Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз тўлиқ берилур

 
 

Тақдир иши юзага чиққан пайтда Алллоҳ азза ва жаллага эьтироз қилиш кишининг динини ўлдиради, тавҳид, ихлос ва таваккулни барбод этади. Қалб ва нафс бир-бири билан баҳс қилгувчи ва мухолиф бўлгувчидур. Ким қалбни ислоҳ қилмоқни ирода этса, уни ёмонликдан сақлашга тиришсин. Нафснинг ёмонлиги бошқа ёмонликлардан ашаддийроқдир. Унинг устида жидду жаҳд қилинса, нафс хотиржам бўлиб, яхшилик ичида қолади. Натижада ибодатларга рағбатли ва гуноҳларни тарк қилишга мойил бўлади.

Аллоҳ таоло нафс ҳақида:

"Эй (Аллоҳнинг зикри билан) хотиржам сокин нафс. Сен (Аллоҳ ато этган неъматлардан) рози бўлган (ва Аллоҳ таоло томонидан сенинг амалларингдан) рози бўлинган ҳолда Парвардигоринг (ҳузури)га қайт! Бас, (солиҳ) бандаларим қаторга кир" (Фажр, 27-29), дейди.

Эҳтиросини жиловлаган қалбдан ёмонликлар кетади. Иброҳим алайҳиссалом мушриклар қўлида танг аҳволга тушиб қолган эдилар. Улар Иброҳим алайҳиссаломни оловга ташламоқчи бўлиб турганларида фаришталар келиб, у кишига ёрдам беришни таклиф қилишганида у зот: "Сизлардан бирор кўмак истамайман. Роббимнинг ҳолимни билиб туриши ёрдам сўрамоқдан мени беҳожат қилди",- дедилар. Оловга қарата: "Эй олов, сен Иброҳимга салқин ва саломатлик бўл!" (Анбиё, 69) - дейилди. Аллоҳ таолонинг сабр қилувчиларга дунёда бериладиган ёрдами ва охиратдаги неьмати ҳисобсиздир.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:  

"Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз тўлиқ берилур" (Зумар,10).

   Аллоҳ учун бир соат сабр қилсангиз, Унинг лутф ва неьматларига йиллар мобойнида гувоҳ бўласиз.

"Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар биландир" (Бақара, 153).

"... Ва Сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар биландир "(Анфол,46).

Аллоҳнинг нусрати ва ёрдами ила сабр қилинг. У учун бедор бўлинг, ғафлатда қолманг. Огоҳликни ўлимдан кейинга ташлаб қўйманг, чунки у вақтдаги огоҳлик сизга фойда бермайди. У зотга йўлиқишдан олдин Унга аҳамият қаратинг. Надомат фойда бермайдиган вақтдаги пушаймонликдан олдин огоҳ бўлинг. Қалбларингизни ислоҳ қилинг ,чунки қалб тўғри бўлса, қолган барча ҳолатлар тўғри бўлади. Шунинг учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом: "Одам боласида бир парча гўшт бор. Агар у тўғри бҳлса, жасаднинг қолган аьзолари ҳам тўғри бўлади. Агар у бузилса, бутун жасад бузилади. Огоҳ бўлинг, у қалбдир",- деганлар ( Имом Бухорий ривояти).

Қалбнинг ислоҳи тақво, Аллоҳга таваккулдир, Аллоҳни бир деб билиш - амалларни ихлос била надо этиш орқали бўлади. Акс ҳолда қалб бузилади. Эй биродарлар! Солиҳ бандалар Аллоҳ учун қандай эътиқод ва амалда бўлган бўлсалар, сиз ҳам шундай бўлишга ҳарат қилинг. Шунда Аллоҳ ҳам сизларга уларга муомала қилганидек муомала қилади. Агар Аллоҳ азза ва жалланинг сиз томонда бўлишини хоҳласангиз, тоат ва сабр билан машғул бўлинг. Унинг сизга ва бошқаларга нисбаттан қилган ишларига рози бўлинг.

Эй Аллоҳим, аьзоларимизни ибодатинг, қалбларимизни маьрифатинг билан машғул қилгин. Бутун ҳаётимиз давомида кеча ва кундузларимизни Ўзинга ибодатда машғул айла. Ўтмишдаги солиҳ зотларга бизларни эргаштир. Уларни ризқлантирган неьматларинг билан бизларни ҳам ризқлантир, уларга омонлик берганикдек бизга ҳам омонлик, хотржамлик бер. Бутун дунё халқлари қаторида, жонажон Ўзбекистон фуқроларини ҳам Аллоҳим Ўзинг ўз паноҳинда асра, беморларга шифо бер, Юртбошимиз бошчилик барча халқим деб, кечаю-кундуз  беминнат хизматга бел боғлаган раҳбарларимиз, шифокор ва тадбиркорлар, барча фидойи инсонларга Ўзинг мададкор бўл.

     Тўлқин Исаев – Ургут туман «Ғавсул Аьзам» жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 08/04/2020 10:59;   Кўрилганлиги: 1053
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/sabr-qilguvchilarga-ajrlari-hisobsiz-toliq-berilur
Чоп этилган вақт: 09/02/2025 00:56
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг