Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Рамазон сабр ва раҳмат ойидир

 
 

Аллоҳ таолога битмас туганмас ҳамдлар бўлсинки, соғинч ва иштиёқ билан кутилган ойларнинг султони эзгулик ва раҳмат ойи, кўп-кўп Қуръон тиловатлари ўқиладиган, инсонлар савобларини кўпроқ қиладиган, саховату дуо, таровеҳу Қуръон тиловотлар ойи бўлмиш муборак моҳи Рамазон ўзининг таровати, саховати ва баракоти билан кириб келди.

Мусулмонлар бу фазилатли ойни бир олам шодлигу қувонч билан кутиб олдилар. Кимдир бу ойни масжидларга чиқиб таровеҳ намозларида қатнашиб хатми Қуръонларга сомеъ бўлиб унинг савобидан умидвор бўлиш ниятида бўлса, яна кимдир бу ойда кўп хайрли ишларни амалга ошириш ниятида бўлмоқдалар. Кимлардир қалбидаги гиналардан фориғ бўлиб, ўзи учун покиза ҳаёт саҳифасини очиш ниятида бўлса, кимдир саховат ва силаи раҳмда бўлиш ниятида. Бу муборак ойда инсонлар Аллоҳ учун Рамазон рўзасини астойдил адо этадилар.

Аллоҳ таоло: “Рўза мен учун. Ўзим унинг мукофотини бераман, Банда таомини, ичимлигини ва шаҳватини мен учун тарк қилади”, деб марҳамат қилган.

Бу жумлада қудсий ҳадис ривоят қилинмоқда. Бошқа бир ривоятда Аллоҳ таоло: “Одам боласининг барча амали ўзи учун, фақат рўза мен учун ва уни мукофотини бераман”, деди”.

Рўзадор банда рўза кунларида сабру қаноатда бардавом бўлиб, Парвардигорининг амрига бўйсиниш учун барча неъматлар: таом ва ичимликларни истеъмол қилишдан ва ўз жуфти ҳалолига (аёли) яқинлик қилишдан шаҳватини тияди.

Рўзадан бошқа амалларга озгина бўлса-да, риё аралашади, яъни банда бажараётган ибодатларини бошқалар ҳам кўради. Фақат рўза бундан мустаснодир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Рўзада риё йўқдир. Аллоҳ : фақат рўза мен учун … деган”.

Бир инсонни рўза эканини бошқалар билиши қийиндир. Шу боис Аллоҳ таоло рўзанинг мукофотини Ўзи беришини билдирди.

Имом Зуҳрий розияллоҳу анҳу айтади: “Рўзадан бошқа барча амаллар инсон ташқи ҳаракатисиз бўлмайди, фақат рўза қалбдаги ният билан бошқалар кўзига кўринмайдиган амалдир”.

Рўза улуғ ибодат. Рўзадор куни бўйи еб-ичишдан ўзини тияди. Айниқса, ёз фасли келган Рамазон ойида кунлар узун ва ҳаво ҳарорати иссиқ бўлиши сабабли машаққатлироқ кечади. Шунда ҳам рўзанинг ҳурматидан рўзадор ўзини назорат қилади, ҳеч ким кўрмайдиган жойларда ҳам манъ қилинган нарсалардан сақланади. Бу билан рўзадорнинг сабру бардоши синалади.

Аллоҳ биз мўминларга фарз қилган Рамазон рўзасининг инсон учун фойдалари жуда ҳам кўп. Жумладан:

1. Рўза тутган кишининг тақводорлиги ошади. Аллоҳ таоло рўза ҳақидаги оятнинг охирида «Шоядки, тақводор бўлсангиз», дейди. Аллоҳ таолонинг «Шоядки» дегани эса «Албатта бўласиз» мазмунидадир. Очлик ила кишиларни даволовчи табиблардан бирига: «Сиз рўза туфайли топган энг улкан фойда нима?» деб савол берилганда: «Аллоҳни ҳис этиш, ибодат қилишга ҳавас, қисқаси, тақводорлик», деб жавоб берди.

2. Рўзанинг энг машҳур ҳикматларидан бири соғликдир. Рўза ихтиёрий оч қолишнинг энг яхши намунасидир. Рўза нафақат соғликни сақлаш учун, балки беморликларни даволаш учун ҳам ўта зарурлиги таъкидланмоқда. Ҳозирги кунда кенг тарқалган беморликларнинг кўпларини мусулмон бўлмаган юртларнинг табиблари очлик — рўза тутдириш йўли билан даволамоқдалар. Якинда ўрис олимлари рўза тутдириш йўли билан даволанган беморлар рўйхатини эълон қилишди. Натижалар, кишини ҳайратда қолдиради. Ҳатто саратон касалига мубтало бўлганлар ҳам шу усулдан шифо топганлар.


Киритилган вақти: 14/06/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 3123
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/ramazon-sabr-va-rahmat-oyidir
Чоп этилган вақт: 03/12/2024 01:19
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг