Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Саҳобалар ҳаёти

МУСЪАБ ИБН УМАЙР Исломнинг аввалги элчиси (давоми)

 
 

Ҳеч қанча ўтмай, Мусъаб имон калимасини айтиб, Ислом динини қабул қилди. Мусъаб ёш бўлса-да, улуғ ҳикмат ва юксак қатъият соҳиби эди. Онаси Хунос бинти Молик Ислом динига қаттиқ қарши турарди. Шунинг учун Мусъаб имон келтирган пайтида ер юзида унга онасидан хавфлироқ кимса йўқ эди. Бутун Макка мушриклари, бут-санамлари ва саҳролари Мусъабга қарши кучга айланганда ҳам, онасининг хусуматичалик қўрқинчли эмасди.

Мусъаб ўйлаб-ўйлаб, Аллоҳ таоло бир йўл кўрсатмагунча, онасидан имконини яширишга қарор қилди. Шундай қилиб, Мусъаб Арқамнинг ҳовлисига бориб, Пайғамбар суҳбатларидан баҳраманд бўлишда давом этди. У имонини сир сақлаб, онаси ғазабидан йироқда юрганидан жуда мамнун эди. Аммо хурсандлик давом этмади. Чунки Маккада бирор иш махфий бўлиб қолиши мумкин эмасди: қурайшнинг айғоқчи ва жосуслари ҳар томонда изғиб юрар ва янги динни қабул қилганларнинг ҳар бир қадамини зимдан кузатар эди.

Шу айғоқчилардан бири Усмон ибн Талҳа махфий равишда Арқамнинг ҳовлисига кириб, бир-икки марта Мусъабнинг у ерда мусулмонлар билан бирга намоз ўқиётганини кўргач, зудлик билан Хунос бинти Моликка хабар етказди. Буни эшитган Мусъабнинг онаси қаттиқ ғазабланиб, ўғлини ўз ҳузурига чорлади. Мусъаб ибн Умайр етиб келганда, онаси, қариндошлари ва бир қанча Макка зодагонлари дарҳол уни ўраб олишди. У эса хотиржамлик билан Расули Акрам ўргатган, қалбини поклаб, ҳикмат ва шараф, адолат ва тақвога тўлдирган Қуръони карим оятларини тиловат қила бошлади.

Онаси ўғлини сўздан тўхташи учун юзига тарсаки туширди. Аммо қалбида имон жўш уриб турган Мусъаб тўхтай демасди. Шундан кейин онаси Мусъабга бошқача жазо тайин қилди: уни ҳовлининг бир бурчагига боғлаб, уйдан чиқармай қўйди. Лекин бу ишлар Ибн Умайрнинг имонига заррача таъсир қилмади. Айни шу кунларда баъзи мусулмонлар Расулуллоҳнинг кўрсатмаларига биноан Ҳабашистонга кетаётган эди. Буни эшитган Мусъаб ҳам онаси ва қўриқчиларини ғафлатда қолдириб, имонини сақлаш учун мусулмонлари билан бирга Ҳабашистонга ҳижрат қилиб кетди. У ерда бироз яшаганидан кейин Маккага яна қайтиб келди.  

 Давоми бор.

  З.Эшонқулов – ЎМИ Самарқанд вилояти вакили

“Пайғамбар атрофидаги кишилар” китобидан.


Киритилган вақти: 20/09/2019 18:01;   Кўрилганлиги: 1337
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/sahaba/musab-ibn-umayr-islomning-avvalgi-elchisi-davomi
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 16:55
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг