Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

Исломда жаноза ва таъзия одоблари

 
 

Жаноза ўқиш фарзи кифоя ҳисобланади, яъни баъзилар адо қилса бошқаларнинг ҳам гарданидан соқит бўладиган амалдир.

Жаноза ва таъзиянинг одоби борасида муҳтарам уламоларимиз, устозларимиз битган жуда кўп мўътабар манбалар бор. Инсон ҳаёт экан, ўлим соя солиб туради.Ҳар бир киши ота-онаси, яқин қариндош ёру дўсту биродарини бир кун келиб йўқотади. Шу важдан мусибатзада хонадонга бориб таъзия билдиришнинг ўзига хос тартиб қоида ва одоб ахлоқлари мавжуд бўлиб уларни ўрнида қўллаш лозимдир.

Аввало мусибат етган хонадон аҳллари қуйидагиларни айтади ва сабр  қилади :

         “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун. Аллоҳумма ажжирни фи мусибатий ва ахлифлий хойрон минҳа”- “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз. Аллоҳим, менга етган ушбу мусибат эвазига ажр бергин ва унинг ўрнига мен учун яхшиликлар ато этгин”.

Аҳли мусибат овоз кўтариб йиғламаслиги лозим бўлади. Ҳадиси шарифда келишича,  аҳли мусибатнинг овоз чиқариб йиғлашидан маййит азоб тортади.

   Маййитни дафн қилгандан сўнг, ҳар ким ўз ишига кетади. Бир ерда йиғилиб ўтирилмайди, чунки бу маййит учун ёмондир.

Агар бир киши биродарининг вафот этганини эшитса: “Инна  лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”,  дейиши керак.

Аҳли мусибатга хоҳ дафиндан олдин, хоҳ дафиндан кейин, таъзия изҳор қилиш мустаҳаб. Имом Муҳаммад (раҳматуллоҳи алайҳ) наздиларида, таъзия  уч кунгача жоиз, ундан сўнг макруҳдир. Имкон қадар  эшитиши билан дарҳол таъзия изҳор қилишга шошилиш лозим. Бироқ сафарда ёки шунга ўхшаш сабаблар туфайли кечиккан одам унга уч кундан кейин ҳам таъзия билдириши мумкин.

Таъзия изҳор қилувчининг одоби Қуръони карим тиловат қилинаётганида сукутга чўмиб эшитиш, таъзия қабул қилувчиларга мусибатга хос сўзлар билан ҳамдардлик билдириш тасалли бериш, жаноза намози ўқилгунга қадар бироз муддат туриш ёки ўтиришни вазият тақозо этса, соҳиблар кўрстган жойга ўтиб, маъюс қиёфада бўлиш,  таъзия изҳор қилувчилар аза бўлган хонадонда узоқ  қолиб кетмайдилар.

         Баъзида мусибат бўлган хонадонга келган инсонларни бир бирлари билан кулишиб ўтиришларини кўриб хафа бўлиб кетасан киши албатта бу инсонлар ҳам юқорида айтиб ўтилган жаноза одобини билишганда эди бундай ҳолат рўй бермаган бўлар эди.

         Жаноза бўлган хонадонга бориб уларга чиройли сабр тилаш хар биримизнинг мусулмончилик бурчимиз ҳисобланади. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари бор.

         Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Фотимага (розияллоҳу анҳо):

Эй Фотима,  нима сени уйингдан чиқарди? дедилар. Шунда Фотима (розияллоҳу анҳо): “Бу маййитнинг аҳлига бордим, уларга  раҳмат  тиладим ва уларга ҳамдардлик изҳор этдим”,  деди (Абу Довуд  ва Насоий ривояти).

Кимнингдир вафот этиши билан мусибат етган хонадон аҳли уйдан чиқмай, уч кунгача аза тутиб ўтиришлари ва таъзияга келувчиларни кутиб-кузатиб туришлари мумкин. Фақат дарвоза олдида курси ва тўшакларда ўтириб ёки тик туриб, таъзиячиларни кутиш энг хунук одатлардандир. Ббизнинг шу каби одатларимизни ислоҳ этиш лозимга ўхшайди. Ҳақиқатдан, дарвоза олдида таъзиячи кутиш дегани, албатта, ҳамманинг келиши шарт, дегандек бўлади. Аммо дарвозани очиқ қолдириб, уч кунгача ичкарида ўтириш эса, биринчидан камтарлик аломати. Зеро, камтар инсон одамларни овора қилиш, вақтларини олишдан иложи борича ўзини сақлайди. Таъзияга кела олмаганлардан хафа ҳам бўлмайди. Иккинчидан, кўчадан шошилинч ўтиб кетаётган кишилар вақти танг кишилар ҳижолат тортмайди. Таъзияга келиши ҳам холис бўлади.    

Барчамиз шуни яхши билишимиз керакки, вафот этган киши хотирасига бағишлаб қилинадиган хайр-эҳсонлар мустаҳаб амалдир. Уни шариат таълимотига мувофиқ ҳолда ўтказиш шартдир. Акс ҳолда ундан бўладиган ажру савобдан маҳрум бўлинади. Аммо, оила, фарзандларга қилинадиган нафақа бу - фарз амаллардан ҳисобланади. Шунинг учун эҳсон қиламан, деб бола-чақанинг ризқини қийиш айни хатодир. Борди-ю маҳалла ошини еганман, маҳаллага ош бермасликка номус қиламан, деб бошқалардан қарз олиб ёки олмасдан ҳам эҳсон қиладиган бўлса, бу айни гуноҳдир.

Ҳозирги вақтда мусибатхонада бир эмас, бир неча марталаб эҳсонлар қилинмоқда. Бу маросимлар баъзи бир оилалар учун, оғир кечаётгани ҳаммага яхши маълум. Бундай маросимларни ўтказиш баъзи оилалар учун иқтисодий томондан қийинчилик туғдириши мусибат устига мусибатдир.

Мусибатхоналарда пайшанбалик ва якшанбалик ёки қирқ, йил каби ном билан қилинаётган эҳсон маросимлари ҳеч бир диний китобларда ёзилмаган ва айтилмаган.

Аллоҳ таоло марҳумларимизни мағфират қилиб, ҳаётдагиларга тавфиқ ва ҳидоятда бардавом бўлишларини насиб қилсин.

Толиб Маматқулов - Булунғур туман “Килдон” жоме масжиди имом хатиби

 


Киритилган вақти: 20/02/2020 10:56;   Кўрилганлиги: 1779
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/islomda-janoza-va-taziya-odoblari
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 19:04
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг