Исро ва Меърожга имон келтиришнинг ўзига хос жиҳатлари
Ислом динимизни пок сақлашда, бегона ёт ақидалардан тозалашда мужтаҳид уламоларимиз, хусусан, юртимиздан етишиб чиққан улуғ аллома Абу Мансур Мотуридий, Макҳул Насафий, Нажмиддин Умар Насафий ҳамда Абу-л-Муин Насафийнинг хизматлари беқиёсдир. Мазкур уламоларимизнинг саъй ҳаракатлари билан динни, усулни, фиқҳни, ақидани тушунишда тўғри ва ишончли йўналиш юзага келди. Ушбу ишда динни нотўғри талқин қилувчилар, хилоф қиладиган одамларга тўғри, саҳиҳ жавоблар бериб, зарба берганлар. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
“Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони” (Қуръони)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг”[1].
Ибн Умар (р.а.)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло умматимни залолатда бирлаштирмайди”[2] деб, айтдилар.
Исро ҳодисаси ислом даъватининг энг оғир ва машаққатли даврида содир бўлди. Бу вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишига имон келтирган мусулмонларга кучли тазйиқ ўтказиларди. Зеро, мусулмонларни мушриклар зулмидан ҳимоя қилувчи Абу Толиб ва Хадийжа бинти Хувайлид онамиз ҳам вафот этиб кетишганди. Шундай қийин ва маҳзунли бир дамда Исро ва Меърож кечаси – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло ҳузурига чиқишлари содир бўлди. Бу нарса у зотдаги ғам-ташвишни кетказиш, даъват йўлида собитқадам бўлиш, қалбга сурур бағишлаш учун тасалли бериш эди.
Меърож Ҳазрат Пайғамбаримизга берилган улуғ мўъжизалардан биридир. Бошқа бирор пайғамбарга бундай улуғ мақом берилмаган. Меърож воқеасига инсоннинг ақли етмайди. Унинг замон, макон ва масофа каби тушунчаларни англатишга ҳар қандай қалам ожиз.
Бу ҳодиса баъзи Ҳанафий уламоларимизнинг тадқиқ қилишларича, ҳижратдан бир ярим йил олдин, Рамазон ойининг ўн еттинчи куни содир бўлган[3].
Уламолар Меърож пайғамбарликнинг ўн иккинчи йили, рабиъул аввал ойида ё ҳижратдан бир йилу беш ой олдин шаввол ойида ёки ражаб ойининг охирларида содир бўлган дейдилар[4].
Исро ва Меърож воқеаси қачон содир бўлгани ҳақида шу каби турли хил фикрлар ва тадқиқотлар мавжуд.
Меърож тўғрисида гапирадиган бўлсак, албатта, Меърож воқеаси ҳақдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси Исро қилдирилганлар ва жисмонан, уйғоқ ҳолларида осмонга Меърож қилдирилган. Сунгра Аллоҳ хоҳлаган жойгача юқорига (чиқилган). Аллоҳ у кишини Ўзи хоҳлаган нарса ила икром қилган ва у кишига ваҳий қилган нарсасини ваҳий қилган. “Қалб (кўз) кўрганини ёлғонга чиқармади”[5]. Бу дунёю охиратда у зотга Аллоҳнинг беадад салавоту саломлари бўлсин.
Албатта “Меърож” юқорига чиқиш асбоби, дегани бўлиб, худди нарвон каби нарсадир. Лекин у қандай нарса эканини билиб бўлмайди[6]. Унинг ҳукми ҳам бошқа ғайбий нарсалар ҳукмига ўхшашдир. Унга имон келтирамиз, лекин кайфияти билан машғул бўлмаймиз. Бу ерда ушбу гапдан кўзланган маъно эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйғоқ ҳолларида жисм ва руҳлари ила осмонларга, сўнгра Аллоҳ хоҳлаган жойгача кўтарилишларидир. Бунинг ҳақлигига имон келтирамиз. Чунки Аллоҳ у кишини ушбу самовий сафарда хоҳлаган нарсаси ила икром қилди.
У кишига аҳкомлардан ваҳий қилган нарсасини ваҳий қилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари, кўзлари кўрган нарсани инкор қилмади, ёлғон деб эътиқод қилмади. Балки, тасдиқлади ва қўшимча қилиб бўлмайдиган равишда комил ишонч ила ишонди.
Исро ҳодисаси Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғоқ ҳолларида, жисмонан бўлганлигига Аллоҳ таолонинг қуйидаги: “Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан Масжидул Ақсога – сайр қилдирган Зот покдир”[7], ояти далилдир.
Чунки банда тана ва руҳнинг мажмуасидан иборатдир. Худди “инсон” лафзи жисм ва руҳнинг мажмуасига исм бўлганидек. Гап айтилиши билан шу маъно тушунилади ва шу тўғридир.
Исро ҳам ушбу мажмуа ила бўлган. Бунинг бўлишига ақл жиҳатидан монелик йўқ. Агар инсоннинг кўтарилиши мумкин эмаслиги жоиз бўлса, фаришталарнинг тушиши мумкин эмаслиги жоиз бўлади. Бу эса пайғамбарликни инкор қилишга олиб боради. Бу ўз навбатида куфрдир.
Агар “Аввал Байтул Мақдисга исро қилинишининг ҳикмати нимага дейилган саволга жавоб шулки, “Аллоҳ ўта билувчидир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меърожини даъво қилганларида ростгўй эканликларини изҳор қилиш учундир холос. Чунки қурайшликлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан Байтул Мақдисни сифатлаб беришни таклиф қилганларида уларга васф қилиб бердилар.
Шунингдек, уларга ўз йўлларида олдиларидан ўтган (қурайшликларнинг) карвонлари хабарини ҳам бердилар.
Агар осмонга тўғридан-тўғри Маккадан чиққанларида, бу иш бўлмас эди. Агар осмондаги нарсалардан хабар берсалар, улар кўрмаган нарсанинг хабарини берган бўлар эдилар. Байтул Мақдисни эса қурайшликлар олдин кўришган эди, шунинг учун у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Байтул Мақдис ҳақида хабар бердилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Ва, дарҳақиқат, уни бошқа сафар сидратул мунтаҳо (тугаш дарахти) олдида кўрди. Унинг ҳузурида маъво жаннати бор. Ўшанда сидрани ўрайдиган нарса ўраб турибди. Нигоҳ бурилмади ҳам, ҳаддидан ошмади ҳам. Дарҳақиқат, ўз Роббининг улкан оят (белги)ларидан кўрди”[8].
Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жаброилни Тугаш дарахти олдида кўришлари фақат ўша дарахт олдига ва Жаннати маъвога етишларидан кейингина бўлиши мумкин.
Мазкур оятлардаги “улкан оят(белги)лардан мурод аллоҳ таоло набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Бану Исроил (Исро) сурасининг аввалида “Унга оят (белги)ларимизни кўрсатиш учун”, (1-оят) деб даъво қилган белгиларидир.
Ушбу олий даражали сафарнинг бошланиши Бану Исроил сурасининг бошида собит бўлган бўлса, ниҳояси Нажм сурасининг сўнгида собит бўлди.
Шунингдек, меърожнинг ҳақлигига, уйғоқликда руҳ ва тана ила бўлганлигига, набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир осмонда пайғамбарлар билан учрашганларига далолат қилувчи кўплаб ҳадислар ҳам келгандир. Бу ҳадисларнинг умумий миқдори мутавотир даражасига етган бўлиб, уларни фақат жоҳилгина ёки ўзини жоҳилликка солувчиина инкор қилиши мумкин.
Шунингдек, Аҳли сунна вал жамоа тарафдорлари ҳам оят ва ҳадисларда келган далиллар билан юқоридаги воқеаларнинг ҳақлигини исботлаб берганлар.
Манба: bukhari.uz
[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004. Оли Имрон сураси 103-оят. –Б.63.
[2] Имом Термизий ривояти. Сунану-т-Термизий №2167 Ҳадис.
[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт. 5-жуз Намоз. Тошкент: “Шарқ” нашриёти. 2008й. 12-бет.
[4] Оламлар сарвари. Мақолалар тўплами. Тошкент: “Мовароуннаҳр” нашрёти, 2008й. 55-бет.
[5] Нажм сураси 11-оят.
[6]Ақидатут-Таҳовия шарҳининг талхийси, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф таржимаси, Ҳилол-нашр, Тошкент. 2015.-Б.166.
[7] Исро сураси 1-оят.
[8] Нажм сураси 13-18 оят.
Киритилган вақти: 10/12/2018 00:00; Кўрилганлиги: 2444
Чоп этилган вақт: 13/10/2024 07:04