Аҳли илмларга ёрдам бериш зарурати
Маълумки, илм олиш, одамларга зиё тарқатиш фазилати жуда улуғ. Олимлар, аҳли илмлар дунёда ҳам, охиратда ҳам юксак мақомларга эришишлари ҳақида кўп ҳадислар нақл қилинган. Бу масалада аввал тўхталиб ўтилган. Ҳозир мен ўқувчилар диққатини бир жиҳатга, яъни, аҳли илмларга ёрдам бериш, уларни моддий тарафдан қўллаб-қувватлаш масаласига қаратмоқчиман. Зеро, бу хайрли анъана бизда, умуман, мусулмон диёрларидан аввалдан бўлиб келган.
Чунки аҳли илмнинг асосий вазифаси илм олиш, билганини одамларга ўргатиш, маърифат тарқатиш. Лекин бошқа тарафдан уям тирикчилик қилиши, оиласини боқиши керак. Рўзғор тебратиш, пул топиш билан овора бўлиб, илмни ташлаб қўйган кишиларни ҳам кўрганмиз, улар ҳақида эшитганмиз. Шунинг учун бой-бадавлат кишилар ён атрофга теранроқ назар ташлаб, аҳли илмларга кўмак бериб туришса, ўзларига ҳам, жамиятга ҳам кўп фойдаси тегади.
Ҳеч бир жойда олимлар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди, ҳеч бир инсон онасидан олим бўлиб туғилмайди, балки устозлар раҳнамолиги, сахий кишилар саховати эвазига уламолар етишиб чиқади. Чунончи, китоб ёзаётган, таржима билан шуғулланаётган аҳли илмларга нашр ишларида ёрдамлашилса, бунинг савоби жуда улуғ бўлади.
Мавриди келгани учун айтаман: вақтида менга ҳам моддий ёрдам берилган, китоб чиқаришда кўмаклашилган. Агар мени моддий ва маънавий тарафдан қўллаб турувчи инсонлар бўлмаганида, балки, мен илмий фаолиятимни давом эттиролмасдим, чунки ўша пайтларда анча ёш бўлганман... Фейсбукдаги дўстлар сафида 2-3 нафар яхши инсонлар бор, улар менга жуда кўп ёрдам қилишган... Аллоҳ таоло уларнинг аҳли оиласига, давлатига барака берсин, икки дунё саодатига эриштирсин, фарзандларидан уламоларни чиқарсин.
Айтмоқчи бўлганим: ўзига тўқ, бой-бадавлат кишилар аҳли илмлар, талабалар ҳолидан хабар олиб, уларни моддий жиҳатдан таъминлаб туришса, нур устига нур бўларди. Чунки нафс учун, орзу-ҳаваслар йўлида ҳам миллионлаб пуллар сарфланаяпти. Аллоҳга, охират кунига шубҳасиз ишонадиган мўмин банда биладики, илм ривожи, охират саодати учун сарфланган пуллар куни келиб ўз натижасини беради, иншааллоҳ!
Зиёвуддин РАҲИМ
Киритилган вақти: 05/12/2018 00:00; Кўрилганлиги: 2202
Чоп этилган вақт: 04/10/2024 15:53