Раҳмат ва мағфират ойи
Раҳмат ва мағфират ойи бўлган муборак Рамазон ҳам кириб келди. Бу ойни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам даврларидан буён дунё мусулмонлари томонидан алоҳида эътибор ила кутуб олинади. Жумладан, юртимиз мусулмонлари ҳам Рамазон ойини хурсандчилик ила кутуб олди.
Муборак Рамазон ойини юқори кайфият ва хурсандчиликда ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг юртимизда “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисидаги” қарорининг чиқиши ҳам юртимиз мусулмонларининг хурсандчилиги устига катта хурсандчилик бўлди десак муболаға бўлмайди. Қарордан асосий кўзланган мақсад ҳам муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш ва эл-юртимиз учун азалдан эзгулик, саховат, меҳр-шафқат рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга мансуб олийжаноб фазилатларни, диний-маърифий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлашдан иборатдир.
Рамазон кириши билан ер юзига Аллоҳнинг раҳмати ёғилади, бандаларнинг гуноҳлари мағфират қилиниш билан бирга дўзахдан озод этилади. Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод қилинадиган ойдир”, – деганлар.
Рамазон ойининг аҳамиятли томонларидан бири ушбу уч фазилатидир. Чунки, ҳар бир мўмин кишининг буюк орзуси аввало Аллоҳнинг раҳматига эришиш, кейин гуноҳлардан пок бўлиш ва ундан сўнг дўзахдан озод бўлган ҳолда жаннатга киришидир.
Албатта, Рамазон – мўминлар учун Аллоҳнинг раҳмати ва баракалари ёғиладиган ойдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рамазонда раҳмат эшиклари очилади”, – дедилар.
Бу ойда мўминлар учун раҳмат эшиклари очилади, қилган барча дуо ва ибодатларида ҳузур ҳаловат, руҳиятида эса таскинлик топиш билан бирга улкан ажр-савобга ҳам эга бўлади. Рамазонда рўзадор одамнинг ўқиган намози учун ҳам айтган тасбеҳи учун ҳам ҳаттоки уйқуси учун ҳам савоб берилади.
Рамазон – мўмин-мусулмонлар учун мағфират ойидир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Рамазон рўзасини имон эътиқод ва Аллоҳдан савоб умид қилиб тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, – дедилар”.
Рамазон – мўмин ва мусулмонлар учун “итқу-м-мина-н-нийрон” дўзахдан озод бўладиган – қутиладиган ойдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазонда ҳар кеча Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бор”, – деганлар. (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло юртимизда ҳукм сураётган Рамазон шукуҳини янада зиёда қилсин. Барча мўмин-мусулмонларга Рамазон ойининг фазилатларидан баҳраманд бўлишлик бахтини ато этсин. Амин!
Манба: www.bukhari.uz
Киритилган вақти: 03/06/2017 00:00; Кўрилганлиги: 2974
Чоп этилган вақт: 06/12/2024 12:53