Она тарбияси буюкликка йўлланма
Илм олиш динимизда улуғ ибодатлардан саналади. Ислом дини жаҳолатга қарши илм-маърифат билан курашишга катта эътибор қаратган. Илк нозил бўлган ваҳийнинг “Ўқи” деб бошланиши сўзимизнинг ёрқин далилидир. Ўқиш-илмнинг калитидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Ҳар бир мусулмонга илм талаб қилиш фарздир”, дедилар.
Ислом дини инсоннинг дунё ҳаёти учун лозим бўлган барча илмларни ўрганишни фарз даражасига кўтарган диндир. Занжий ибн Холид айтади: “Болалик пайтимизда Зуҳрийнинг ҳузурига кирган эдик,у зот бизга:” Илм талаб қилинглар. Шунда сиз дунёни истасангиз унга етишасиз,охиратни истасангиз ҳам унга етишасиз”, деди. Дарҳақиқат барча дунёвий илмларсиз инсон ҳаётини саодатли кечишини тасаввур этиб бўлмайди. Бугунги кунда тиб илми, ҳисоб илми инсон учун нақадар заруратдир. Қолаверса турли ишлаб чиқариш ва саноатга доир илмлар, фан-техника соҳасидаги барча дақиқ илмлар зарур бўлади. Чунки давлатнинг куч-қудрати, ўзга давлатларга қарам бўлиб қолмаслиги илм-фаннинг ривожи ва тараққиётига боғлиқдир.
Ислом дини илм-фанга тарғиб қилиб, унинг ҳукмини фарз даражасига кўтарар экан, бу ҳукм аёл-қизларни ҳам четлаб ўтмаган.Чунки жамиятнинг ярмини аёл-қизлар ташкил этади. Уларни илмсиз қолдириш жамиятни илмсиз қолдириш демакдир. Айниқса келажак авлод тарбияси аёл-қизларимизга боғлиқ.Улар билимли бўлишса келажак авлод ҳам билимли бўлади.Улар одобли бўлишса, келажак авлод ҳам одобли бўлади. Бир киши донишмандни олдига бориб : Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Иккаласини ўқитишга қурбим етмайди, фақат биттасини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай? деб сўрабди. Шунда донишманд: “Қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан , аммо қизингни ўқитсанг, бутун жамиятни ўқитган бўласан”, деб жавоб берган экан. Қанчадан-қанча алломаларни оналари тарбиялагани ҳеч биримизга сир эмас.
Барчамиз фарзандларимизни, айниқса қизларимизнинг таълим ва тарбиясига катта аҳамият қаратишимиз лозимдир. Жамиятимизнинг салоҳияти ва равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанади. Қайсики жамиятда илмга ташналик сусайса, илм ўрганишга эътибор камайса, ўша жамият тараққиётдан орқада қолади.Энг ёмони, у маънавий инқирозга ёки ҳалокатга юз тутиши муқаррар. Ҳар қандай жамиятнинг олимлари, зиёлилари, айниқса ота-оналар миллатнинг маънавий дунёси қашшоқланмаслиги, ахлоқи бузулмаслиги, сохта ва бузғунчи эътиқодлар, маданиятлар таъсирига тушиб қолмаслигига масъулдирлар. Фарзандларимизга мактабга бориб таълим олишнинг ибодат эканлигини билдиришимиз керак. Устоз, ўқитувчи ва мураббийлар ҳам ўзларига юклатилган бурч ва масъулиятни англаб, таълим ва тарбияни пухта олиб боришлари керак бўлади. Мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ота-она ва устознинг масъулиятидир.Уларнинг ўз ҳолларига ташлаб қўйиб, қаерда юргани, кимлар билан ўртоқлашаётгани, нималарга қизиқаётганидан огоҳ бўлмасликни оқибати аянчли бўлади. Буюк бобокалонимиз А.Навоий “ Ҳайратул-Аброрда” зикир қилганидек:
Ҳар нафасинг ҳолидан огоҳ бўл,
Балки анга ҳуш ила ҳамроҳ бўл
Ғафлат агар бўлса бу ишдин, даме,
Ким йўқ анингдек кишига мотаме.
Фарзанд тарбиясида айниқса она ҳушёрроқ бўлмоғи лозимдир.Илм бериш ва тарбия қилишда яхши гап кўпроқ манфаатли бўлади. Доно халқимиз: “Яхши гапга илон инидан чиқар, ёмон гапга пичоқ қинидан” дейди.
Электр чироқни кашф қилган Томас Эдисон болалик пайтида мактабдан уйига келгач онасига устоз бериб юборган мактубни берди ва “Буни ўқитувчимиз сизга бериб юборди”,-деди. Она мактубни ўқир экан, кўзларидан ёшлар оқди. Бундан хижолат ёш Томас хавотирга тушиб йиғини сабабини сўради. Онаси анча хотиржамлик ила жавоб берди: “Сенинг кучли қобилиятинг бор экан. Мана эшит: “Ўғлингиз ўта иқтидорли, мактаб унга ва унинг қобилиятига торлик қилади. Шунинг учин ўғлингиз уйида талим ола қолсин!”. Шундай қилиб Эдисон ўз уйида онасидан таълим-тарбия ола бошлади. Орадан йиллар ўтди. У лампочкани ихтиро қилди. Вақти соати етиб унинг онаси вафот этди. Онасининг вафотидан кейин олим онасини нарсалари турадиган жавондан мактуб топиб олди. Анча йил ўтган бўлсада, мактубни таниди. Бу ўша болалигида мактабдан келган мактуб эди. Бирзум тарих оғушига шунғиган Эдисон хатни ўз кўзи билан ўқий бошлади. Унда шундай деб ёзилган эди: “Ўғлингиз ўта беақил ва қобилиятсиз бола. Эртадан бошлаб мактабга келмасин!”. Эдисон анча вақтгача йиғисини тўхтата олмади. Сўнг хотиралар дафтарига қуйидаги сўзларни битиб қуйди: “Эдисон ҳақиқатдан ҳам ўта калта фаҳм бола эди, бироқ онасининг гўзал тарбияси сабабли истеъдод соҳибига айланди”. Она тарбияси буюкликка йўлланма.
Биз болаларимизни китоб ўқишга тарғиб қилиб, уларни китобхон, китобсевар қилайлик. Бир олим айтган экан: “Агар бирор қимматли нарсангизни ҳеч ким топа олмайдиган жойга бекитмоқчи бўлсангиз, китобнинг орасига солиб қуйинг,чунки бугунги одамлар китоб очмайдиган бўлиб кетишди”.
Фақат интернет билан чекланиб, илмни юзаки ўрганмасдан, китоб мутоаласига ҳам эътибор қаратайлик. Фарзандларимиз илм маърифатли бўлишида энг катта масъул биз ота-оналар эканимизни зинҳор унутмайлик.
Киритилган вақти: 16/03/2017 00:00; Кўрилганлиги: 3147
Чоп этилган вақт: 11/10/2024 16:27