Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муфтий этиб тайинлаган зот

 
 

У кишининг тўлиқ исмлари Муоз ибн Жабал ибн Амр ибн Авс Хазражий Ансорийдир. Бу зот улуғ саҳобалардан бўлиб, 18 ёшида Исломни қабул қиладилар. Ҳазраж қавимининг бошлиғи Исломни қабул қилгач, қавми ҳам исломни қабул қилади. 70 киши иккинчи Ақаба байъатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат бериш учун келади. Булар орасида Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар. У киши 33 ёшларида, бошқа бир ривоятда эса 38 ёшларида вафот этадилар.

У киши ҳаётлари давомида:

· Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг у киши ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуларни дўст қилиб қўдилар;

· Муоз розияллоҳу анҳу барча ғазотларда иштирок этганлар;

· Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратнинг 9-йили Табук ғазотидан кейин у кишини Яманга қози ва муфтий қилиб юборганлар;

· 28 ёшлик пайтларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганлар;

· Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Кимки Лаа илааҳа иллаллоҳ калимасини қалбдан айтса Жаннатга киради” ҳадисларини вафот чоғлари илмни яширишни гуноҳ санаб ривоят қилганлар.

У кишининг жисмий ва хулқий сифатлари:

У киши чиройли юзли, ранглари оқ, узундан келган, сочлари чиройли ва кўзлари катта эди. Гапирсалар оғзиларидан нур чиқар ва тишлари ярқирар эди. У зот розияллоҳу анҳу дунёда зоҳид, тавозели, тақволи, парҳезкор, омонатли, молини яхшиликка сарфлайдиган сахий, очиқкўнгил, ҳалим, Қуръон ва фиқҳни билувчи ва илмни севиб таълим берувчи эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини жуда яхши кўрар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ростгўй эканликларига гувоҳлик берган кишилардан эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг Муоз розияллоҳу анҳу у зотни доим лозим тутдилар, ҳатто Аллоҳ таолонинг шариати борасида катта олимга айландилар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Умматим ичида умматимга энг раҳмлиси Абу Бакр, Аллоҳнинг дини борасида қатъиятлиги Умар, ҳаё жиҳатидан энг ростгўйи Усмон, ҳукм чиқарувчиси Али ибн Абу Толиб, қориси Убай ибн Каъб, ҳалол ва ҳаромни билувчироғи Муоз ибн Жабал, фарзга энг эътиборлиси Зайд ибн Собитдир. Огоҳ бўлинки, ҳар бир умматнинг ишончли кишиси бор. Бу умматнинг ишончли кишиси Абу Убайда ибн ал-Жарроҳдир”.

У кишининг фазли:

· Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ҳадис ривоят қилганлар;

· Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида фатво берадиган кишилардан эдилар;

· Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримни улардан таълим олишга васият қилган тўрт кишининг бирларидир. Улар: Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солим, Убай ибн Каъб ва Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳумдирлар.

· Умар розияллоҳу анҳу у кишидан фатво сўрар ва ишларида маслаҳат олар эдилар. Шу боис у киши ҳақида шундай деганлар: “Агар Муоз бўлмаганида Умар ҳалок бўларди!”.

Аллоҳ таоло барча саҳобалардан рози бўлсин!


Киритилган вақти: 19/11/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 1771
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/rasululloh-sollallohu-alayhi-vasallam-muftiy-etib-tayinlagan-zot
Чоп этилган вақт: 15/12/2024 04:12
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг