Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Ота-она болани одобли, ахлоқли қилиб вояга етказганлари учунгина олқишга сазовор бўладилар.

 
 

Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) Тайсала ибн Миёсдан “Дўзахдан қўрқиб жаннатга киришни хоҳлайсанми?” деб сўрадилар. “Албатта хоҳлайман”, дедилар Тайсала. “Ота-онанг тирикми?” - деб сўрадилар. “Отам вафот этганлар, аммо онам борлар”, дедилар Тайсала. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар дедиларки: “Катта гуноҳлардан ўзингни сақлаганингдан кейин онангга қаттиқ гапирмасанг, унинг об-овқатини бериб турсанг, албатта жаннатга кирасан”, - дедилар. Агар эътибор қилсак, бу ҳикматнинг асоси ҳам “Жаннат оналар оёғи остидадир”, ҳадиси шарифи эканини англаймиз.

Ривоят қиладиларким, Марвон ибн Ҳакам Мадинадан бир жойга сафарга кетганларида ўз ўрниларига Абу Ҳурайрани қолдириб кетардилар. Абу Ҳурайра Зул-Ҳулайфада туриб, ўзлари бир хонада, оналари эса бошқа хонада яшардилар. Абу Ҳурайра қачон ўз хоналаридан ташқарига чиқадиган бўлсалар, оналарининг эшиги олдига келиб салом берардилар-да: “Мени ёшлигимдан тарбият қилганингиз учун сизга Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин”, - дер эдилар. Оналари ҳам у кишининг саломларига жавоб қайтариб: “Катта бўлганингда менга яхшилик қилаётганинг, розилигимни олаётганинг учун сенга ҳам Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин”, дер эдилар. Абу Ҳурайра ташқаридан қайтиб келганларида ҳам она-бола ўртасида шу муомала такрорланарди.

عن أبي هريرة ، أن النبي صلى الله عليه وسلم صعد المنبر ، فقال : « آمين آمين آمين » . قيل : يا رسول الله ، إنك حين صعدت المنبر قلت : آمين آمين آمين . ، قال : « إن جبريل أتاني ، فقال : آمين . ومن أدرك أبويه أو أحدهما فلم يبرهما ، فمات فدخل النار فأبعده الله : ، فقلت : آمين

Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинади ;

Пайғамбар (с.а.в) минбарга чиқаётиб, бир қадам ташлаб “омийн” дедилар. Иккинчи қадам ташлаб яна “омийн” дедилар. Учинчи қадамни босганларида ҳам “омийн” дедилар. Минбардан тушганларида саҳобалар “Ё Расулаллоҳ! Хутба ўқиш учун минбарга чиқаётиб нима сабабдан уч марта “омийн” дедингиз?” - деб сўрашди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мен минбарга чиқаётганимда Жаброил алайҳиссалом келиб “онаси ва отаси ҳаётлик вақтида ёки булардан бири ҳаёт бўла туриб, уларнинг розилигини олиб, жаннати бўла олмаган ва бу имкониятни бой берган фарзанднинг бурни ерга ишқалсин!” - дедилар. Мен ҳам “омийн” дедим” - дедилар.

Бундан мурод: бир фарзанднинг онаси ва отаси ёки улардан бири ҳаётлигида уларга хизмат қилиб, дуосини ололмасдан, жаннати бўлолмаганларнинг ҳолига вой, деган маъно бор. “Ҳоли вой” бўлаётганларни кўрмаймизми? Ёки кўриб кўрмаганга оламизми? Қайнона-келин можаросини ҳал этиш учун ҳовлини бўлиб олган фарзандлар йўқми орамизда? “Ота-онам болалигимда менга яхши қарашмаган” деб нолиб юрувчи ношукрлар-чи? Совет даврида болалар ва ёшлар узоқ йиллар мобайнида отасини сотган оқпадар Павлик Морозов мисолида тарбия қилинган эди. Ана шу аҳмақона тарбиянинг доғлари бутунлай ювилдими?

Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларидан мисол: қариб қолган отанинг бир ўғил ва бир қизи бор. Ўғилнинг турмуши тўкин, жамиятдаги мавқеи ҳам баландроқ. Қизининг оиласи бир амаллаб кун кўради. Ота хасталаниб касалхонага тушганида бу фарзандларнинг меҳр-оқибати аниқ кўринади. Ўғил ишда банд эканлигини баҳона қилиб кам келади. Ўғилнинг меҳри шундай бўлгач, оиласиники қандай бўларди? Қиз эса кунда икки-уч қатнайди. Шунда ота қўлларини баланд кўтариб қизни дуо қилади. Қиз кетгач, жони узилади. Ўша дуо – отанинг розилиги эди. Аллоҳ ҳам ундан рози бўлди. Ўғилнинг оиласидан барака кўтарила бошлади. Бошига кўп ташвишлар тушди. Қариганида фарзандлари ёнида бўлса ҳам, сутга ивитилган бир қошиқ нонни оғзига тутгувчи меҳрибон топилмади. Касалхона фаррошининг қўлида жон берди. Фаррош мусулмонлик қоидаларини билмагани сабабли жағлари, оёқ-қўллари боғланмай, ғассолни ҳам анча қийнади. Ғассол қанча уринмасин, жағ очиқлигича кетди. Қизнинг оиласи эса кундан кун яшнай берди. Қиз кексалик ёшига етганида, хасталанганида фарзандлари қўлларида кўтариб юрди. Жон бериши ҳам мўъжиза каби юз берди. Фарзандлари даврасида, гапларидан адашмай, яхши насиҳатлар қилиб, бир нафас билан енгилгина жон берди.

Ҳаётий мисолларимизни ҳадиси шариф билан қувватлантирсак: Абдуллоҳ ибн Авф (р.а.) Анас ибн Моликдан (р.а.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) ёнларида Суффада эдик. Ҳижрат қилган бир аёл Расули акрамнинг (с.а.в.) ҳузурларига келди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) уни аёллар ёнига, ўғлини эса бизнинг ёнимизга юбордилар. Орадан кўп ўтмай, аёлнинг ўғли вабога чалиниб, вафот этди. Сарвари олам (с.а.в.) йигитнинг кўзларини юмганларидан сўнг, уни ювиш учун тайёргарлик кўраётганимизда менга: – Эй Анас! Бор, онасига хабар қил, - дедилар. Онасига хабар бердим. Онаси келиб, ўликнинг оёқ учи томонига ўтирди ва фарзандининг совуб қолган оёқларини ушлаб дуо қилди: – Аллоҳим! Мен ўз хоҳишим билан мусулмон бўлдим. Сенинг динингга кирдим. Бутларга сиғинишни тарк этдим. Ўз хоҳишим билан Сенга юкиндим ва Пайғамбарингни севдим. Аллоҳим! Мени бало-мусибатларга дучор қилиб, бутпарастларни севинтирма ва тоқатим етмайдиган ушбу мусибатни менга юклама... Аллоҳга қасамки, аёл дуо қилиб бўлар-бўлмас, ўликка жон қайтди, бола оёқларини қимирлатиб, кўзларини очди. Расулуллоҳ (с.а.в.) вафот этгунларига қадар ҳам у йигит тирик эди...”

Ота-она ҳаётлик чоқларида уларнинг розиликларини олиш – Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлган севгининг бир зарраси. Яна бир зарраси эса уларнинг вафотларидан сўнг хайрли дуолар билан эслаш. Намоз ўқувчилар ота-оналарини кунда беш маҳал ёдга оладилар, Аллоҳдан мағфират сўраб, дуо қиладилар.

Маълумингизким, ҳозир бола биринчи синфга чиқишдан олдин муаллимларнинг суҳбатидан ўтади. Бу билан боланинг онги, зеҳни даражаси аниқланади. Хуллас, бир болага расмни кўрсатиб: “Бу нима?” деб сўрашади. Бола жавоб беради: “Бу бўғирсоқ”. Бошқа расмни кўрсатиб сўрашади: “Бу нима?” Жавоб беради: “Бу тулки”. Яна сўрайдилар. Аммо бола жавоб ўрнига худди катталардай дейдики: “Мендан бунақа майда-чуйда нарсаларни сўраманг. Сиз Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) ҳаётларини сўранг, айтиб берай”. Муаллималар “айтиб бер”, дейишади. Бу ерда асосий гап муаллималарнинг билмаган илмини бола билишида эмас. Асосий мурод – бу бола улғайганида ота-онасини хорлаб қўймайди. Ота-онаси ўтгандан кейин ҳам дуода бўлади. Фарзандига Ислом алифбесини ўргатган ота ва она ва дунё охиратлари учун икки муаззам сарой тиклаб қўйибдиларким, унда яшаш уларга муборак бўлсин.

 Абу Усайд (р.а.) ҳикоя қиладилар: “Биз Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларида эдик. Шу вақт бир киши келиб: “Ё Расулаллоҳ! Ота-онамнинг ҳаёт вақтларида қилган яхшиликларимдан ташқари уларнинг вафотидан кейин яна нима қилсам шу яхшилигим давом этади?” - деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга дедилар: – Тўртта нарсани қилиб юрсанг, уларга қиладиган яхшилигинг давом этаверган бўлади. Биринчиси – ота-онанг ҳақларига дуо қиласан ва гуноҳларини кечиришни Аллоҳ таолодан сўрайсан. Иккинчиси – уларнинг насиҳат ва шаръий васиятларини амалга оширасан. Учинчичи – уларнинг дўстларини ҳурматлайсан ва тўртинчи – қавм-қариндошлар билан улар туфайли қарор топган қариндошлик алоқаларини узмайсан.

Бу мавзуда айтаман десак, ҳикмат кўп. Бироқ, Алишер Навоий Ҳазратларидан бир неча байт ўқимасак, кўнглимиз ўрнига тушмайдиган кўринади:

Бири эрур макрумати волидайн,
Билки мунунг қилмоғидур фарзи айн.
Бу иккининг хидматини бир бил,
Ҳар неча ифрот эса, тақсир бил.

Яъни: Тарбиянинг яна бири ота-онани Ҳурмат қилиш; буни бажариш унинг учун мажбуриятдир (шартдир). Бу иккисига хизматни бирдек қил, хизматинг қанча ортиқ бўлса ҳам, кам деб бил.

Бошни фидо айла, ато қошиға,
Жисмни қил садқа ано бошиға.
Икки жаҳонингға тиларсен фазо –
Ҳосил эти ушбу иккисидин ризо.

Яъни: Отанг олдида бошингни фидо қилиб, онанг боши учун бутун жисмингни садақа қилсанг арзийди! Икки дунёйинг обод бўлишини истасанг, шу икки одамнинг розилигини ол!

Тун-кунунгга айлагали нур фош,
Бирини ой англа, бирисин қуёш.
Сўзларидин чекма қалам ташқари,
Хатларидин қўйма қадам ташқари.
Бўлсун адаб бирла бори хидматинг,
Хам қил адаб “дол”и киби қоматинг
.

Яъни: Туну кунингга нур бериб турган бирларини ой деб бил, иккинчиларини эса қуёш. Уларнинг сўзларидан ташқари бир нарса ёзма, улар чизган чизиқдан ташқарига бир қадам ҳам босма. Ҳамма хизматни сен адаб билан бажар, “адаб” сўзидаги “дол” ҳарфи каби қоматингни улар ҳузурида эг.

Маьдиев Мурод – Ургут тумани  “Сой” жоме масжиди имом хатиби  


Киритилган вақти: 03/04/2020 15:17;   Кўрилганлиги: 1586
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/ota-ona-bolani-odobli-axloqli-qilib-voyaga-etkazganlari-uchungina-olqishga-sazovor-boladilar
Чоп этилган вақт: 15/09/2024 16:01
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг