Рамазон ойининг фазилатлари
Рамазон - раҳмат ва мағфират ойидир. Рўза гуноҳлардан тўсувчи пардадир. Шундай экан бу муборак ойни чиройли кутиб олиб, Аллоҳ таоло бандаларига берган улкан неъматлардан фойдаланиб савоб заҳирамизни кўпайтириб қолишимиз керак. Зеро Рамазон бир ойгина меҳмонимиз бўлади холос.
Пайғамбаримиз (с.а.в) ўз ҳадиси шарифларида: “Кимки Рамазон ойида рўзанинг фарзлигига ишонган ва Аллоҳ таолонинг розилигини истаган холда рўза тутса унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”- деб марҳамат қилганлар. Демак гуноҳлардан пок бўлишимиз учун рўза тутмоқлигимиз, жисмонан ва руҳан ўзимизни тклаб олишимиз лозим экан.
Кўпчилик рўза тутишликни ҳаддан ташқари машаққат деб билишади. Чунки улар ҳаётда баъзи кунлари оч қолишиб очлик азобини тотиб кўрганлар. Аммо улуғларимиз очликни иккига бўлишади, биринчиси мажбурий очлик, икккинчиси эса ихтёрий очлик. Шу икки хил очликни иккита пичоққа ўхшатишади. Биринчиси жоҳил қўлидаги пичоқ, иккинчиси табиб қўлидаги пичоқ. Жоҳил қўлидаги пичоқ кишининг танасига тегса жароҳатлайди, табиб қўлидаги пичоқ кишининг танасига тегса даволайди. Худди шунингдек мажбурий очлик кишини ҳолдан кетказиб танасига зиён бўлса, ихтиёрий очлик эса танадаги ўттиздан ортиқ касалликларни даволашга ёрдам беради.
Рўза ҳаммамизга маълумки очиқдан - очиқ ихтёрий очликнинг ёрқин кўринишидир. Аллоҳ таоло бу ойда рўза тутишни фарз қилди, Расул акрам (с.а.в.) Рамазон кечаларида ибодат қилишни суннат этиб белгиладилар. Ушбу ойда ким нафл амални бажарса бошқа ойда фарз амалини бажарган билан тенг бўлади. Кимки бу ойда фарз амалини бажарса, бошқа ойда етмишта фарз амалини бажарган савобни олади. Рамазон- сабр ойидир. Сабрнинг мукофати эса жаннатдир. Рамазон- эхсон ойидир. Бу ойда муминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки бу ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч қанча кам бўлмаган савоб берилади.
Аллоҳ таоло Рамазон ойини баракотли қилиб, ҳаммамизнинг хонадонларимизга, умримизга, касбкоримизга халоллик, бардавомлик ато қилсин. Юртимиз тинч, элимиз обод, мустақиллигимиз абадий бўлсин. Яна бир бор Рамазон ойи муборак бўлсин юртдошлар.Сўзимнинг охирида сиз азизларга ўз ижодимдан улашмоқчиман:
Шодлигингиз шодликларга айлансин,
Меҳмон келса мезбонлар ҳам шайлансин,
Бир ойгина уйингизга жойлансин,.
Эшигингиз очинг, келди Рамазон.
Гуноҳларни оловларга ёқади,
Савоблар-чи дарё бўлиб оқади,
Бахту омад сизга кулиб боқади,
Эшигингиз очинг, келди Рамазон.
Рўза тутмай қилманг асло баҳона,
Кутиб олинг ўйнаб кулиб шаҳона
Баракага тўлади ҳар бир хона
Эшигингиз очинг, келди Рамазон.
Жисмингизга шифо бўлар, дур бўлар
Белингизга қувват, кўзга нур бўлар
Жаннатларда ёқут, маржон, ҳур бўлар
Эшигингиз очинг, келди Рамазон
Боқоний дер Рамазонда хикмат кўп
Уни топиб пешонасин дархол ўп
Илтимосим айтганимни қилинг, хўп
Эшигингиз очинг, келди Рамазон
Киритилган вақти: 17/05/2018 00:00; Кўрилганлиги: 2055
Чоп этилган вақт: 07/12/2024 23:45