САҲОБИЙЯНИНГ САБОТИ
Саҳобалар барча ҳолатларда йўлчи юлдузлардир. Улар фаришта бўлишмаган. Улар ҳам башар, гуноҳ қилишган. Биз каби гўшт ва сувдан иборат инсон бўлишган. Уларда ҳам нафс ва шайтон номли душмани бўлган.
Аммо улар орттирилган гуноҳни елкалаб, охиратга олиб бориш, Аллоҳ ҳузурида шарманда бўлишдан кўра, шу дунёнинг ўзида гуноҳиларидан халос бўлишни афзал кўришган. Қуйида бунга битта мисол келтирамиз. Буни ўз танангизда тасаввур қилиб кўрсангиз уларни қанчалик иймонга эга эканлигини оз бўлсада англайсиз деган умиддамиз.
Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Ғомидия аёл келиб “Эй Аллоҳнинг Расули! Мен зино қилдим. Мени покланг” деди. Уни қайтариб юбордилар. Эртаси кун бўлганида у яна келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули! Мени нимага қайтаряпсиз? Сиз мени Моъизни қайтарганингиз каби қайтармоқчимисиз. Аллоҳга қасам, албатта мен ҳомиладорман” деди. “Аммо, йўқ. Тоинки туққунингча (келма)” дедилар. Вақтики туққач, гўдакни бир матога ўраб келдида: “Туғдим» деди. У зот: “Борда сутдан чиқаргунингча эмиз” дедилар. Вақтики сутдан чиқаргач, гўдакни олиб келди. Қўлида бир бўлак нон бор эди: “Эй Аллоҳнинг Набийси! Сутдан чиқардим. Батаҳқиқ у таом еди” деди. У зот гўдакни мусулмонлардан бир кишига бердилар ва буюрдилар, аёлни кўкрагигача кўмилди. Инсонларга амр этдилар, уни тошбўрон қилишди. Холид ибн Валид бир тошга юзланди ва аёлни бошига отди. Қон Холиднинг юзига сачради бас, уни (аёлни) сўкди. Бу сўкиши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб келганди: “Секин Эй Холид! Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, батаҳқиқ у шундай бир тавба қилдики, агар солиқ соҳиби шу каби тавба қилса албатта кечириларди” дедилар. Сўнгра буюрдилар, унга жаноза ўқилди ва дафн қилинди. (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Муслим).
Ҳа азизлар, бировларнинг айбини беҳуда равишда, ғийбат тариқасида гапириш ўзининг бошига кулфат келтиради. Тавба қилиб, хатосини яшириб юрган одамларни айбламаслик лозим. Аммо тавба қилмай, ошкора тарзда гуноҳ қилиб юрганларни танқид қилиш ва уларни бу йўлдан қайтариш мўминнинг биродари зиммасидаги ҳақларидандир.
Жаҳонгирхон Баҳодирхон ўғли - ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати ходими
Киритилган вақти: 04/11/2019 15:58; Кўрилганлиги: 2890
Чоп этилган вақт: 12/10/2024 14:09