Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Қизим сенга айтадиган насиҳатим бор

 
 

Дунё ўзи бир матодир. Унинг энг яхши матоси солиҳа аёлдир.

(Ҳадисдан)

Қизим энди сен катта бўлдинг, аёлларга хос одоб услубларини билиш вақти келди. Агар аёлларга хос одоб-ахлоқ услубларидан бехабар бўлсанг чин оқила муслима бўла олмайсан. Агар баодоб, батарбия бўлсанг, тозаликка риоя қилсанг, ҳар бир нарса тоза-озода ювилган ва ўз жойида тартиб билан қўйилган бўлса, нур устига аъло нур бўлади.

Қизим билгинки, қайси жойда тозалик ва озодалик бўлса ўша ерда файзу барака бўлиб, кишилар хурсандчилик билан ҳаёт кечирадилар. Тозаликка ва озодаликка риоя қилинадиган жойдан шайтони лаъин қочиб кетади.

Қизим билгинки, қайси жойда ифлослик, нажосат ва бадбўйлик бўлса, ювилмаган идиш-товоқ ва кийим-кечак бўлса ўша жойда шайтони лаъин қўним топади ва файзу-барака қочади, ғавғо-жанжал авж олади. Ишларининг оқибати хунук бўлади.

Қизим билгинки, ўз вазифангни дангасалик қилмасдан ҳар бир ишни ўз вақтида бажаришга ҳаракат қилгин.

Қизим биринчи қиладиган ишинг Худойингни эсингдан чиқарма. Бир кунда ҳар бир мусулмоннинг зиммасида фарз бўлган беш вақт намозни ўз вақтида адо қилгин. Намоздан олдин таҳорат қилиш фарздир. Эрталаб турганингда кўрпа-ёстиқларингни тўғрила. Таҳорат олишга ҳаммомга кирганингда ойнага яхшилаб қараб ўзингни тартибга келтириб ол, чунки аёлнинг ҳусни-чиройи унинг ўзига қарашига боғлиқ. Ҳовлига кирадиган тарафини ҳам ички тарафини ҳам супуриб тозалаш керак. Фаришталар эшикдан киради ҳовлини ичи тоза бўлиши ва ҳовлининг ичида ахлатлар бўлмаслиги керак. Тахоратхона ҳаммом ва ошхона ҳамма вақт ҳоҳ кеча, ҳоҳ кундуз бўлсин тоза бўлиши шарт.

Қизим билгинки, ширин-ширин таомлар пишириш аёлларнинг зийнатига зийнат қўшади. Таом пишириш учун тайёргарликни олдиндан қилиб қўйиш керак. Аёлларнинг яхшиси оддий нарсалардан ҳам хаттоки гўштсиз бўлса ҳам лаззатли таомлар пишириб уйдагиларни хурсанд қилади. Дастурхон тайёрлашда ва унинг устига оддий таомлар бўлса ҳам чиройли идишларга олиш керак. Таом билан биргаликда ҳар хил салатлар тайёрлаш аёлларнинг пазандалигидан далолат беради. Ҳар бир таомни пиширишдан олдин масаллиқларни кўздан кечириб уларни ювиб қозонни ювиб ёғни қозонга қуйишдан олдин «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» дейиши зарур.

Қизим билингки, йиртиқ ва синиқ нарсалар бадбахтлик ва қашшоқлик олиб келади. Шунинг учун ҳам киядиган кийимларимиз йиртиқ бўлмасин ва идиш-товоқларимиз синиқ бўлмасин. Киядиган кийимларимиз тоза-озода дазмолланган бўлиши шарт. Инсонни юзи ҳам қалби ҳам кийимлари ҳам чиройли бўлиши керак.

Қизим билгинки, уйга келадиган меҳмонлар кўзлари хунук нарсаларни кўрмасин, бурунлари бадбўй ҳидларни, оғизлари бемаза таъмларни сезмасин.

Қизим билгинки, камбағаллик гуноҳ эмас, бор-борича йўқ ҳолича бақадри ҳол имкониятга яраша қилиши керак.

Қизим билгинки, ётадиган тўшакларимиз, ёстиқларимиз тоза ва озода бўлиши шарт. Ҳафтада бир маротаба уларни алмаштириш шарт. Тўшак тайёрлашни билиш керак. Уни кечаси ётган одамга қулайлик келтирадиган қилиб юмшоқ қилиб солиш керак.

Қизим билгинки, Аллоҳ таъоло аёлни эркак учун эркакни аёл учун яратган. Отангни уйида бахтли бўлиб юрадиган бўлсанг ҳеч қачон сени бировга келин қилиб юбормаган бўлар эдим. Лекин сен қизим туғилмасдан сени тақдирингни доно Аллоҳ белгилаб қўйган. Аёлни бахтли қиладиган покиза жуфтингни тақдирини ҳам у туғилмасдан сен билан боғлаб қўйган, ўзбекона урфу одатимизга кўра аёлни бахтли бўлиши бировни уйига келин ва бировга жуфти ҳалол бўлиш билан бўлади.

Қизим билгинки, келин бўлиб бегона бир даргоҳга боришингни фақат сени тақдиринг бошлаб борган ота-онанг совчилардан танлаб-танлаб пешонангга ёзган тақдирингга узатади ва у бегона даргоҳга сен жуфти халолинг учун боргансан. Шундай экан уни ҳурмат қил борича қабул қил, унга ўзингни вафодорлигингни кўрсат, бирор бир шубҳага, гумонга ўрин қолдирма, камчилигини яшир, мулкини ҳимоя қил, сирини сақла, обрўсини ҳимоя қил, токи у турмуш ёринг оиласини хотинини мустаҳкам қуламайдиган ҳимояланган қаср сингари сезсин. Ота-онасини ҳурмат қил хизматларини қилиб, дуоларини ол, яқинларига ўз жони жигарингдек мехрибонлик қил.

Қизим билгинки, офат дунёни бузса, одамни одам йўлдан чиқаради. Одамлар ҳар хил бўлади сени даргоҳингдаги камчиликларни билиш учун ўзини даргоҳидаги ҳамма камчиликларни айтади. Бу аёлларни макри бундан эҳтиёт бўлиб бефойда гапдан безарурат қўшни уйига чиқишдан, кўчада ўтиришдан ўзингни қатъиян сақлагин.

Қизим билгинки, оилавий ҳаёт ҳамма вақт бир хил бўлмайди. Баъзи вақтларда ёрингни иши юришиб гоҳида сустлашиб қолади. Юришиб кетганда шукр қиласан, исроф қилмайсан, сустлашганда сабр қиласан, нолимайсан.

Қизим билгинки, шайтон бор, уни вазифаси одамлар орасига нифоқ солиш бўладиган майда чуйда гапларга эътибор берма, бир гапдан қолгин, сал вақт ўтиб ҳаммаси ўз жойига тушиб ким ҳақу ким ноҳақ эканлиги ўз ўзидан маълум бўлади.

Қизим билгинки, сени ёринг сенинг султонинг, айтганини қил, борма деган жойига борма, қилма деган ишини қилма, олам гулистон.

Қизим билгинки, бизнинг юртимизда қимматбаҳо нарса бор у баъзи юртларда текин, у қиммат баҳо нарса шу даражада қимматки уни бизни юртда пулга сотиб олиб бўлмайди бу ору, номусу ва ҳаёдир.

Қизим билгинки, фаросатли оқила аёллар эрини гапирмасдан уни нима дейишини билади, уни қандай таомни яхши кўришини, қандай кийиниши ва қандай рангни хуш кўришини билади, уни кайфиятини сезади, уни ёқтирадиган ва ёқтирмайдиган одамларини билишади, ва уни инобатга олиб иш қилишади.

Қизим билгинки, энг яхши маҳраминг бу сени эринг, аёлнинг бир ўзи маҳрамсиз сафарга чиқиши ҳалол эмас, хатто ҳаж амали бўлса ҳам.

Қизим билгинки, фарзанд кўриш бу дунёдаги катта қувонч. Фарзанд дунёга келмасдан олдин ҳалолу покизалик билан тарбияни бошлаб, дунёни кўргандан бошлаб ширин ниятлар қилиб, аллалар айтиб кўкрак сути билан баҳраманд қил, болани бўлажаги онани оқ сутию ширин алласи билан бошланади.

Қизим билгинки, келин бўлиб борадиган жойингда бита қимматбаҳо нарса бор у ҳам бўлса сени ёринг. Танлашга фақат шу қиммат баҳо нарсани танла адашмайсан.

Қизим билгинки, ётишдан олдин ҳамма ишларимизни яна бир бор кўздан кечириб, ёқилган беҳуда газ, чироқ, сув жумракларини текшириб эртага бўладиган ишларимизни режасини тузиб Аллоҳга ҳамду сано айтиб дам олишга ётамиз.

Қизим билгинки, бу нарсани билиш ҳар бир аёл учун ҳам фарз ҳам қарздир.

Бу айтганларимни қилсангиз ҳам бу дунёнгиз ҳам охиратингиз саодатли бўлади.

Одамлар орасида оқила мўмина деган номга сазовор бўласиз.


Киритилган вақти: 07/08/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 2460
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/qizim-senga-aytadigan-nasihatim-bor
Чоп этилган вақт: 03/12/2024 01:26
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг