Исроф барака заволидир
Исроф сўзи луғатда “чегарадан чиқиш” маъносини англатади. Истилоҳда эса моддий сарф харажатларда ўз ифодасини топади.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қурони каримда шундай дейди: “Улар инфоқ қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар”.(Фурқон. 67)
Умар ибн Абдулазиз қизи Фотимани узатаётганда Абдумалик ибн Марвон сўради: - Қандай харажат қилмоқчисан? - Икки гуноҳнинг ўртасидаги чиройли ҳолатда, – деб юқоридаги оятни тиловат қилди Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Касирнинг тафсирида “Нафақаларини ҳожатдан ташқари исроф қилиб совуриб ҳам юбормайди, ўз аҳлига уларнинг ҳақларини поймол қилиб бахиллик ҳам қилмайди” дейилган.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилади: “Енглар, ичинглар, кийинглар ва садақа қилинглар. Исроф ва мутакаббирлик бўлмаса бас”. (Абу Довуд ва Насоий ривояти)
Ҳазрат Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ўзингга ва аҳли байтингга исроф қилмасдан ва совурмасдан қилган харажатинг, садақа қилганинг сен учун бўлур. Риё ва шуҳрат учун бўлгани шайтоннинг насибасидур”.
Шуни алохида айтишлик керакки молиявий маблағлар исрофидан ташқари ҳар бир соҳада ҳам исрофлар бўлади. Шулардан машҳурроғи – сувнинг исрофи. Сувнинг исроф бўлиш ҳолатини ҳар жойда кузатиш мумкин. Лекин кўпчилик бунга эътибор бермайди. Ҳолбуки сув – Аллоҳ таоло бандаларга инъом этган неъматларнинг сараларидандур. Бу неъматни тежаш керак. Ҳар бир соҳада бўлгани каби сувнинг исрофи ҳам гуноҳ саналади. Ҳаттоки ибодат учун ишлатилганда ҳам исроф қилмаслик керак.бунга мисол тариқасида Пайғамбар алайҳиссаломнинг ушбу сўзларини келириб ўтаман Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳунинг таҳорат олаётиб сувни меъёридан ортиқ ишлатганини кўриб қолдилар. - Ҳой, Саъд! Бу қандай исрофгарчилик? – дедилар. - Эй Аллоҳнинг расули, таҳоратда ҳам исроф бўладими? – сўради Саъд разияллоҳу анҳу. - Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёнинг ёқасида бўлсанг ҳам, дедилар.
Энди юқорида қисқача келтирилган фикрлардан хулоса оладиган бўлсак ҳаётда инсон учун энг зарур бўлган ишлардаги меъёрнинг ортиғи шунчалик исроф бўлса, тўй-марака ва бошқа зиёфатлардаги исрофгарчиликнинг юки қанчалик оғир бўлишини тасаввур қилиб кўриш мумкин. Шунинг учун ҳаётда ҳамиша исрофдан узоқда бўлайлик чунки Исроф барака заволидир.
Азизлар биз бугунги кунда кўплаб синовларни бошимиздан ўтказяпмиз. Ушбу кунларда карантин қоидаларига риоя қилишимиз зарур, акс ҳолда исрофгарчиликка яна бир бор йўл қўйган бўламиз.
Нурбек Мўсаев - Нарпай тумани “Саловот ота” жоме масжид имом хатиби
Киритилган вақти: 13/07/2020 12:01; Кўрилганлиги: 1483
Чоп этилган вақт: 07/12/2024 23:48