ЎТГАНЛАР ХОТИРАСИ ТИРИКЛАР ВАЗИФАСИ
Маълумки динимизда биз мусулмонларни ибодатга, яхши амалларни кўп қилишга буюрибгина қолмасдан, ўтганларни ҳам эслаб уларнинг ҳақларига чиройли хайрли дуолар қилишга буюради. Зеро, бу дунёдан ўтган мўмин мусулмонларни хотирлаб, уларнинг хақларига дуои хайрлар қилиш,истиғфорлар айтиш биз тирикларнинг вазифамиздир.
Инсон хотира билан тирик, қадри билан улуғдир. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ, халқимизга хос эзгу фазилатлардандир. Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанглардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, имони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаб ҳақларига дуолар қилиш, миллий қадриятимизга айланди.
Қуръони каримда Парвардигори олам: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбиларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Роббимиз! Албатта, сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан”, деб марҳамат қилади. (Ҳашр сураси 10- оят). Ушбу оят вафот этган кишиларнинг орқаларидан хайрли дуолар билан эслаш, яхши амаллардан эканлигига далолатдир .
Муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари билан 9 май кунини “Хотира ва Қадрлаш куни” деб ном берилишида ҳам катта ҳикмат бор. Зеро, бу кун аёвсиз жанг майдонларида ватани, оиласи шани учун ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёдга олиш, қолаверса, бугун сафимизда соғ-саломат ҳаёт кечираётган уруш қатнашчиларига, нуроний отахонларимизга, меҳнат фахрийларига барча-барча юртдошларимизга самимий ҳурмат тимсолидир. Зеро, ҳадиси шарифда: “Ўтганларингизнинг яхши сифат ва яхши амалларини эслангиз, ёмон сифатларини эсламангиз”, дейилган. Хотира деганда биз аввало уруш майдонларидан қайтмаганларнинг ёди олдида, бешафқат жангларда ҳалок бўлганлар ва шу урушда қатнашган барча инсонларнинг жасорати ва матонати олдида чуқур ҳурматдамиз. Ўтганларни эсга олиш билан бирга яна бир муҳим вазифаларимиздан бири бугун сафимизда умргузаронлик қилиб, шаҳару-қишлоқлар ҳамда маҳаллаю-хонадонларда, дастурхонларни тўрида мана шу тинч ва осойишта Ватан, оилалар ҳаққига доимо дуога қўл чўзиб турган оз сонли уруш қатнашчилари-ю, кекса, ёшлари улуғларимизни ёдда тутмоғимиз лозимдир. Уларнинг умри ғанимат эканини унутмаслик, айни ҳаётлик чоғларида уларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, оғирини енгил қилиш, қадрлаш ва эъзозлаш барчамиз учун ҳам шараф, ҳам муҳим масъулиятли вазифадир. Ёши улуғ кексаларни ҳурмат қилиш ҳақида ҳадисда: “Кичикларимизга раҳм-шафқатда ва катталамизга ҳурмат ва иззатда бўлмаганлар биздан эмас”, дейилади. Яна бир ҳадисда Набий (с.а.в.) бундай марҳамат қиладилар:
“Қабристонни зиёрат қилиб туринглар, зеро унда катта ибрат бор”, Шундан ҳам маълум бўладики, зиёрат аввало тирикларнинг ўзи учун ибрат олиши, елдек ўтаётган тириклик онлари ҳақида бир лаҳза бўлсин ўйга толиши керак.
Мана шу халқимизнинг инсонпарварлиги ва динимизнинг кўрсатмаси ўлароқ мустақил юртимизда ҳам “Хотира ва қадрлаш куни” эълон қилинди. Давлатимиз томонидан бугун сафларимизда ҳаёт бўлган уруш қатнашчиларига мамлакатимиз томонидан бир неча йиллардан буён моддий рағбатлантириш, дам олиш масканларида даволанишлари учун шароит яратиб берилди.
Умр ғанимат вақт тез ўтади. Ибтидоси бор ҳар нарсанинг интиҳоси ҳам бор. Бугун ўтган аждодларини хотирлаб қабристонда зиёрат қилиб юрган инсон эртага ўзи хотирага айланади. Энди унинг қабри зиёрат қилинади, қилган ишлари эсланади.
Хотира – ўтмиш билан бугунни боғловчи ўзига хос кўприкдир дейдилар. Бошқача айтганда, ўтмиш бизнинг хотирамиз туфайли барҳаётдир. Ўтмиш хотираси эса бизга ҳаётбахш куч беради, олдинга чорлайди.
Инсон хотираси билан азиз. Биз қалбимизда буюк аждодларимиз сиймосини эъзозлаб асрашимиз лозим.
Киритилган вақти: 07/05/2016 00:00; Кўрилганлиги: 3422
Чоп этилган вақт: 07/10/2024 10:37