Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

САЛОВОТ АЙТИШНИНГ ФАЗИЛАТИ ҲАҚИДА ЎН ҲАДИС

 
 

Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукрлар ҳамда У зотнинг бутун оламларга раҳмат элчиси қилиб юборган пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва саломларимиз бўлсинки, барчамиз муборак Рабиъу-л-аввал, яъни охирзамон пайғамбари таваллуд топган ойда турибмиз.

Ҳаётимизда бу ойнинг бошқа ойлардан фарқли ва аҳамиятли жиҳати шундаки, ушбу муборак ойда барчаларимиз оламлар сарвари Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратларини янада кенгроқ ўрганишимиз, ҳар куни, ҳар бир амалимизда у зотга эргашмоғимиз ва суннатларига мувофиқ ҳаёт кечиришга ҳаракат қилмоғимиз ҳамда ул зоти муборакка кўплаб салавотлар айтиш орқали ўз муҳаббатимизни изҳор қилишимиз лозим бўлади.

Қуйида сиз азизларга салавот айтишнинг фазилати ҳақида келган ҳадиси шарифларни ҳавола қилмоқчимиз, шоядки бу маълумотлар, ушбу муборак ойда ва бундан бошқа вақтларда ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва саломларни кўпроқ айтишимизга сабаб бўлса.

قال النبي صلى الله عليه وسلم: {مَنْ صَلَّى عَليَّ وَاحِدَةً صَلَّى الله عَلَيْهِ عَشْرا}.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Кимки менга бир бора салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта салавот айтади”.[1]

“Саҳобалардан баъзилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Сизга бир бора салавот айтган кимсага, Аллоҳ ўнта салавот айтади. Бу, қалби уйғоқ ҳолда айтган кишига тегишлими?” деб сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, бу ҳар бир (қалби ғафлат билан бўлсада) салавот айтгувчига тегишли. Аллоҳ у кишига тоғдек (ажр) беради. Фаришталар у учун дуо ва истиғфор айтадилар. Аммо, қалби уйғоқ ҳолда салавот айтган кимсага қанчалар ажр мукофот беришлигини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди,” дедилар.”[2]

وقال النبي صلى الله عليه وسلم: {مَنْ صَلَّى عَلَيَّ ألفَ مَرَّةٍ لم يَمُتْ حَتَّى يُبَشَّرُ لَهُ بِالجَنَّةِ}.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Кимки менга минг марта салавот айтса, унга жаннат ҳақида хушхабар берилмагунича вафот этмайди”.

وقال صلى الله عليه وسلم: {مَنْ صَلَّى عَليَّ صَلاةً واحِدَةً صَلَّى الله عَلَيْهِ بِهَا عَشْرا، وَمَنْ صَلَّى عَليَّ عَشْرا صَلَّى الله عَلَيْهِ بِها مائَةً، وَمَنْ صَلَّى عَليَّ مائَةً صَلَّى الله عَلَيْهِ بها ألْفا، وَمَنْ صَلَّى عَلَيَّ ألْفا لم تَمسَّهُ النَّارُ}.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Кимки менга бир бора салавот айтса, Аллоҳ унга у (салавоти) сабабидан ўнта салавот айтади. Кимки менга ўнта салавот айтса, Аллоҳ унга у(салавоти) сабабидан юзта салавот айтади. Кимки менга юзта салавот айтса, Аллоҳ унга у (салавоти) сабабидан мингта салавот айтади. Кимки менга мингта салавот айтса, унга дўзах ўти тегмайди”.

Имом Табароний келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Кимки менга бир бора салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта салавот айтади. Кимки менга ўнта салавот айтса, Аллоҳ унга у юзта салавот айтади. Кимки менга юзта салавот айтса, Аллоҳ уни нифоқ ва дўзахдан озод деб ёзиб қўяди ва қиёмат кунида шаҳидлар билан бирга қилади”.[3]

وقال صلى الله عليه وسلم: {مَنْ نَسِيَ الصَّلاَةَ عَلَيَّ فَقَدْ أَخْطَأَ طَرِيقَ الجَنَّةِ}.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Кимки менга салавот айтишни унутса, батаҳқиқ жаннат йўлидан хато қилибди(яъни адашибди)”.

وقال صلى الله عليه وسلم: {إنَّ أوْلَى النَّاسِ بِي يَوْمَ القِيَامَةِ أكْثَرُهُمْ عَلَيَّ صَلاَةً}.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Менга қиёмат кунида инсонларнинг энг яқини (яъни улар ичидан шафоатимга ҳақлироқ бўлгани), менга кўпроқ салавот айтган кишилардир”.

وقال صلى الله عليه وسلم: {صَلاَتُكُمْ عَلَيَّ مَحَّاقَةٌ}.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Сизларнинг менга айтган салавотларингиз – (гуноҳларни) ўчириб ташлагувчидир”.

وقال صلى الله عليه وسلم: {مَنْ صَلَّى عَلَيَّ في كُلِّ جُمُعَةٍ أرْبَعِينَ مَرَّةً مَحَا الله ذُنُوبَهُ كُلَّهَا}.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Кимки менга ҳар жума қирқ марта салавот айтса, Аллоҳ унинг барча гуноҳларини ўчиради”.

وقال صلى الله عليه وسلم: {مَا مِنْ دُعاءٍ إلا بَيْنَهُ وَبَيْنَ السَّماءِ حِجَابٌ حَتَّى يُصَلِّيَ عَلَيَّ ، فإذا صَلَّى عَلَيَّ انْخَرَقَ ذالِكَ الحِجَابُ وَرُفِعَ الدُّعَاءُ}.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Менга салавот айтилмагунича қилинган дуо билан осмон орасида бир парда бўлади. Бас, агар салавот айтса ўша парда йиртилиб, дуо кўтарилади”.

وقال صلى الله عليه وسلم: {مَنْ صَلَّى عَلَيَّ فِي يَوْم مائَةَ مَرَّةٍ قَضَى الله لَهُ مائَةَ حَاجَةٍ سَبْعِينَ مِنْهَا لآخِرَتِهِ وَثَلاثِينَ مِنْهَا لِدُنْيَاهُ}.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Кимки бир кунда менга юз марта салавот айтса, Аллоҳ унинг юзта ҳожатини раво қилади. Улардан етмиштасини охиратда ва ўттизтасини шу дунёда беради”.

وقال صلى الله عليه وسلم: {مَنْ صَلَّى عَلَيَّ صَلاَةً وَاحِدَةً صَلَّى الله عَلَيْهِ وَمَلائِكَتُهُ عِشْرِينَ مَرَّةً وَلَمْ يَمُتْ حَتَّى يُبَشَّرُ بِالجَنَّةِ}.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Кимки менга битта салавот айтса, Аллоҳ ва Унинг фаришталари унга йигирма марта салавот айтадилар ва унга жаннат башорати берилмагунича вафот этмайди”.

Аллоҳ таоло барчаларимизга мазкур ҳадиси шарифларда айтилганларга амал қилиб, уларнинг мукофотига эга бўлишимизни ва қиёмат кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига лойиқ бўлишимизга муваффақ айласин!


[1] Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривояти.

[2] Имом Суютийнинг “Лубол ал Ҳадис” китобининг шарҳи “Танқиҳ ал қовлил ҳасис” китобидан

[3] Табароний ривояти.


Киритилган вақти: 14/12/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2408
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/salovot-aytishning-fazilati-haqida-on-hadis
Чоп этилган вақт: 23/06/2021 11:16
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг