҳам унутмаган ҳолда босиқлик ва тақдирга розилик билан иш кўришимиз энг тўғри йўлдир.

Буюк мутафаккир ва табиб Абу Али ибн Сино “Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир. Хотиржамлик ярим соғлик. Сабр эса шифонинг бошланишидир”, деганлар. Ҳурматли юртдошлар, бу офатни енгиб ўтиш учун энг аввало, аҳил бўлишимиз, халқимизга хос бўлган оғир-вазминлик билан иш тутишимиз, ортиқча ваҳимага берилмаслигимиз муҳимдир. Ҳамма нарса Аллоҳдан, лекин эҳтиёт бўлганни Яратган ҳам асрашини унутмайлик. Яхши ниятлар ила ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилишимиз, муаммони бартараф этиш учун меҳр-оқибат, инсоф диёнат асосида иш тутишимиз, халқимизнинг синовларда бирлашишдек азалий қадриятларни кўрсатишимиз керак.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакили З.Эшонқулов


Киритилган вақти: 24/03/2020 14:16;   Кўрилганлиги: 1741
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/kasallik-yuqishi-yoq-ehtiyot-bolish-yaxshi
Чоп этилган вақт: 06/12/2024 12:24
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг