Бидъат ва исрофдан сақланайлик
Маълумки, муқаддас динимиз кишиларни бир-бирлари билан яхши муомалада бўлишга, ҳамда таом улашишга буюради. Фазилатли ва ихлосманд ҳалкимиз қадимдан бу суннатларга амал қилиб келади. Мана шундай чиройли суннатлар жумласига никоҳ тўйини хам киритиш мумкин. Никоҳ икки бегона, номаҳрамни бир-бирига ҳалол қилгани сабабли, уни эълон қилиш жумхур уламолар наздида суннатдир ва бизнинг урфимизда у "тўй" деб юритилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг саҳобаларга тўй қилиш юзасидан тавсиялари кўпдир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Абдурахмон ибн авф "Эй Аллоҳнинг Расули бир аёлга данак вазнидаги тилло (маҳр) бериб уйландим"-, дедилар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй билан бўлса ҳам тўй қилгин",- дедилар.
Шундан ҳам хулоса қилишимиз мумкинки, ким уйланадиган бўлса, кучи етганича, ўзини ортиқча уринтирмасдан тўй қилиб бериши суннатдир. Пайғамбаримиз хам уйланганларида имконлари борича тўй қилиб берганлар. У зот Сафия онамизни никоҳларига олганларида меҳмонларни хурмо ва ёғдан тайёрланадиган таом билан меҳмон қилганлар.
Қадимдан катта хурсандчилик бўлган тўйни, биз ўзимиз учун жиддий ташвишга айлантирдик. Тўйга қўшимча маросимлар, катта сарполар, ўнлаб тоғоралар қўшдик. Вояга етган ўғлини уйлаш, қизини узатишни ўйлаб оталар қзга юртларга пул топиш мақсадида чиқиб кетмокдалар, соғлиқларига путур етказиб қўймокдалар. Аслида эса динимиз енгиллик дини. Барча масалада бўлгани каби, тўй масаласида ҳам мўътадил йўлни тутиш мақсадга мувофиқдир.
Имом Байхақийдан ривоят қилинишича Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Энг баракали никоҳ - харажатлари енгил бўлганидир", дедилар.
Никоҳнинг баракали бўлиши сабабларидан бири никоҳ харажатлари ва дабдабаларининг камроқ, енгилроқ бўлишидир.
Баъзан қизларимизнинг тенги чиқса ҳам, янада яхшироқ жойдан умид қилиб, баъзида уларнинг сепи тайёр эмаслиги, бунга қўлимиз калталигини баҳона қилиб уларнинг умрларини ўтказамиз. Тенги чиққан қизларимизни узатмасак, бекорчи сарполарни деб тўйларни кечиктирсак, оиласиз эркак ва аёллар кўпаяди, зинога йўл очилади, насаблар кесилади. Жамиятда салоҳият ва иффат камаяди.
Баъзи йигитларимиз эса ҳамма шароитимни яхшилаб оламан деб, оила қурмай юришади, натижада ёшлари ўтиб колади. Ваҳоланки, бир касбни бошини тутган, рўзғор нафақаси учун маблағ топа оладиган йигитлар камбағалликдан қўркиб уйланмай юришлари тўғри эмас. Ҳанафий мазҳабига кўра уйланиш - уйланмасдан умрини ибодатда ўтказишдан афзал, балки суннатдир. Шунингдек, Аллоҳ ўз фазли карами билан никоҳга барака берса камбағал бўлганлар турмуш қурганларидан сўнг бойиб кетишади. Уйлангунча бўш, ялқов бўлган йигитлар, уйлангандан кейин ғайратли, шижоатли, ҳаракатчан бўлиб қолишлари кўп учрайди. Шунинг учун муқаддас динимиз имконияти бўлган йигитларни уйланишга тарғиб қилади. Лекин никоҳ суннатининг эълони ҳисобланган тўйни обрў тўплаш мусобақасига айлантириш, дабдабабозлик, исрофгарчиликларга йўл қўйиш динимизда қораланади. Йиллар давомида емай-ичмай йиққан малагини ва бунинг устига олган қарзларини бир кунда совуриб, кейин йиллар давомида қарз тўлаш кимга фойдали?! Тўй куни ўнлаб машиналарни ёллаган куёв тўйдан кейин пиёда юришга ҳам маблағ тополмай қолишичи?!
Бугунги кунда ёшларимизни гуноҳ қилса ҳам, исроф қилса ҳам гапирмасак, ўзимизни оёғимизга ўзимиз болта урган бўлмаймизми?! Кейин бу исрофларнинг жабрини барчамиз тортишга мажбур бўлмаймизми?!
Барчаларимизни тўйларда исроф қилиш, манманлик қилиш, ҳаддан ошишдан сақласин ва Яратганнинг ўзи тўғри йўлида собитқадам қилсин.
Н. Темирова - ЎМИ Самарқанд вилоят вакили маслаҳатчиси
Киритилган вақти: 30/01/2020 15:16; Кўрилганлиги: 1331
Чоп этилган вақт: 05/10/2024 10:55