Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Осойишталигимиз сабабчилари

 
 

Яқинда вилоят марказидан ота-онамни кўриш учун туғилиб ўсган қишлоғимга қараб йўл олдим. Киракаш билан йўл ҳақини келишиб олганимдан кейин у менга: “Анави четда турган машина меники, бориб ўтириб туринг”, деди ва калитни қўлимга тутқазиб, ўзи яна одам олиш учун узоқлаб кетди. Машинани очиб ўтирар эканман, ўйланиб қолдим. Чунки, бундай ҳолатга жуда кўп дуч келганман ва бошқаларга ҳам бунингдек вазиятлар тез-тез учраб туради. Яъни, танимаган одамингиз сизга машина калитини тутқазиб, ўзи хотиржам мижоз ахтаради.

Мени ажаблантирган бу ҳолатларни эшитиб, балки кимдир ажабланаётгандир, “Арзимас нарса учун бунча куйиб-пишмаса, оддий ишга ҳам шунчами?”, деяётгандир. Фикри ожизимча эса бу оддий ҳол эмас. Бугунги нотинч замонда баъзи давлатларда ота ўз ўғлига, ака ўз укасига молини ишонолмайдиган даражага етиб борилди. Наинки мол, балки жонни асраш ҳам душвор бўлиб турилганда юртимиздаги тинчлик моҳиятини англаш, унинг нелар асосида бунёд бўлаётганини мулоҳаза қилиш ҳар биримизнинг асосий вазифамиздир.

Барчамизга аниқ ҳақиқат шуки, дунёда ҳеч қачон ўз-ўзидан нимадир бўлиб қолмайди. Оламда бир нарсанинг пайдо бўлиши, вужудга келиши учун, унга бошқа бир сабаб, боис бўлиши лозим. Бугун юртимизда бўлиб турган тинчлик, осойишталик, тараққиётнинг асосий омили эса кучли давлатчиликка асос солингани, чегараларимиз мустаҳкам қўриқланаётгани экани ҳеч кимга сир эмас.

Чегараларни мустаҳкамлаш, унинг ичида тинчликни таъминлаш ҳамиша бирламчи вазифа экани барчага аниқ ҳақиқат. Муқаддас динимиз ҳам юртни доимий ҳимоя қилишга ундайди ва унинг учун кўплаб кўрсатмалар беради. Жумладан:

وَعَنْ سَلْمَانَ الْفَارِسِيِّ قَالَ : سَمِعْت رَسُولَ اللهِ يَقُولُ : « رِبَاطُ يَوْمٍ وَلَيْلَةٍ خَيْرٌ مِنْ صِيَامِ شَهْرٍ وَقِيَامِه. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَمُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ ِ

Салмон Форсийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади:

"Расулуллоҳнинг шундан деяётганларини эшитдим:

"Бир кеча-кундуз чегара ҳудудни қўриқлаш бир ой нафл рўза тутиб, тунларини бедор ўтказишдан яхшидир". Имом Аҳмад, Муслим ва Термизий ривояти.

Дарҳақиқат, токи чегаралар қўриқланиб, тинч ҳаёт таъминланмас экан кишида ҳаловат бўлмайди,токи ҳаловат бўлмас экан на дин ишларида, на дунё ишларида бардавомлик, ривожланиш амалга ошмайди. Балки ҳаммаёқда парокандалик, ҳар ким ўз жонидан хавотирда, атроф таҳликага тўла ҳол юзага келади.

Хавф пайтидаги намозда исломнинг гўзал тадбирига эътибор қилинг. Бир гуруҳ кишилар намоз ўқиётганда иккинчиси уларни қўриқлаб туради. Иккинчи гуруҳ келганда олдингилар бориб уларнинг жойини эгаллайди ва натижада ибодат хотиржам адо этилади. Бу ўринда ҳимоянинг аҳамияти қандай юксак экани очиқ кўриниб турибди.

14 январ юртимизда Ватан ҳимоячилари куни сифатида ҳар йили кенг нишонланади. Шу куни ушбудек шарафли ва ўта масъулиятли вазифани зиммасига олган юрт ўғлонлари янада қадрланиб, юксак хизматлари натижаси ўлароқ бўлиб турган осойишталик қадри халққа яна бир бор эслатиб ўтилади.

Бугунги осойишта кунимиз сабабчилари бўлган юрт посбонларини байрамлари билан чин дилдан қутлаймиз ва Ватан ҳимоясидек юксак вазифани амалга оширишларида Аллоҳ таоладан кучу ғайрат, ҳифзу ҳимоя сўраб қоламиз.

Усмонхон Мухаммадиев

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Самарқанд вилоят вакиллиги мутахассиси


Киритилган вақти: 13/01/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2398
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/osoyishtaligimiz-sababchilari
Чоп этилган вақт: 08/11/2024 12:36
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг