Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ОТА-ОНАГА ОҚ БЎЛИШ ГУНОҲИ КАБИРАДИР

 
 

Ҳар бир инсон ким бўлишидан, ҳаётдаги мавқе-мартабасидан қатъий назар, ота-онасига яхшилик қилишга мажбур. Айниқса, оталарнинг кўнглини топиш, ҳамиша уларнинг хизматида шай бўлиш, ҳадялар бериб хурсанд қилиш, ҳар жабҳада ота-онанинг розилигини топиш фарзанднинг асосий бурчларидан биридир.


Аждодларимиз «Қариси бор уйнинг париси бор» деб бежизга айтишмаган. Халқимизда қайси бир хонадонда ота-она ёки улардан бирлари бўлса, ўша оилани бағри бутун оила дейилади. Бу улкан бахт. Дарҳақиқат, ота-она фарзандларининг таълим-тарбияси, одоб-ахлоқини назорат қилиб, панд-насиҳатлар қиладилар. Улар бор уйда бара­ка бўлади, тинчлик осойишталик ҳукм суради. Пайгамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом «Катта ёшдагилар билан ҳам суҳбат бўлинглар, улардан маслаҳат сўранглар ва донолар билан аралашиб туринглар», деганлар.

Фарзанд ота-онага қанча яхшилик қилмасин, ўзининг дунёга келишига сабабчи бўлган зотларнинг мукофотини ҳеч вақт қайтара олмайди. Улуғларимиздан бири эса бундай дейди: «Аллоҳ таолога шукр қилиш беш вақт намоз ўқиш билан бўлади, ота-онага шукр қилиш ҳар куни беш марта уларни дуо қилиш билан бўлади».

Қуръони каримнинг бир неча ояти карималарида ҳам ота-оналарга яхши­лик қилиш буюрилган. Аммо айрим ёшларимиз бу илоҳий амрни унутиб қўйишаяпти. Орамизда ота-оналарига қўпол, ёмон муомалада бўладиган, илтимосларини «эсдан чиқариб» қўядиганлар ҳам бор. Ота-онасининг, дилини оғритадиган, ўзининг ёмон хулқи билан эл орасида уларни шарманда қиладиган, ҳатто қўл кўтаришгача борадиган нобакор фарзандлар ҳам учраб туради. Энг ачинарлиси, баъзи ноқобил уғил-қизлар бойлик ва имкониятлари бўлсада, ота-оналари кексайгач, уларни эъзозлаш ўрнига ё қаровсиз ташлаб қўяди, ёки қариялар уйига жўнатади. Кексайган ота-оналарининг хонадонига келтирадиган баракотларидан манфаатланиш, дуоларини олиш ўрнига аксинча дийдорига зор қилиб, хўрлайдилар. Булардан ҳам ёмонроғи айрим фарзандлар ота-онасига оқ бўлиб, икки дунё саодатидан бебаҳра қолишмокда.

Жуда кўплаб хадиси шарифларда ота-онасига оқ бўлган нобакор фарзандларнинг дунё ва охиратда нечоғли улкан азоб ва нафратларга дучор бўлишлари баён қилинган. Ота-онани рози қилмай, уларга оқ бўлган фар­занд улкан гуноҳ яъни гуноҳи кабира қилган бўлади.

Каъбул Ахбордан: «Ота-онага оқ бўлиш нима?» деб сўрашганда у киши «Агар отаси ёки онаси унинг номидан қасам ичса, қасамини оқламайди. Бирор ишга буюрса, буйруғига итоат қилмайди. Бирор нарса сўраса, бермайди, омонат қўйса, хиёнат қилади», деб жавоб берибди.

Ота-онага оқ бўлиш ана шундай оғир гуноҳлардан бўлгани учун фарзандлар ота-она ҳаққига ўта эҳтиёткорлик би­лан муносабатда бўлишлари, уларни оғринтирмаслик ранжитмаслик чораларини кўришлари лозим. Хар бир фар­занд ҳамиша ота-онасининг кўнглини олиб, дуоларига сазавор бўлса ўйлаймизки ишлари юришиб, эл орасида ҳам ҳурмати ошади.

Қолаверса, юртимизда кекса отахон ва онахонларга, ногирон ва муҳтожларга катта ғамхўрлик ва беминнат ёрдамлар кўрсатилиб келинаяпти. Уларнинг хаётини фаровон, кунларини шодмон қилиш учун ҳукуматимиз ижтимоий ҳимоя қилиш ишини юксак даражага кўтарган. Айниқса, муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан эълон қилин­ган «Кексаларни эъзозлаш йили» бўлган жорий йилда ёши улуғларимизга бўлган эътибор, ҳурмат янада зиёда бўлмоқда. Буларнинг барчаси юртимизнинг азиз дуогуйларига билдирилаётган катта ҳурмат-эътибор рамзи бўлса, иккинчи томондан уларнинг доимий қилаётган холис дуои-хайрлари, иншааллох, юртимизни ва халқимизни турли бало-офатлардан саклашга хизмат қилаётгани аниқ.


Киритилган вақти: 26/10/2015 00:00;   Кўрилганлиги: 3008
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/ota-onaga-oq-bolish-gunohi-kabiradir
Чоп этилган вақт: 15/06/2021 05:11
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг