Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

РАМАЗОН ЯҚИН

 
 

Биродарлар, рамазон ойи тобора яқинлашмокда. Шу муносабат билан ўз хулқимда баъзи ўзгаришларга  эришмоқчиман. Чунки, киши ислоҳни ўзидан бошламаса қолган баланд парвоз гаплар бекор. Хато қилсам тўғирлаб қўясиз деган умиддаман.

Биродарчилик одобида ким билан нуқсонга йўл қўйган бўлсам улардан  узр сўрайман. "Албатта мўминлар биродардирлар". (Ҳужурот, 10-оят).

Ким билан гап талашиб, урушиб қолган бўлсам ораларни ислоҳ қилишга чақираман. "Икки биродарингиз орасини ислоҳ қилинг" . (Ҳужурот -оят).

 Ким билан бир масалада  фикримиз жам бўлмай, бўлиниб қолган  бўлсак, кибрни четга отиб, бўлинишга чек қўйиш керак. "Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг"  . (Оли Имрон 103-оят),

 Мўминларга нисбатан янада  раҳмлироқ бўлишга қарор қилдим. "(Мўминлар) ўзаро  рахмлидирлар". (Фатҳ, 29-оят)

 Биродарларга нисбатан кечиримли, ҳалийм ва уларга истиғфор айтишни одат қиламан. "Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингизда атрофингиздан тарқаб кетган бўладилар, бас, уларни авф этинг, уларга истиғфор айтинг ва улар билан машварат қилинг". (Оли Имрон, 159-оят).

 Билган  ва билмаган дўстлар ҳаққига доимий дуо қилишни одат қилиш ва қалбда  ўрнашиб қолган ғашликни  кетказишимиз зарур – ҲАММАМИЗ.

"Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қил. Қалбимизда мўминларга нисбатан нафрат солмагин. Эй роббимиз албатта сен шафқатли ва меҳрибонсан" (Ҳашр, 10-оят).

 Агар ҳаммамиз  мана шундай  шакллансак, рамазонда  тақво сифатини ўзимизда ҳис қиламиз иншааллоҳ.

Ҳой ўзаро жанжаллашиб юрган ака-укалар, опа-сингиллар орангизни ислоҳ қилинг. Аллохдан қўрқинг. Пароканда бўлманг.

Кириб келаётган Рамазон ойи барча мўмин ва мўминаларга муборак булсин.

Жаҳонгирхон Аброров - ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот котиби


Киритилган вақти: 01/04/2020 17:35;   Кўрилганлиги: 1801
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/ramazon-yaqin
Чоп этилган вақт: 20/05/2025 02:53
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг