Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Сийрат

Аллоҳ юборган буюк йўлбошчи

 
 

Аллоҳ таоло чексиз раҳмати сабаб инсониятга уларни тўғри йўлга бошлайдиган пайғамбарларни юборди. Пайғамбарлик илоҳий фазл бўлиб, Аллоҳ таоло ўзи хоҳлаган бандаларини бунга мушарраф айлаган. Пайғамбарликка на ақл, на касбу маҳорат, на ортиқча ибодат билан ва на мерос йўли билан эришиб бўлади. Балки, Аллоҳ ўз бандаларидан хоҳлаганини танлаб олади ва пайғамбарлик даражасига кўтаради. Бу даражага фақатгина Аллоҳнинг тавфиқию илҳоми ила етишилади. Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад (соллалоҳу алайҳи ва саллам)ни даражаларини бошқа барча пайғамбарларга нисбатан баланд қилган. Чунки у кишидан илгари ўтган пайғамбарлар фақат бир қавмга  юборилган, пайғамбаримиз эса бутун инсониятга охирги пайғамбар этиб юборилдилар. Аллоҳ  таоло бу ҳақида пайғамбаримизннг ўзларига хитоб қилиб айтадики: “( Эй Муҳаммад!) Биз Сизни, ҳақиқатдан, барча одамларга хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи бўлган ҳолингизда (пайғамбар қилиб) юбордик ...” ( Сабъа сураси , 28- оят).

Оламлар сарвари Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) милодий 571-йил Рабиъул аввал ойининг 12-муборак кечасида дунёга келдилар. Бу кеча “Мавлудун набий” деб аталиб, у зотнинг нури билан зулматдан ёруғликка чиқилган кечадир. Бу кеча у зотнинг ҳурмати учун барча умматларига раҳмат ва марҳамат ёмғири ёғилган кечадир.

Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлиш билан фахрланиш, У зотга Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан кейинги ўринда турадиган чин муҳаббат қўйишга, У зотни ўзимиз, ота-онамиз, болаларимиздан-да афзал кўришимиз, ҳабибимиз алайҳиссаломнинг сийратлари билан хулқланишимиз, суннат ва муборак ҳадисларига риоя этишимиз, ҳақларига кўплаб саловатлар айтишимз чин умматлигимиздан далолат бўлади, у зтга нисбатан қалбимиздаги муҳаббат яна-да зиёда бўлаверади, шафоатларидан умидворлик ҳисси вужудимизни чулғаб олади.

Бу дунёда ул зотни танисак Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)  бизни маҳшаргоҳда танийдилар. У кишига итоат қилсак, эҳсонлари ила бизни сарафроз этадилар. Бироқ бу ишларни Рабиъул аввал ойида қилиб, бошқа пайтда унутсак, муҳаббатимиз шунчаки даъво  бўлиб қолади.

“Аллоҳ ўз ичларидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни(ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориш билан, мўминларга инъом этди. Улар эса бундан олдин аниқ гумроҳликда  эдилар”(Оли Имрон сураси , 164- оят ).

Аллоҳ таоло мўминларга энг гўзал аҳлоқ эгаси бўлмиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни намуна қилиб юборар экан, у зотни севишни, суннатларига амал қилишни ояти карималарида амр этди. Буни Пайғамбар  ( алайҳиссалом) нинг ўзлари тасдиқладилар:

“Мени ота-онангиздан, бола чақангиздан ва барча одамлардан кўпроқ яхши кўрмагунингизча комил мўмин бўлолмайсиз!”( Имом Бухорий ривояти ).            

Бизнинг Пайғамбримиз ана шундай ажойиб инсон бўлганлар. Шунинг учун биз у кишига ҳурмат-эҳтиром кўрсатамиз. Айтган ҳамма ўгитларига амал қиламиз. Буюрган амалларини қилиб, қайтарганларидан қайтамиз. Бизнинг ана шу ҳаракатларимиз Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам ) суннатларига риоя этганимиз бўлади.

Келинг, эй азизлар! Мана шундай муборак ойда қўлларимизни очиб дуолар қилайлик: “Ҳаммамизга Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларига амал қилишни насиб этсин, Аллоҳ таоло ўзининг тўғри йўлидан адаштирмасин! Омин!

Лутфуллоҳ ҚУРБОНОВ – Пастдарғом туман “Салим ота” жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 11/11/2019 15:37;   Кўрилганлиги: 1648
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/siyrah/alloh-yuborgan-buyuk-yolboshchi
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 19:00
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг