Қурбонлик-қурбат ҳосил қилмоқ
Қурбонлик шариатга иккинчи ҳижрий санада киритилган. Унинг вожиблиги тўғрисида Аллоҳ таоло «Кавсар» сурасида: «Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй», – деган.
Уламоларимиз ушбу ояти каримадаги «намоз»дан мурод, ийди қурбон намози, «жонлиқ»дан мурод қурбонликка сўйиладиган ҳайвон, деганлар.
Ҳадиси шарифларда ҳам унинг вожиблиги айтиб ўтилган.
Миҳнаф ибн Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Арафотда турган эдик. Мен У зотнинг: “Эй, одамлар, ҳар бир уй аҳлига ҳар йили бир қурбонлик ва атийра лозимдир”, – деганларини эшитдим» (Термизий ривояти).
Қурбонлик ҳайвони қурбон ҳайити кунлари (Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни ҳайит намозидан кейин ўн иккинчи куни қуёш ботгунга қадар) сўйилади. Бундан олдин ёки кейин сўйиш мумкин эмас.
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, ушбу кунимизда энг аввал бошлайдиган нарсамиз, намоз ўқимоқлигимиздир. Сўнгра, қайтамиз ва сўйиш сўямиз. Бас, ким ўшандоқ қилса, бизнинг суннатимизни топибди. Ким ундан олдин сўйса, ўз аҳлига гўшт тақдим қилибди, холос. Ибодатдан ҳеч нарса йўқдир”, – дедилар» (Абу Довуд ривояти).
Ҳанафий мазҳаби бўйича ҳур, оқил, муқим ва закот нисобига молик бўлган мусулмон шахсга қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Қул, жинни, мусофир ва камбағал кишиларга қурбонлик қилиш вожиб эмас.
Ҳадиси шарифларда, фиқҳий манбаларда қурбонликка сўйиладиган ҳайвонлар бирма-бир санаб ўтилган. Бир кишидан битта қўй ёки эчки, бир кишидан етти кишигача бир мол ёки туя сўйилиши мумкин. Битта қўйни бирдан ортиқ киши қурбонлик қила олмаганидек, битта мол ёки туяда етти кишидан ортиқ киши шерик бўлиши мумкин эмас. Аммо етти кишидан кам бўлсалар жоиз. Шериклар қурбонлик пулини тенг тўлашлари ва унинг гўштини ҳам тенг тақсим қилишлари ҳам айни муддаодир. Гўшт чамалаб эмас, тарозида тортиб тақсимланади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳда қурбон намозига ҳозир бўлдим. У зот хутбаларини тугатиб, минбарларидан тушганларида бир қўчқор келтирилди. Бас, у зот уни ўз қўллари билан сўйдилар ва: “Бисмиллаҳи валлоҳу акбар! Бу мендан ва менинг қурбонлик қилмаган умматимдан”, – дедилар» (Термизий ривояти).
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳудайбияда бир туяни етти киши номидан, бир сигирни етти киши номидан сўйдик» (Абу Довуд, Муслим ва Термизий ривояти).
Қурбонлик қилинадиган ҳайвонларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам, бичилгани ҳам, бичилмагани ҳам қурбонлик қилинса, бўлаверади. Бошқа ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди.
Аллоҳ таолонинг йўлида қурбонлик қиламан деб назр атаган ва ўзига вожиб бўлмаса ҳам, қурбонлик қиламан деб ҳайвон сотиб олган одамлар вақтида уни қила олмай вақтини ўтказиб юборсалар, ҳайвонни тириклигича садақа қиладилар. Чунки, улар ўзларига ўзлари бу ишни вожиб қилиб олганлар.
Сўйишни яхши билса, ўз қўли билан сўймоғи мандуб. Бўлмаса, бошқага сўйдиради. Бошқага сўйдирганда ўзи ҳозир бўлиши лозимдир.
Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотимага: “Бориб қурбонлигингга шоҳид бўл. Унинг биринчи томган қони билан баробар сенинг ўтган гуноҳларинг мағфират қилинади”, – дедилар. Фотима: “Эй Аллоҳнинг расули! Бу бизга – аҳли байтга хосми ёки мусулмонларга умумийми?” – деб сўради. У зот: “Йўқ. Мусулмонларга умумийдир”, – деб жавоб бердилар».
Қурбонлик қилган киши Аллоҳга яқинлашади, Унинг розилигига эришади, улкан ажрни қўлга киритади, хонадонига файзи барака ёғилади, кўнгли таскин топади. Шундай экан, имкон қадар бу хайрли амалга киришмоғимиз марғуб амаллардан саналади.
Киритилган вақти: 20/08/2018 00:00; Кўрилганлиги: 2081
Чоп этилган вақт: 07/10/2024 09:58