Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ОХИРАТ ЧИРОҒИ

 
 

Бир бой инсон умрини молу давлат тўплаш ва бойлик орттиришга сарфлади, мана шу йўлда оғир касалликка дучор бўлди. Бу касаллик умрининг охири ва охират сафарининг бошланишига ўхшаб қолди. У васият қилиш учун фарзандларини олдига чорлади ва катта ўғлига деди:

– Ўғлим, бу беморликдан тузалишга умидим қолмади, кундан-кунга охират сари қадам қўйиб боряпман. Энди тушундимки, тўплаган бойлигимдан охират сафарим учун менга бирор наф тегмас экан. Бугун бойлигим сизларнинг қўлларингизда. Менинг охират йўлим қоронғилашди, сизлар бир чироқ ёқингларки, охират йўлим ёришсин ва охиратда менга фойдаси тегсин.

Бу сўзлардан бироз муддат ўтгач, Аллоҳнинг инояти билан бой киши шифо топиб, оёққа турди. Ўша кунларда бир яқинидан мактуб келди, унда бой киши ўша яқинининг уйига таклиф қилинган эди. Бой бир чироқ олиб, чақирилган хонадонга бориш учун тўнғич ўғли билан йўлга чиқди. Ота олдинда, фарзанд эса орқадан борар, чироқ ўғилнинг қўлида эди. Ўғил отадан бироз орқароқда қолди, олди қоронғилашган ота фарзандига деди: “Ўғлим, тезроқ юр, бу жойлар қоронғи экан, йиқилиб, бирор нарса бўлиб қолмайин”.

Фарзанд отасига шундай жавоб қайтарди:

– Отажон, эсингиздами, беморлигингизда “мен бу дунёда охиратим учун бирор нарса қилмадим, хоҳлайманки, мендан кейин бир чироқ бўлсин ва у охиратимни ёритсин”, деган эдингиз. Буни қарангки, чироқ орқада турса, олдинни ёритмас экан. Ёруғликни истасангиз, чироқни олдиндан тайёрланг. Сиз шундай амалда бўлингки, охират йўлингиз ёруғ бўлсин.

Х.Темиров - ЎМИ Самаранд вилоят вакиллиги мутахасиси 


Киритилган вақти: 20/02/2020 13:53;   Кўрилганлиги: 1590
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/oxirat-chirogi
Чоп этилган вақт: 12/10/2024 14:03
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг