МУСЪАБ ИБН УМАЙР Исломнинг аввалги элчиси (5-қисм)
Мусъаб Мадина аҳли қалбини зуҳди, тақвоси, ихлоси ва муҳаббати билан ўзига ром этди. Улар Аллоҳнинг динига гуруҳ-гуруҳ бўлиб кира бошлади. Пайғамбар Мусъабни Мадинага юбораётган пайтда, у ердаги мусулмонлар бор йўғи ўн икки киши эди, холос. Лекин орадан бир неча ой ҳам ўтмай, уларнинг сони кескин кўпайди. Келаси йил ҳаж мавсумида Мадинадан етмиш кишидан иборат мусулмонлар гуруҳи Расулуллоҳга байъат бериш учун Мусъаб ибн Умайр бошчилигида Маккага етиб келди. Расули Акрам ўз фаросати, мардлиги ва ақл-заковати билан танилган Мусъабни танлаб, тўғри йўл тутганларини исбот этди. У вазифани чуқур англар, ўзини Аллоҳнинг динига чақирувчи, инсонларни ҳидоят ва турли йўлга чорловчи, худди Пайғамбар каби фақат етказувчи эканини яхши билар эди.
Бир куни Асад ибн Зурора хонадонидаги зиёфатда Мусъабни юксак заковат эгаси экани яққол кўринди. У мажлисда юмшоқлик билан Аллоҳнинг оятларини тушунтирар эди. Бирдан Мадинадаги Бану Абдул Ашхал қабиласининг саййиди Усайд ибн Ҳузайр найзасини яланғочлаб, ғазаб ва нафрат ила Мусъаб томон кела бошлади. Усайднинг фикрича, Мусъаб унинг қавимини ота-боболари динидан қайтариб, яъни “олиҳа” ларни тарк этишга чақириб, илгари ҳеч ким кўрмаган ва билмаган Аллоҳга даъват этаяпди. Уларнинг “олиҳа”лари эса, ҳар доим бирга, ёнма-ён, бордию бирорталари муҳтожлик сезса, “олиҳа”ларини олдига бориб, хоҳлаган дуоларини қилишлари мумкин. Аммо Муҳаммаднинг илоҳини, мана бу элчининг айтишига қараганда, ҳеч ким кўришга қодир эмасмиш! Усайднинг важоҳатини кўрган мусулмонлар қаттиқ ваҳимага тушишди. Лекин муаллим хотиржам ўтирар эди. Усайд ғазабнок ҳолатда: Мусъаб билан Асад ибн Зурорага хитоб қилди:
- Сизларни бизнинг маҳалламизга ким чақирди? Заифларимизни мазах қилаяпсизлар. Агар ҳаётдан умидларингиз бўлса, бу маҳаллани дарҳол тарк қилинглар.
Мусъаб ўз хотиржамлигини бузмай деди:
- Биз билан биро оз ўтириб сўзимизни эшитмайсанми? Агар сўзимизга рози бўлсанг, уни қабул қиласан. Агар рози бўлмасанг, сенинг маҳаллангни тарк қиламиз.
Усайд инсофли ва ақлли киши эди. Ўзича фикрлаб, Мусъабнинг сўзи ҳақ эканини тушунди. Тўғри-да, Мусъаб уни бироз эшитишга чорлаяпди, бошқа нарсага эмас. Агар қаноат ҳосил қилмаса, Мусъаб унинг маҳалласини тарк қилади.
Усайд:
- Ҳақ сўзни айтдинг, - деди. Сўнг найзасини ерга санчиб, уни эшитиш учун ўтирди. Мусъаб унга озгина Қуръон тиловат қилиб, Муҳаммад келтирган даъватни шарҳлаши билан Усайднинг кўзлари чарақлаб кетди. Мусъаб ҳали сўзини тугатмасдан, Усайд ибн Ҳузайр унга ва у билан ўтирганларга:
- Қандай гўзал ва ҳақ сўзлар! Бу динга кирмоқчи бўлган киши нима қилиши керак? – деб қичқириб юборди.
- Кийими ва баданини поклаб, сўнгра Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Унинг элчиси эканига гувоҳлик бериши керак, - деди Мусъаб.
Усайд бир фурсат кўздан ғойиб бўлгандан кейин сочларидан сув томчилаб турган ҳолда қайтиб келди. Шу заҳоти Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигиа ва Муҳаммад Унинг элчиси эканига гувоҳлик бериб, Ислом динини қабул қилди. Бу хабар гўё нурдек бир пасда ҳар тарафга тарқалиб кетди. Сўнгра Саъд ибн Муоз келиб, Мусъабнинг сўзини бир оз эшитгач, қаноат ҳосил қилди ва имон келтирди. Саъд ибн Убода ҳам унга эргашиб, шаҳодат калимасини айтди. Бу уч саййиднинг имонга келиши Мадинада оламшумул воқеага айланди. Бу уч улуғ кишининг Ислом динини қабул қилганларини эшитган Мадина аҳли бир-бирига юзланиб:
Агар Усайд ибн Ҳузайр, Саъд ибн Муоз ва Саъд ибн Убода каби улуғларимиз имон келтирган бўлса, биз нима учун улардан ортда қолишимиз керак? Юринглар, Мусъабнинг ҳузурига, имон келтирайлик! – дейишди.
Шундай қилиб, Расулуллоҳнинг энг биринчи элчиси мисли кўрилмаган ютуқ ва муваффақиятга эришди. Бутун Мадина аҳли имон келтириб, Ислом динини қабул қила бошлади. Албатта, Мусъаб бундай ютуққа ҳақли эди.
Давоми бор.
З.Эшонқулов – ЎМИ Самарқанд вилояти вакили
“Пайғамбар атрофидаги кишилар” китобидан.
Киритилган вақти: 24/09/2019 17:56; Кўрилганлиги: 1832
Чоп этилган вақт: 05/10/2024 10:52