Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Порлоқ келажагимиздан умидимиз улкан!

 
 

Бугунги ўтаётган кунларимизга разм солиб боқсак ҳар бир тонги отаётган кунимиз ҳар бир қуёши ботаётган тунимиз тинч осойишта ва шунинг билан биргаликда оламшумул ўзгаришларга бой бўлмоқда. Халқимиз яхши ниятли халқ. Доимо яхши кунларни, гўзал орзу хавасларни илинжида яшайди. Хонадонида янги чақалоқ дунёга келиши билан, бу хурсандчилик байрамга айланади. Бу севинч тантанаси унинг иқболи, келажакда ўз ўрнини топиб, жамиятда муносиб инсон бўлиб етишиши каби ширин ташвишлар билан боғланиб кетади. Бир сўз билан айтганда бизнинг халқимиз ана шундай болажон халқ. Нафақат болажон балки, отажон, онажон халқмиз десак ҳам муболаға бўлмайди.

Бу ажиб манзарага ҳар бир хонадонда дуч келасиз. Халқимизда мана шундай мустаҳкам меҳр ришталари мавжуд экан порлоқ келажагимиздан умидларимиз ҳам улкандир.

Қуръони каримда Ибрат олинг, эй ақл эгалари (Хашр сураси 2 оят) каби хитоблар жуда кўп бора янграйди.

Биз ўз юртимиздаги хотиржамлик билан ғафлатда қолиб кетмаслигимиз керак. Балки бугун дунёда ёшгина норасидаларни ота онасидан жудо бўлиб, ота оналар эса қучоқларида жонсиз дилбандининг жасадини қучганча инграётган жамиятлар кун сайин кўпайиб бораётганлиги аччиқ ҳақиқат эканлигини теран англамоқлигимиз ва ибрат олмоқлигимиз лозимдир.

Бугун бизлар барчаларимиз ислоҳот ҳеч қачон ташқаридан кириб келмайди, балки ичкаридан бошланади деган ҳаётий ҳақиқатни ҳаётимизнинг дастуруламалига айлантириб олишимиз керак.

Аллоҳ таоло қуръони каримда яна шундай хитоб қилади:

Сизга қайси бир мусибат етса, бас, ўз қўлингиз қилган касбдандир ва У зот кўпини авф қилур. (Шуро сураси 30 оят)

Ҳар бир киши ўз панжасини мушт қилар экан, шу холат унинг кўксида уриб турган, аммо жуссасининг олдида миттигина кўринишга эга бўлган юрагини ифодалайди. Жамиятимиздаги оилаларнинг мисолини юракка қиёслашни истардим. Юрак соғлом бўлса бутун бошли жасаднинг барча қисмида қон яхши айланади ва соғлом бўлади.

Мисол учун Япониядаги нуфузли корхоналарнинг қошида яширинча маҳсус психологик кузатув постлари ташкил этилган бўлиб, у ерга келиб кетувчи ҳеч бир ходим кузатувдан четда қолмайди. Агар улардан бирортаси суст ҳолатда келаётганлигини сезгудек бўлишса дарҳол ортига қайтариб юборишар экан. Чунки унинг оиласи нотинч, бу унинг иш фаолиятига, атрофидаги бошқа ишчиларнинг ҳам иш фаолиятига салбий таъсир ўтказади деб ўйлашар экан.

Шу ўринда ўртага ҳақли ва муаммоли бир савол қалқиб чиқади. Хўш биз мусулмонларнинг оиламиз қандай бўлиши керак. Оиланинг раҳбари, мураббийи ким ўзи? Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони каримда хабар бериб шундай деган:

Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар (Нисо сураси 34 оят). Чўпонсиз қўйнинг ҳолини ҳамма яхши билганидек, оилада ҳам эркак киши ўзининг бурч ва мажбуриятларини йўқотса жамиятнинг келажаги ҳавотир остида қолади.

Бугун порлоқ келажагимиз учун тушов бўлаётган исрофгарчиликлар, кимўзарликлар ва шулар каби кўплаб бидъат хурофотларга асосан аёлларимиз сабабчи бўлишмоқда. Агар оилада эркакнинг ўрни бўлиб, у мазмунан эркакликка муносиб ҳаёт тарзидан борса, аксарият оилаларимиз эгасиз аёлларнинг қўлида эрмакка айланмасди деб ўйлайман.

Порлоқ келажак мавзусида оила масъаласига кўпроқ тўхталаётганимизнинг асосий боиси, оила деб аталмиш муқаддас даргоҳдан фарзанд деб аталмиш бебаҳо ниҳол униб чиқади. Унинг парвариши асосан оилада шаклланади.

Муҳтарам президентимиз айтган “Ўз болангни ўзинг асра” деган шиор бугун барчамизнинг ҳаётий дастурул амалимизга айланмоғи лозим. Бугун бизлар барчаларимиз биргаликда болаларимизни асрамасак четдан кириб келаётган ҳар хил ёмон таъсирлар уларни ўз домига тортиб кетиши муқаррар ҳақиқатдир.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом жамиятларнинг мисолини кемага қиёслаб тушунтириб берган эдилар:

“Аллоҳ белгилаб қўйган хадларга риоя қилаётганлар билан риоя қилмаётганларнинг мисоли, худди бир кемага қуръа ташлаб чиқиб, бир қисми кеманинг устки қисмига, бир қисми эса пастки қисмига жойлашиб олган одамлар кабидир. Улардан кеманинг пастига жойлашганлар сувга эҳтиёж сезсалар кеманинг устки қисмида жойлашганларнинг олдидан ўтарди. Шунда пастдагилар: Биз тепадагиларга озор бермайликда, сувни шу ердан тешик қилиб олаверайлик деб ўзаро маслаҳатлашишди. Агар юқоридагилар буларни ўз истакларида қолдиришса, барчалари ҳалоқ бўлишади, аммо уларнинг қўлларидан ушлаб қолишса, ҳаммалари нажот топишади” (Саҳиҳул Бухорий/2493).

Келинг азизлар юқоридагилардан хулоса қилиб, ҳозирги замонимизда дунёнинг тўрт томонида таҳдидлар ҳудди заҳарли илон мисол бўй кўрсатиб турганда биз унга бефарқ бўлмайлик. У бизни ҳам чақишини кутиб ўтирмайлик. Балки, бир тану бир жон бўлиб, азиз ватанимизни кўз қорачиғимиздек асраб юксалтирайлик. Унинг порлоқ келажаги учун астойдил ихлос билан, садоқат ва фидоийлик билан меҳнат қилишликни Аллоҳ таоло барчамизга насиб айласин.


Киритилган вақти: 04/09/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2794
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/porloq-kelajagimizdan-umidimiz-ulkan
Чоп этилган вақт: 07/10/2024 09:55
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг