Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ОМОНАТДОРЛИК

 
 

Омонат хиёнатнинг зидди бўлиб, инсонга юкланган шаръий таклиф ва ибодатга ўхшаш нарсалардир.

Омонатнинг маънолари:

Даҳҳоқ ибн Музоҳим ва Ҳасан Басрий: омонат – Аллоҳ таолонинг фарзларидир, деган.

Бошқа бир салафлар: омонат – тоатдир, дейишган.

Ибн Каъб розияллоҳу анҳу: Омонат – аёл киши ўз фаржига омонатдорлигидир, деган.

Қатода розияллоҳу анҳу: Омонат – дин, фарзлар ва шариат чегаралари, деган.

Зайд ибн Аслам розияллоҳу анҳу: Омонат учта – намоз, рўза ва жунубликдан ғусл қилиш, деган.

Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтади: Омонатдорлик ботиний таҳоратдир. У фисқ, катта гуноҳлар ва давомли қилинган кичик гуноҳлардан поклайди.

Фуқаҳолар омонатни икки турга ажратишган:

  • Омонатга қўйилган нарса. Бунга ория, вадийъа, ижара, музораба, ваколат кабилар киради.
  • Сифат маъносида. Қози, васий, вақф назоратчиси ва гувоҳ каби вазифаси омонат кишилари. Масалан, қозига адолат билан ҳукм қилиши учун берилган “ҳукм қилиш” ҳуқуқи омонатдир. Бошқалар учун ҳам шу.

Саҳоба ва салаф уламоларнинг омонат ҳақидаги фикрлари жуда кўп. Улар бир-бирини тўлдириб келган. Омонатнинг ҳукми ўз эгасига қайтарилишидир.

Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларини ўз эгаларига топширишга ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат билан ҳукм қилишни амр қилур. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).

Танамиз, ундаги жон ва куч-қувватимиз Аллоҳ таолонинг биздаги омонатидир. Улар шунчаки сақланадиган нарса эмас. Агар буйруқларни ўз вақтида бажариш ва қайтариқлардан қайтиш звазифасини бажаримаса, хиёнати шу. Булар банда ва Аллоҳ ўртасидаги масала. Ҳақлар иккига бўлинади:

  • Бандадаги Аллоҳнинг ҳаққи

Ҳисоб куни ҳақлар ўз эгаларига қайтарилади. Хўш, Аллоҳ азза ва жаллага тоат-ибодатларни қандай қайтарамиз?

  • Банда зиммасидаги банданинг ҳаққи

Омонат Аллоҳ таолодан бошқаники бўлса, у қаршисида омонат эгаси ва Рооббул оламинни кўради.

Аллоҳ кечиримли ва адолатли зот. Яхши амалларимиз учун эркалатиб, бошқанинг ҳаққини кечиб юбормайди.

Бир киши бошқасига омонат берди. Лекин унинг гувоҳлари йўқ. Бу омонат олганни алдаб қўймасин. Унинг гувоҳи йўқ пайтида ҳам бешта гувоҳи бор. Улар: икки томон елкасидаги иккитадан тўрт фаришта ва Аллоҳ азза ва жалла. Гувоҳликка улар етарлими? Қочиб қаёққа борамиз?!

Қуръони мажидда бундай марҳамат қилинади: “Эй, имон келтирганлар, билиб туриб, Аллоҳга ва Пайғамбарга ва омонатларингизга хиёнат қилманг!”(Анфол сураси, 27-оят).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий алайҳиссалом: Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса ёлғон гапиради, ваъда қилса, устидан чиқмайди, омонат берилса, хиёнат қилади” дедилар (Имом Бухорий,  Муслим, Тирмизий, Намоий ривояти).

Аслида омонатдор бўлиш учун мўмин бўлиш шарт эмас. Чунки у инсондаги табиий бир сифат. Худосиз ҳам омонатдор бўлиши мумкин. Лекин унга охиратда насиба йўқ. Мўминга эса дунёда ҳам охиратда ажр бор. Аллоҳ таоло жаннатийлар таърифида бундай деган:

“Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қилувчилардир”, (Муъминун сураси, 8-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам набийликдан олдин ҳам омонатдор эдилар. Пайғамбарлиу келганда мушрик ва кофирлар у зотга душманлик қилишди. Лекин омонатларини Набий алайҳиссаломга топширишган эди. Уларнинг зулми сабаб мусулмонлар ҳижрат қилишга мажбур бўлди. Али розияллоҳу анҳу Маккаликларнинг Пайғамбар алайиссаломдаги омонатларини эгаларига қайтараман деб улар кўплигидан анча муддан Маккада қолиб кетди. Ер юзи бунақа ҳолни кўрмаган. Бировни душман санайди лекин унга омонатини ишонади. У зот бизга ана шундай ўрнак бўлган.

 “Албатта, Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик. Бас, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Уни инсон кўтарди. Дарҳақиқат, у ўта золим ва ўта жоҳилдир”, (Аҳзоб сураси, 72-оят).

Уламолар оятдаги омонатни фарзлар, қайтариқлар ва шариат чегаралари, деб тафсир қилишган.

 Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: Аллоҳ осмонлар, ер ва тоғларга омонат ҳамда ундаги нарсани таклиф қилди. Улар: “ундаги нарса” нима дейишди. Агар, яхшилик қилсангиз, мукофотланасиз. Ёмонлик қилсангиз, жазоланасиз, дейилди. Улар  бош тортди. Уни одам кўтарди.

Энди нимани кўтариб олганимизга қарайлик!

Б Исмоилов - Тайлоқ тумани бош имом хатиби


Киритилган вақти: 03/10/2020 17:09;   Кўрилганлиги: 1345
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/omonatdorlik
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 18:04
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг