ИЛМНИНГ БАРАКАЛИ БЎЛИШИ-УСТОЗНИ ҲУРМАТ ҚИЛИШДАДИР
Ҳурматли ўқувчи! Биламизки Ислом дини илму-маърифатга тарғиб қилувчи илоҳий ва раббоний диндир. Зеро, инсоннинг дунёда азиз бўлиши, азизлик тожини кийиши ва охиратда эса улуғ мақому мартабаларга сазовор бўлиши, илм олиши ва унга амал қилиши билан боғлиқдир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Илм ўргатувчи устозлар бежизга “Пайғамбарларнинг меросхўрлари” деб эъзозланмаганлар. Ислом динининг асосий манбаи бўлган Қурьони Карим ва ҳадиси шарифда устознинг даражаси нечоғлик буюк эканлиги ҳақида оятлар, илм йўлида жасорат кўрсатган ва кўрсатаётган устозларга барча мавжудоту-махлуқотлар ҳаттоинки сувда сузиб юрган балиқлар ҳам истиғфор айтиб, ҳаққига дуо қилиши ҳақида маьлумотлар келган.
Аллоҳ таьоло ояти каримада шундай марҳамат қилади:
يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ
(سورة المجادلة/11).
яъни: “... Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида эса шундай дейдилар:
"إِنَّ اللَّهَ وَمَلائِكَتَهُ وَأَهْلَ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ حَتَّى النَّمْلَةَ فِي جُحْرِهَا وَحَتَّى الْحُوتُ فِي الْبَحْرِ لَيُصَلُّونَ عَلَى مُعَلِّمِ النَّاسِ الْخَيْرَ"
(رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عن أبي أمامة الباهلي رَضِيَ اللهُ عَنْهُ)
яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, инидаги чумоли, ҳаттоки денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчининг ҳаққига дуо қиладилар” (Имом Термизий ривояти).
Ушбу оят ва ҳадисдан билсак бўладики устозларнинг, муаллим ва мураббийларнинг шону-шуҳрати, мақому-мартабаси юксакдир.
“Муаллим” сўзининг маъноси “илм берувчи, таълим берувчи, ўргатувчи” деганидир. Демак, азиз ўқувчи, бизга хоҳ илм бўлсин хоҳ касб-ҳунар бўлсин, уни ўргатган зот биз учун устоз бўлади ва биздек аҳли илмларнинг зиммамизда эса у зотларга нисбаттан ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишимиз лозим бўлади. Шундагина биз ўрганаётган илмимизда барака бўлади ва ўрганган илмимиз эса дунёю охиратда бизга фоида келтиради.
Азиз ўқувчи! Шуни ҳам алоҳида таькидлаб ўтиш керакки, юртимизда ҳам устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қуватлаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимизни ҳар вақт ҳурматлашимиз ва эъзозлашимиз лозим. Зеро, келажак авлод баркамол, етук ва маърифатли бўлиб етишишида уларнинг хизматлари каттадир. Ўзбекистон бугунги дунё ҳамжамиятида таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда ўз мавқеъига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир. Шу муносабат билан юртимизда ҳар йили 1 октябрь кунини “Устоз ва мураббийлар куни” сифатида нишонланади. Бу кунда устозларга янада кўпроқ ҳурмат-иззат кўрсатилади ва уларга хурсандчилик бахш этишга ҳаракат қилинади.
Муаллиф: Б.Бобохонов, Самарқанд шаҳар “Хўжа Нисбатдор” жоме масжиди имом хатиби
Киритилган вақти: 30/09/2019 15:04; Кўрилганлиги: 1439
Чоп этилган вақт: 01/12/2024 21:36