ЖАНОЗА МАРОСИМИГА ДОИР ФИКХИЙ МАСАЛАЛАР
Жанозанинг луғатдаги маъноси «сатр» яъни тўсиш, бекитишдир. Тобутга солинган маййит ҳам тўсилган бўлади.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир маййитни ювса-ю, уни сатр қилса, гуноҳларидан худди онасидан туғилган кунидек бўлиб чиқади”- дедилар.
Бир киши вафот этса, бошқа мусулмонларда унинг тўртта ҳаққи қолади. Улар: Маййитни ювиш, кафанлаш, жаноза намозини ўқиш ва дафн қилиш. Уламоларимизнинг таъкидлашларича мазкур тўрт амал фарзи кифоядир, яъни ушбу амалларнинг бир-неча киши бажариши билан бошқа мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўлади.
Шариатимизда вафоти яқинлашган кишига нисбатан қилинадиган муомила ва муносабат мавжуд. Вафоти яқинлашган кишини “Мухтазар” дейишади. Аввало мухтазарни ўнг ёнбоши билан қиблага юзлантириб ётқизилади. Чалқанча ётқизса ҳам бўлади. Унга шаҳодат калимаси талқин қилинади, лекин калимани айтишга мажбур қилинмайди.
Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Жон таслим қилаётганларингизга «Ла илаҳа Иллаллоҳу» ни талқин қилинглар – дедилар.
Ушбу калимани мухтазарнинг яқин кишилари, яъни уни яхши тушунадиган, хушёр кишилар бажариши тавсия қилинади. Мухтазар хам калимани айтиши билан талқин қилиш тўхтатилади. Охирги сўзи шаҳодат калимаси бўлишига ҳаракат қилинади.
Вафот қилиши билан дастлаб қилинадиган амаллар: Аввало жағи юмшок латта билан бошига тортиб боғланади. Оғзи очилиб колмасликка ҳаракат қилинади. Кўзлари юмдирилади. Маййитнинг ҳузуридан жунуб, хайзли ва нифосли кишилар чиқарилади. Маййитнинг устига енгилроқ мато ёпиб қўйилади. Шишиб кетмаслиги учун корнига (ғишт парчаси билан идиш каби нарса) қўйилади. Барча аъзолари ва бўйниларини тўғирлаб, икки қўлини ёнига қўйиб чалқанчасига ётқизиб қўйилади. Маййитнинг қарзларини узишга шошилиш керак. Маййитнинг шариатга хилоф келмайдиган васиятлари бажарилади. Маййитни кўмиш ишларини тезлатиш керак.
- Маййитни ювишга доир амаллар;
Маййитнинг танаси бегона кишилардан бекитилади. Тўрт томони тўсилган, шароити бор ерда ювилади. Маййитнинг ғусли ҳам худди тирик инсоннинг ғусли кабидир. Фақат оғзи ва бурунларини сув билан чайиш машаққат бўлгани учун, оғзини очмасдан бармоқ ёки мисвок билан мисвок қилинади. Маййит ювиладиган хонага хушбўй нарсаларни ишлатиш мансубдир. Ювиб бўлгач, танаси қуритилади, сажда аъзоларига хушбуйлик сурилади. Маййитнинг соч ва тирноқлари олинмайди.
- Маййитни кафанлаш иккинчи фарзи кифоядир.
Ҳанафий мазҳабида кафан уч турга бўлинади.
а. Зарурат кафани. Зарурат туғилган вақтда эркак ёки аёл бўлсин, имкон бор нарса билан кафанланади. Бунинг шарти баданни тўсадиган нарса бўлиши лозим.
б. Кифоят кафани. Кифоят кафани банда тирик вақтида киядиган энг оз кийим миқдори. Эркак учун изор (иштон) ва лифофа. Аёл учун изор, лифова ва рўмол.
в. Суннат кафан. Бу энг мукаммал кафандир. Эркак учун: изор, қамийс (кўйлак), лифофа. Аёл учун бешта: изор, қамийс, химор, сийнабанд ва лифофа.
- Жаноза намозини ўқиш фарзи кифоядир.
Ҳанафий мазҳаби бўйича, жаноза намозининг шарти; ният қилиш. Унинг рукни; тўрт такбир ва қиём. Вожиби; икки томонга салом бериш.
Жаноза ўқувчига ҳам намоз ўқувчига қўшилган шартлар бор: мусулмон бўлиш, ақлли бўлиш, сатри аврат, таҳоратли бўлиш, бадан, кийим ва макон пок бўлиши, қиблага юзланиши ва ният.
4.Маййитни дафн қилиш фарзи кифоядир.
Жон узилиши билан уни дафн қилишга шошилиш керак. Ханафий мазҳаби бўйича, қабрнинг чуқурлиги одамнинг кўкрагигача, узунлиги маййитни бўйига қараб бўлади, кенглиги маййитнинг бўйининг яримича бўлиши керак.
Маййитни қабрга қўяётган киши: “Бисмиллаҳи ва ала миллати Росулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи ва саллам” деб қўяди.
Маййитни ўнг тарафи билан юзини қиблага қаратиб ётқизилади. Маййитнинг бош ва оёқ тарафидаги кафаннинг боғичлари ечилади. Оғзи очилмайди.
Қабр устуни лой билан суваш мандубдур. Ҳўл шохлар ва райхон каби нарсалар қабр устига қўйиш дуруст саналади. Қабр устида ўсиб турган майса ва ўсимликларни қуримасдан юлиш макруҳ. Чунки хўл набототнинг тасбеҳидан маййитга фойда етиб туради.
Марҳумнинг ҳаққига қилинган дуо ва тиловатлар шубҳасиз марҳумнинг руҳига етиб боради.
Росулуллоҳ алайҳиссалом: “Ким мақбарага кирганда «Йасийн» сурасини қироат қилса, Аллоқ ўша куни уларга ениллик беради ва ўша ердаги нарсалар ададича ҳасанотлар бўлади», деганлари ривоят қилинган.
Назаров Анвар Каттақўрғон шаҳар - “Муҳаммад Нақиббек” жоме масжиди имом хатиби (Манбалар асосида)
Киритилган вақти: 01/06/2020 15:20; Кўрилганлиги: 1762
Чоп этилган вақт: 07/10/2024 11:06