“Саҳиҳул Бухорий” асари ислом динида муҳим манба
Ислом дунёсида “Ҳадис илмининг султони” дея шуҳрат топган Имом Бухорий бобомизнинг ҳаёти ва илмий мероси бугунги кунда китобхонлар томонидан катта қизиқиш билан мутолаа қилиниб, тадқиқотчилар томонидан илмий изланишлар олиб борилмоқда.
Бу зотнинг тўлиқ исмлари Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ибн Исмоил ал-Бухорий бўлиб, ислом оламининг йирик мутафаккири - буюк муҳаддис, муҳаддислар султонидирлар. У зот Бухорода (810м./194ҳ. йилда) туғилиб, Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғида (870-256 ҳ. йилда) вафот этганлар.
Болалик чоғлариданоқ Бухородаги етук алломалардан дарс олиб, ҳадис илмида кучли хотира ва ўткир зеҳн соҳиби бўлиб вояга етди. Бухорий дастлаб ўз юртидаги устоз ва машойихлардан ҳадис эшитиб сўнгра, Имом Бухорий ўн олти ёшида онаси ва акаси Аҳмад ҳамроҳлигида Макка шаҳрига ҳаж қилгани бориб, ўша ерда қолди ва ҳадис илмини ўрганишда давом этди. У ердаги забардаст уламолардан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларини ёзиб олиб, ўша даврдаги Ислом оламида машҳур бўлган илмий марказларга сафар қилди, илм талабида қишлоқ ва шаҳарларни кезди, ҳадис илмидаги баҳс-мунозаларда иштирок этди. Натижада, Имом Бухорий ҳадис илмида камолотга эришиб, ўзи ёд олган 600 мингга яқин ҳадисларни саҳиҳ ва ғайри саҳиҳларига ажратди.
Биз Бухорий авлодларимиз, у зот туғилган ва яшаб ижод қилиб ўтган замин фарзандларимиз. Бухорий ҳазратлари қолдирган мерос фахримиздир. У зот ёзиб қолдирган меросни ўрганиб, уни ҳаётга татбиқ қилиш билан эъзозлаш ва асраб авайлашга ҳаракат қилмоғимиз лозим.
Имом Бухорий келажак авлодлар учун қолдир илмий меросининг бизга маълум бўлгани, йигирма тўртга яқин бўлиб, улар: “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”, “Ал-адаб ал-муфрад”, “Ат-таърих ас-сағийр”, “Ат-таърих ал-авсот”, “Ат-таърих ал-кабир”, “Китоб ал-илал”, “Бирр ул-волидайн”, “Асоми ус-саҳоба” ва “Китоб ал-куна” каби асарлардир. Улардан бир нечасигина бизгача етиб келган бўлиб, баъзилари жаҳоннинг турли мамлакатлари кутубхоналарида сақланмоқда. Ислом тарихида ўчмас из қолдирган буюк муҳаддиснинг асарлари ҳозирги кунга қадар ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Буюк муҳаддиснинг асарлари ичида энг машҳур асари, шубҳасиз, “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”дир. Бу асар Ислом оламида “Саҳиҳ Бухорий” номи билан ҳам машҳур.
Юртбошимиз таъбирлари билан айтсак, “Буюк ватандошимиз башариятга тенгсиз маънавий мерос қолдириб кетди. Бу мероснинг гултожи - энг ишончли ҳадислар тўплами – “ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” Ислом динида Қуръони каримдан кейин эъзозланадиган иккинчи манбадир. Бутун дунё мусулмонларининг иттифоқига кўра, у башарият томонидан битилган китобларнинг энг улуғидир”.
Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” (“Ишончи ҳадислар тўплами”) асари ҳақида сўз кетганда шуни айтиш мумкинки, мазкур манба Ислом дини таълимотида Қуръони каримдан кейин асосий манба сифатида фойдаланилади. Имом Бухорий яшаган даврдан олдин таълиф этилган ҳадис китобларида саҳиҳ ва ғайри саҳиҳ ҳадислар аралаш ҳолда берилган бўлиб, ўқувчи улардаги бирор ҳадисни тўғри ёки нотўғри эканлигини, ҳадис ривоят қилувчининг аҳволини текширмай ва аниқламай туриб, билолмасди. Бунинг учун ўқувчи ўша ҳадисга аниқлик киритиш мақсадида уламолардан сўрашга мажбур бўларди.
Мана шундай оғир даврда Имом Бухорий “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” китобини 16 йилда ёзиб тугатиб, унга 9082 дан ортиқ саҳиҳ ҳадисларни 3881 та бобларга ажратиб тартибли равишда жамлади.
Машҳур олим Шамсиддин Заҳабий “Тарихул‑ислом” китобида: “Бухорийнинг “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”и Аллоҳ таолонинг китобидан кейинги Исломнинг энг улуғ ва афзал китобидир. Ҳозирги кунда бу китоб одамлар учун энг олий санаддир”, деб ёзади.
Имом Бухорийнинг ҳадислар тўплами “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” мусулмонлар ахлоқ-одоби, ибодати, ижтимоий мезонларини белгиловчи манба ва умуминсоний қадриятлар намунасидир.
У кишининг “Саҳиҳул Бухорий” китоби дунё мусулмон уламолари томонидан якдиллик билан энг мўътабар ҳадис тўплами сифатида эътироф этилган. Бундай баҳога сазовор бўлган ҳадис тўпламлари уламолар орасида “кутуб тисъа” (тўққиз тўплам) деб юритилади. Ушби китоблар ичида энг мўътабар энг машҳури “Саҳиҳул Бухорий”дир.
Бошқа асарлар каби “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”га ҳам кўпдан-кўп шарҳлар битилган бўлиб, муҳим манба сифатида у қайта-қайта нашр ҳам қилинган.
Имом Бухорийнинг шоҳ асари “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”га бағишланиб, араб тилида жуда кўп шарҳлар ва ҳошиялар ёзилган, улар ҳажм ва аҳамияти жиҳатидан хилма-хилдир. Қатор манбаларда[1] келтирилишича, уларнинг сони юзга яқиндир.
Имом Бухорийнинг ижодий мероси ўзининг ҳажми, замонасининг диний ва ижтимоий фанларини тўла-тўкис қамраб олганлиги билан кишини ҳайратга солади.
Ўйлаб кўринг, ўз даврида ҳам ўзи ва ёзган асарлари етук олимлар тарафидан тан олинган инсоннинг қолдирган илмий мероси қандай баҳоланиши керак. Бу каби инсонларнинг илмий меросидан фахрланса арзийди.
Буюк муҳаддис бобомизнинг ҳурмати учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 29 апрелдаги қарори билан алломанинг мавжуд мақбараси ўрнида махсус ёдгорлик (мажмуаси) мажмуи борпо этилди. Бу ёдгорлик мажмуи аллома Имом Бухорий таваллудининг ҳижрий 1225 йллиги муносабати билан далатимиз биринчи президенти И.Каримов раҳбарлигида яратилган лойиҳа асосида барпо этилди. 2017 йилда давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёев томонидан Буюк муҳаддиснинг маънавий меросини ўрганиб кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва ҳадис илми олий мактабига асос солинди.
Имом Бухорий ҳазратлари ва у зотнинг қолдиган илмий мерослари нафақат ўзбек халқи, балки бутун мусулмон оламининг фахри-ифтихоридир. “Саҳиҳул Бухорий” даги ҳадислар мазмунан ҳар бир мўминнинг ишончини, эътиқодини мустаҳкамлайди ва шу билан бирга инсонни маънавий камолотга даъват этади. Шундай экан, ҳадислар комил инсонни шакллантиришда ва ундан ёшлар тарбиясида фойдаланишда муҳим манба бўлиб ҳисобланади.
[1] Масалан, Қасталонийнинг “Муқаддима”, Умар Ризо Каҳҳоланинг “Муъжаму-л-муаллифин” каби манбаларида
Барот АМОНОВ - Имом Бухорий Халқаро илмий тадқиқот маркази бўлими бошлиғи
Киритилган вақти: 15/11/2019 09:57; Кўрилганлиги: 1656
Чоп этилган вақт: 05/10/2024 12:31