Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа дин вакилларига бўлган муносабатлари

 
 

Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат қилиб юборди. У зот инсоният олами, ҳайвонот олами, фаришталар олами, жинлар олами, наботот олами ваҳоказо барчасига раҳмат ўлароқ юборилганлар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўта ҳалим ва меҳрибон эдилар. Бу сифатлари Қуръони масжидда: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар”, (Оли Имрон. 159) дея эътироф этилган. У зотнинг адолатлари, раҳм-шафқатлари бошқа дин вакилларига бўлган муносабатларида ҳам яққол намоён бўлар эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша ғайри динларга адолат билан муомала қилар, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этардилар.

Ислом тарихидан маълумки, Ҳайбар ғазотида мусулмонларга ўлжага тушган нарсалар ичида Тавротдан бир қанча саҳифалар ҳам бор эди. Яҳудийлар келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўша саҳифаларни қайтариб беришларини талаб қилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни яҳудийларга қайтариб беришга амр қилдилар. Шундай қилиб, яҳудийлар учун муқаддас ҳисобланган саҳифаларга заррача зиён етказилмай, ўзларига қайтарилди. Бу икки олам сарварининг адолатлари, бағрикенгликларига ёрқин далилидир. Ўзларига душман бўлиб турганига қарамай, бошқаларнинг қадриятларини эъзозлаш − улуғ иш. Афсуски, бу бағрикенгликни ҳамма ҳам қила олмайди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат аҳли китоблар, балки бошқа динлар, яъни, аҳли китоб бўлмаганлар билан ҳам адолат мезони асосда муомала қилганлар. Бу ҳақида Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Уларга аҳли китобга қилинган суннатни қилинглар. Фақат аёлларига уйланманг ва сўйишларини емаган ҳолда”, деганлар.
Демак, самовий бўлмаган, кишилар ўзларича эътиқод қилиб юрган дин вакиллари ҳам тўлиқ ҳақ-ҳуқуқларга эгадирлар. Ушбу маъноларни Ислом ўн тўрт аср илгари, дунёда биринчи бўлиб жорий қилган.

Раҳм-шафқат Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг фитратларига қўшиб яратилган хислатларидир. У зот: – «Одамларга раҳм қилмаганга Аллоҳ ҳам раҳм қилмайди», деганлар. Бу ҳадис маъноси ҳам умумий бўлиб, фақат мусулмонлар эмас, ҳар бир инсон, ҳар қандай одамга раҳм қилиш тушунилади.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига бир гуруҳ ансорийлар келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули! Сақиф қабиласи ҳидоятга кирмаяпти, уларни дуоибад қилинг» дейишганида у зот алайҳиссалом “Аллоҳумма, иҳди Сақифа” – “Аллоҳим, Сақифни ҳидоят қил”, дедилар. Ансорийлар яна “Эй Аллоҳнинг Расули! Уларни дуоибад қилинг” дейишди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна “Аллоҳим! Сақифни ҳидоят қилгин” дедилар. Учинчи маротаба сўрашганда ҳам шу дуони қилдилар. Мана, бағрикенгликнинг ёрқин намунаси. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бу муборак дуолари ижобат бўлиб, ана шу Сақиф қавмидан кейинчалик буюк зотлар, улуғ уламолар етишиб чиқди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ва маа арсалнаака иллаа роҳматал лил оламийн” (“Эй Муҳаммад алайҳиссалом! Биз сизни оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик”), дея марҳамат қилган. Ушбу раҳмат тақозоси билан Расул алайҳиссалом ўзгаларга фақат яхшилик тиладилар. Саҳобалар мушрикларни дуоибад қилишларини сўраб, у зотга мурожаат қилишганда “Мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Мен раҳмат қилиб юборилганман”» деганлар.

Tадқиқотчи Жоржия Ислом ҳукмрон бўлган даврдаги бошқа самовий дин асҳоблари ҳақида шундай ёзади: «Ҳижратнинг тўққизинчи йилига келиб, Ислом дини бутун араб жазирасини қамраб олган бўлса-да, Муҳаммад алайҳиссалом яҳудий ва насороларни ўз динига киришга мажбур қилмаганлар, чунки улар аҳли китоб эдилар. Муҳаммад алайҳиссалом ўзларининг Нажрон бош епископи Абулҳорисга ёзган мактубларида Ислом келгач, араб жазирасида насороларнинг аҳволи яхшиланганини айтиб, жумладан, шундай сўзларни айтганлар:

“Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм! Аллоҳнинг Расули Муҳаммаддан Нажроннинг бош епископи Абулҳорисга ва унинг барча руҳонийлари ва епископларига. Аммо баъд. Бош епископга, унинг руҳонийлари ва бошқа епископларга маълум бўлсинки, сизларнинг черковларингиз, ибодатхоналарингиз қандай бўлса, шундайлигича қолдирилади. Сизлар ўз ибодатларингизда ҳур ва эркинсиз. Биронтангиз ўз мансаби ва мақомидан четлаштирилмайди. Диний маросимларингизда ҳеч нарса ўзгартирилмагани каби, мазкурлардан ҳам ҳеч нарса ўзгартирилмайди. Модомики, епископлар аҳдга, яъни ўзларининг асл инжилларига содиқ қолсалар ва ундаги таълимотларга, яъни насроний динининг таълимотларига амал қилсалар, Аллоҳнинг ва Расулининг зиммасида, яъни ҳимоясида бўлади. Ким уларни бу нарсадан тўсса, у Аллоҳнинг ва Расулининг душмани бўлади.

Ислом тарихидан маълумки, тўққизинчи ҳижрий йил «амул вуфуд» («элчилар йили») деб номланган. Ўша йили бошқа дин вакилларидан, бошқа мамлакатлардан гуруҳ-гуруҳ бўлиб элчилар келишгани учун шундай номланган. Шундай элчилардан бири Нажронлик бош епископ Абулҳорис ўзи бошчилик қилаётган гуруҳ билан Мадинаи Мунавварага келади. Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига кирмоқчи бўлганларида улар ўзларининг расмий диний либосларини кийиб, у зотни масжиди набавийда зиёрат қилишган. Зиёрат қилиб бўлганларидан сўнг у зотдан ибодатларини адо этиш учун рухсат сўрашган. Набий алайҳиссалом уларга Мадина масжидида ибодат қилишлари учун шароит қилиб берганлар. Шундай қилиб, улар мусулмонларнинг масжидида Байтул Мақдисга йўналган ҳолда ибодатларини адо қилишган.

Тарих биз юқорида санаб ўтган Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг бағрикенгликлари, адолатлари ҳақидаги кўплаб воқеаларга гувоҳ бўлган. Буни мусулмон бўлмаган кўплаб инсофли тарихчилар, ёзувчилар ўз битикларини эътироф этиб ўтганлар. Қуйида донишмандларнинг У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳақиларида айтган фикрлари билан мақоламизни тугатишни мақсадга мувофиқ бўлади деб ўйлаймиз:

“Агар Муҳаммад пайғамбар тирик бўлганида, замонамиз муаммоларини бир пиёла чой устида ҳал қилган бўлар эди»” (Бернард Шоу – забардаст инглиз мутафаккири ва ёзувчиси).

“Мен дунё тарихини ўқиб, шундай хулосага келдим: “Дунё подшоҳлари тўплаган жами салтанату бойлик, қасрлару саройлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ямоқ яктакларига ҳам арзимас экан…” (Гёте, немис шоири.)

“Агар кишининг буюклиги унинг қилган ишларига, қозонган зафарларига, имконияти оз бўлса-да, кўп иш қилганига қараб баҳоланадиган бўлса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг буюгидир. Пайғамбар, нотиқ, даъватчи, қонуншунос, жангчи, қалбларнинг ҳимоячиси, ғоялар тарғиботчиси, имом, давлат арбоби, ер юзининг йигирма минтақасида исломиий салтанат қура олган… Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай Зот эди! Унга ҳеч қайси буюк инсон тенглаша олмайди! Наҳотки у ўлчовларга сиғса?!” (Ламартин, француз олими.)

“Олам Муҳаммаддек фикр юритадиган кишига нақадар муҳтождир. Бу Пайғамбар динини доим ҳурмат ва улуғлаш ўрнига қўйди. У барча мадианиятларни қамраганлигига кўра энг кучли дин бўлиб, абадийдир. Мен ўз қавмим фарзандларидан кўпларини шу динга аниқ ишонч билан кирганларини кўрдим. Ва бу дин тезда Европа қитъасида ўзининг кенг ўрнини эгаллайди. Дин кишилари ўрта асрларда жаҳолат ва таассуб сабабидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динини қораладилар. Дарҳақиқат, улар Муҳаммадни масиҳий динига душман, деб билардилар. Лекин мен бу кишининг ишлари билан танишиб, ғайриоддий ажойиботларни топдим ва у кишининг масиҳийликгка душман эмаслигини, балки башариятнинг қутқарувчиси, деб номланиши вожиблигини билдим. Менинг фикримча, агар бугунги кунда дунёни у киши бошқарганда эди, албатта, бизларнинг муаммоларимизни ҳал қилишликкага башарият орзу қилган тинчлик ва саодат билан эришган бўларди”.
(Жорж Бернард Шоу)

“У бир пайтнинг ўзида ҳам Папа, ҳам Цезар эди. Аммо Папа бўлиб, унда Папанинг иддаолари йўқ эди. Цезар бўлиб, унда Цезарнинг беҳисоб лашкари ҳам йўқ эди. Агар бирон бир шахс мунтазам қўшинсиз, тансоқчиларсиз, саройларсиз, давлат даромадисиз (солиқларсиз), мен Унинг изни-ихтиёри билан (нимани?) бошқардим, дея олса, унда у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Чунки унинг қўлида ҳеч қандай бошқарув воситаларисиз ва асосларисиз ҳокимият бор эди”. (Аннай Безант, ҳинд олими.)

“Аллоҳ таолонинг бирлиги ва борлигини Мусо алайҳиссалом миллатига, Исо алайҳиссалом умматига, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсониятга билдирди”.( Наполеон, Франция императори.)

“Башарият Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдек инсоннинг унга ўзига нисбат берилишидан фахрланади. Ўзининг Уммий (яъни ўқиш, ёзишни билмайдиган) бўлишига қарамай, ўн асрдан кўпроқ вақт илгари шариат (қонун чиқариш)ни олиб келишга имкон топди. Биз, Европа аҳли, агар унинг йўлидан юрсак, нақадар бахтли бўлар эдик! (Доктор Шабрик. Австрия.)

“Машҳур пайғамбарлар ва фотиҳлар орасида ҳаёти Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихидек энг кўп ва барча нуқталарда батафсил ўрганилган шахс йўқ”. ( Жон Девенпорт, инглиз олими.) “Бизлар очликдан қорнига тош боғлаган Пайғамбарнинг, тўймас, тўйишни билмайдиган умматларимиз. (Н.К.Қисакурек, турк олими.)


Киритилган вақти: 27/12/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2504
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/rasululloh-sallollohu-alayhi-vasallamning-boshqa-din--vakillariga-bolgan-munosabatlari-
Чоп этилган вақт: 25/06/2021 17:43
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг