САОДАТ ЙЎЛИНИНГ САРБОНЛАРИ
Илм инсониятга Яратган томонидан ато этилган бебаҳо неъматдир. Бу неъмат орқали икки дунё саодатига эришилади. Муқаддас ислом динида ҳам илм мавзуси кенг тарғиб қилинади. Илмли кишилар, зиё тарқатувчи устозлар улуғланади ва бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: «…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур…» (Мужодала,11)
Мўътабар китобларимизда илм ўргатган, таълим-тарбия берган инсонларнинг мартабалари пайғамбарлар ва етмиш минг саҳобийнинг мақомида бўлиши қайд этилган. Чунки келажак авлод таълим-тарбияси билан шуғулланиш улуғ ва савобли иш бўлиши билан бирга, ўта муҳим ва масъулиятли вазифа ҳам ҳисобланади.
Пайғамбаримиз ҳадиси шарифларида: «Олим бўлгин ёки илм ўрганувчи ё илмга қулоқ солувчи бўлгин ёки бу тоифа инсонларга муҳаббатли бўл. Асло бешинчи тоифа бўлма, ҳалок бўласан», дея марҳамат этиб, илм ва илм аҳлларини севувчи, ҳурмат қилувчи бўлишга даъват этганлар.
Ривоятларда келтирилишича, Сулаймон (а.с) пайғамбарга Аллоҳ таоло илм, бойлик ва подшоҳликдан бирини танлашни буюрганида, у илмни танлайди. Илмнинг шарофатидан унга бойлик ва подшоҳликни ҳам қўшиб берилади.
Ёш авлодни илмли, ҳунарли қилиб вояга етказиш ҳар бир ота-онанинг масъулиятли бурчидир. Ҳазрати Али (р.а): «Болаларингизга келажак илмини ўргатингиз, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда яшайди», деганлар. Илм билан бир қаторда, ҳунар ўрганиш ҳам савобли амалдир. Пайғамбар (а.с) «Албатта, Аллоҳ таоло ҳунарманд кишини севади», деганлар.
Муқаддас манбаларда эътироф этилишича, қиёматда тўрт нафар одам жаннат эшиги олдига ҳисобу-азобни кўрмасдан келар экан: илмига амал қилган олим, фисқу фасодсиз ҳаж амалларини адо этган ҳожи, Ватан ҳимояси йўлида шаҳид бўлган киши, ҳалол мол топиб, риёсиз Аллоҳ йўлида эҳсон қилган киши.
Ривоят қилишларича. Қиёмат куни бир гуноҳкордан: «Бирон бир олимни биласанми, суҳбатида бўлганмисан, хизматини қилганмисан?» - деб сўралади. Гуноҳкор лоақал бирорта олимнинг номини айтса, Аллоҳ унинг гуноҳидан ўтади.
Аллоҳ таоло ўз каломида улуғлаган, пайғамбаримиз ҳадиси шарифларида шарафлаган қадрли устозларимиз доимо омон бўлишсин. Зеро, ҳазрат Навоий ҳам устозлар меҳнатига юксак баҳо бериб, қуйидаги мисраларни битганлар:
«Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила».
Киритилган вақти: 26/09/2016 00:00; Кўрилганлиги: 3102
Чоп этилган вақт: 09/11/2024 06:06