Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Саҳобалар ҳаёти

МУСЪАБ ИБН УМАЙР Исломнинг аввалги элчиси

 
 

Тарихчилар таърифича, Мусъаб ибн Умайр Маккада қурайшлик йигитлар сараси бўлиб, у энг асл ва хушбўй атрлардан фойдаланган. У бадавлат хонадонда дунёга келгани сабабли тўқчилик, фаровонлик ва мўл-кўл неъматлар ичида ўсиб улғайди. Макка ёшлари орасида ота-онаси тарафидан энг кўп эркаланган бола ҳам Мусъаб бўлса ажаб эмас. Ниҳоятда ёқимтой ва чиройли йигит бўлгани учун Макка аҳли суҳбат ва гурунгларда уни мақтаб тилга олишарди.

Мана шундай ҳурмат-эътибор остида ҳеч камлик кўрмай улғайган йигит улардан воз кечиб, кейинчалик юксак иймон соҳибига айланди, мусулмонлар орасида “Мусъабул хойр” яъни, яхши Мусъаб деган ном қозонди. У Муҳаммад алайҳиссалом тарбияларини олган улуғ зотларнинг бири эди. Чунки, бу саҳобийнинг ҳаёти барча инсонлар учун юксак намуна ва ибрат мактаби бўлди.

Маккада Муҳаммад Амин ҳақида гап-сўзлар бўлаётганидан Мусъаб ибн Умайрнинг ҳам хабари бор эди, албатта. Муҳаммадни Аллоҳ таоло мўминларга башорат берувчи, кофирларни огоҳлантирувчи ва яккаю ёлғиз Аллоҳнинг ибодатига даъват этувчи Пайғамбар қилиб юборгани тўғрисидаги гап-сўз ўша пайтларда эртаю кеч бутун Макка аҳлининг тилидан тушмасди. Мусъаб ибн Умайр эса шундай суҳбатларни кўп эшитиб, айнан гувоҳи бўларди ва бу каби суҳбатларда доим иштирок этишга ҳаракат қиларди. Ўта талабчан ва ақли теранлиги Мусъаб қалбига иймон эшигини очди. Расуллоҳ ва саҳобалари қурайш мушрикларининг азият ва озорларидан узоқ бўлиши учун Сафо тоғининг тепасидаги Арқам ибн Абу Арқам ҳовлисида тўпланишарди. Буни эшитган Мусъаб бир зум ҳам иккиланиб ўтирмай дарҳол ўша томон йўл олди. Унинг қалбида завқи ошиб тошган эди.

Бу ҳовлида Пайғамбаримиз саҳобаларига диндан таълим берар, Қуръон оятларидан тиловат қилар ва улар билан бирга Улуғ Аллоҳга ибодат қилар, намоз ўқир эдилар. Мусъаб ҳали ўтиришга ҳам улгурмай туриб, Расулуллоҳ қироат этаётган илоҳий оятларнинг қалблардан ўрин олаётганига гувоҳ бўлди. Чунки бу оятларни эшитган Мусъабнинг қалбини қаттиқ ҳаяжон тутди. У бениҳоя хурсандлигидан қалби жўшиб, қуш каби учиб кетгудек эди. Пайғамбар бу алангали қалбни жойидан қўзғалиб кетмаслиги учун  муборак қўлларини унинг кўкрагига қўйдилар.

Давоми бор.

 

 З.Эшонқулов – ЎМИ Самарқанд вилояти вакили

Пайғамбар атрофидаги кишилар” китобидан.


Киритилган вақти: 19/09/2019 16:17;   Кўрилганлиги: 1305
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/sahaba/musab-ibn-umayr-islomning-avvalgi-elchisi
Чоп этилган вақт: 26/04/2024 01:50
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг