Бир ҳадис туфайли ҳаёти тубдан ўзгариб кетган актриса
Мадиҳа Камел ўз даврида нафақат Мисрнинг, балки бутун араб киносининг энг ёрқин юлдузларидан бири эди. Аммо бир ҳадисни эшитгач, у ҳаётини тубдан ўзгартиришга қарор қилган.
Мадиҳа 1948 йилнинг 3 августда Искандарияда ўртаҳол оилада туғилди, улар оилада олтита фарзанд эди. У ўқувчилик давридаёқ мактабдаги томошаларда турли ролларни ижро эта бошлаган.
1962 йилда Мадия Қоҳирага кўчиб бориб, университетга ўқишга кирди. Шу йилларда театрда роллар ўйнай бошлади. Ўша пайтда Мисрда кино ва театр ривож топаётган эди. Шунинг учун истеъдодли актриса эътибордан четда қолмади. 1966 йилда у таниқли актёр Фарид Шауки билан "30 кун қамоқда" фильмида бош ролни ўйнади.
Кейинги йилларда унинг шуҳрати ўта юксалди, у нафақат Мисрда, балки бутун араб дунёсида машҳур актрисага айланди. "Айбдорлик" (1967), "Кеча эшиги" (1969), "Суккария" (1973), "Ёлғончи" (1975), "Ердан узоқ" (1976), "Уйқусиз кўзлар" (1981), "Эплаб қутқаринг" (1985), "Мен" (1987), "Жимжитлик" (1989), "Қоҳира" (1990) – булар у иштирок этган фильмлардан баъзилари.
1992 йилда актриса таниқли режиссёр Одил Асарнинг "Иблис дарвозаси" фильмида бош ролни ижро қила бошлади. Аммо иш тугаш арафасига келганида, Мадиҳа суратга олинишдан бош тортишини ва кинони бутунлай тарк этишини айтди. Буларнинг барчаси ҳайратга солгани учун директор аввалига уни шунчаки ҳазиллашяпти деб ўйлади. Аммо актриса сўзида қатъий туриб олди. Суратга олиш жараёнини якунлаш учун қиёфадош топишга тўғри келди.
Ўлимидан олдин берган интервьюсида Мадиҳа бу қарорини шундай изоҳлаган эди: “Бир куни мен Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳадисларини ўқиб қолдим: "Кучсиз мўминдан кўра, кучли мўмин Аллоҳга яқин ва суюклироқдир". Мен бу ҳақида кўп ўйладим ва бандалари кучли бўлганида Аллоҳ рози бўлишини англадим. Мен кучли бўлишга қарор қилдим ва ҳаётимни таҳлил қилдим. Мен шон-шараф, пул ва саҳнани энг заиф нарса деб билдим ва улар мени ҳам кучсиз қилади деб ҳисобладим. Имон ва хотиржамлик эса энг қадрли ва кучлидек, буларни юқоридаги билан солиштириб бўлмайди. Кинодан кетишга қарор қилдим”.
Мадиҳа ҳаётини бутунлай ўзгартириб, рўмол ўраб, ибодат қилишга, динни ўрганишга ва камбағалларга ёрдам беришга бағишлади. Кинодан кетгач, деярли интервью бермади (берган битта интервьюси бадиий доиралар томонидан адоват билан кутиб олинганлиги сабабли нашр этилмади), ва ёлғизликни афзал кўрди. Кичикроқ кийим ательеси очиб, у ерда кийим-кечак ишлаб чиқариб пул топди. Ўша пайтдан бошлаб, унинг фақат иккита фотосурати ва дўстларининг гувоҳликлари қолди. Актриса 1997 йил 13 январда вафот этди. У атиги 48 ёшда эди.
Унинг ўлими ҳам ўзи орзу қилганидек Рамазон ойида юз берди. Саҳарликдан кейин у бомдод намозини ўқиб, Қуръон тиловати пайти юрак хуружидан вафот этди.
Манба: azon.uz
Киритилган вақти: 17/02/2020 16:07; Кўрилганлиги: 1481
Чоп этилган вақт: 06/12/2024 21:09