Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Расулуллоҳнинг узоқ масофада бўлаётган воқеалар ҳақида хабар беришлари

 
 

عن أنس قال: نعى النبي صلى الله عليه و سلم زيدا و جعفرا و ابن رواحة للناس قبل أن يأتيهم خبرهم، فقال: "أخذ الراية زيد فأصيب، ثم أخذ جعفر فأصيب، ثم أخذ ابن رواحة فأصيب - و عيناه تذرفان - حتى أخذ الراية سيف من سيوف الله - يعني خالد بن الوليد - حتى فتح الله عليهم". رواه البخاري.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга Зайд, Жаъфар ва Ибн Равоҳаларнинг вафот этганликларини ҳали уларни вафот этганлари хабари келмасдан туриб айтиб бердилар. Ваҳоланки, улар (ушбу саҳобийлар) Муъта [1] деб номланадиган ерда эдилар. У зот шундай дедилар: “Байроқни Зайд олди ва шаҳид қилинди. Сўнгра Жаъфар олди ва шаҳид қилинди. Сўнгра Ибн Равоҳа олди ва шаҳид қилинди”. Набий алайҳиссаломнинг кўзлари тинмай ёш тўкарди. (Кейин у зот алайҳиссалом) “Энди байроқни Аллоҳнинг қиличларидан бири олди – яъни Холид ибн Валид – ҳатто Аллоҳ уларга фатҳ берди”, дедилар” (Бухорий ривояти).

Бу ҳадиси шарифни ўқиш асносида ўзимиз учун кўп хулосалар олишимиз лозим. Зеро, Ислом дини бизга етиб келгунга қадар осон йўлни босиб ўтмаган. Бу дин бизга етиб келиши учун қанча-қанча муборак жонлар фидо бўлган. Қанча-қанча “Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар”, [2] дея эътироф этилган зотларнинг қонлари тўкилди. Энди биз ўзимизга-ўзимиз инсоф билан айтайликчи, биз бу улуғ зотларга қанчалик муносиб бўла олмоқдамиз? Қанчалик даражада уларнинг ҳаётларини ўқиб ўрганмоқдамиз, ундан ибрат чиқармоқдамиз? Биз қачонгача тайини йўқ, бизга ўрнак бўлишга, бошқачароқ айтганда “кумир” бўлишга муносиб бўлмаган инсонларга ўхшашга ҳаракат қиламиз? Биз қачон ўзимизга оламларнинг Робби бўлмиш Аллоҳ таоло “Сизлар учун Аллоҳнинг расулида гўзал ўрнак бордир”, [3] деб эътироф этган Ҳабибимизга ва у зотга ҳар бир ҳаракату саканотда ўхшашга уринган, ўз суюклилари улардан рози бўлган зотларга ўхшашга ҳаракат қиламиз?!

[1] Шомдаги бир қишлоқ. Бу воқеа (ҳижрий) 8-санада бўлган. Мусулмонлар уч минг киши, Ҳирақл бошчилигидаги Рум эса юз минг киши бўлган/ Мулла Али Қорий. Мирқотул мафотиҳ шарҳу мишкотил масобиҳ. -Байрут: “ДКи”, 2015. -Б 24.

[2] Тавба сураси, 100-оят.

[3] Аҳзоб сураси, 21-оят.


Киритилган вақти: 15/11/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 1752
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/rasulullohning-uzoq-masofada-bolayotgan-voqealar-haqida-xabar-berishlari
Чоп этилган вақт: 07/12/2024 21:57
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг