Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Саҳобалар ҳаёти

МУСЪАБ ИБН УМАЙР Исломнинг аввалги элчиси (6-қисм)

 
 

Кунлар ортидан ҳафталар, ойлар ортидан йиллар ўтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва узотнинг саҳобалари Мадинага ҳижрат қилдилар. Қурайш мушрикларининг мусулмонларга нисбатан адовати эса янада кучайди. Улар мусулмонларни тийиб қўйиш учун бўлажак жангга ҳозирлик кўра бошлашди. Натижада Бадр ғазоти бўлиб ўтди. Мушриклар бу жангда мағлуб бўлганлари туфайли қасос ва ўч олиш учун Уҳуд тоғига тўпланишди. Мусулмонлар ҳам ҳозирлик кўра бошлашди. Бу жангдан олдин Расулуллоҳ мусулмонларнинг сафлари орасидан байроқдор бўлишга муносиб кишини изладилар ва “Мусъабул хайр”ни ёнларига чақириб, туғни унга тутқаздилар.

Жанг бошланди. Уруш қизиган паллада мушриклар мағлуб бўлиб, орқага чекина бошлади. Тоғнинг тепасида кутиб туришга ва жойидан жилмасликка буюрилган камончилар гуруҳи жанг майдонидаги ўлжа илинжида буйруққа хилоф равишда ўз жойларини тарк қилдилар. Афсуски, ана шу шошилинч ҳаркатни деб мусулмонларнинг ғалабаси мағлубиятга айланди. Чунки тоғ ортида пистирмада турган душман отлиқлари қўққисидан ҳужумга ўтди. Мусулмонлар қуршовда қолди. Сафлари тўзғиётганини кўрган саҳобалар Расулуллоҳнинг атрофларига тўплана бошлади.

Шу пайт Мусъаб у зотга катта хатар етиши мумкинлигини ўйлаб, байроқни баланд кўтарган ҳолда ҳилпиратиб, қаттиқ овозда такбир айтиш билан душман эътиборини ўзига тортмоқчи бўлди. Унинг мақсади душман эътиборини ўзига тортиб, бу билан Расулуллоҳнинг муборак жонларини сақлаб қолиш эди. Мусъаб якка ўзи худди катта бир қўшиндек жанг қила бошлади. Бир қўли билан байроқни тутиб, иккинчи қўлида қилич ўйнатиб, душманни саваларди. Лекин душман ҳаддан зиёд кўп эди. Улар Мусъабни бир четга суриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турган томонга ташланишга интиларди.

Келинг, бу воқеаларнинг гувоҳи бўлган зотга мурожаат этайлик, бизга улуғ инсон Мусъаб ибн Умайр ҳаётининг сўнгги лаҳзаларини ҳикоя қилиб берсин. Ибн Саъд шундай деди: “Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Шураҳбил Абдарий отасидан ҳикоя қилади: “Уҳуд куни Мусъаб ибн Умайр байроқни қўлга олди. Мусулмонлар тарқалиб кетганда ҳам, Мусъаб сабот билан ўз жойидан жилмади. Мушрик отлиқлардан бири Ибн Қомиййа унга ташланиб, қиличи билан ўнг қўлини узиб туширди. Мусъаб эса: “Ва маа Муҳаммадун иллаа Росулун қод холат мин қобилиҳир русул”, деб байроқни чап қўлига олди. Яна бояги мушрик унга бир ҳамла қилиб, чап қўлини ҳам кесиб ташлади. Икки қўлининг тирсагидан тепа қисмигина қолган Мусъаб кесик қўллари билан байроқни кўкси билан сиқиб: “Ва маа Муҳаммадун иллаа Росулун қод холат мин қобилиҳир русул”, дея байроқни кўтаришда давом этди. Ҳалиги мушрик Мусъабга учинчи марта ташланиб, кўксига найза санчди. Мусъаб байроқ билан бирга йиқилди.

    

    Давоми бор.

 

З.Эшонқулов – ЎМИ Самарқанд вилояти вакили

“Пайғамбар атрофидаги кишилар” китобидан.


Киритилган вақти: 26/09/2019 16:37;   Кўрилганлиги: 1857
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/sahaba/musab-ibn-umayr-islomning-avvalgi-elchisi-6-qism
Чоп этилган вақт: 07/12/2024 22:01
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг