Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Оила муқаддас даргоҳ

 
 

Одамни тупроқдан яратган ва сокинлик топиши учун ундан ўз жуфтини яратган ҳамда уларнинг никоҳ орқали оила қуриб яшашларини ирода қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!

“Никоҳ менинг суннатимдир. Ким суннатимдан юз ўгирса, мендан эмасдир”, деган Расули Акрам Муҳаммад Мустафога саловату саломлар бўлсин!

Никоҳ туфайли “оила” деб номланган муҳташам ошён қурилади. Унда эру хотин, улардан дунёга келган ўғил-қизлар, невара-чеваралар бир-бирлари билан муқаддас алоқа орқали боғланиб яшайдилар. Улар орасидаги қариндошлик алоқалари алоҳида маъно касб этади. Шундай йўл билан “оила” номли кичик бир жамият пайдо бўлади. Улар орқали эса катта ва мустаҳкам жамият юзага келади.

Мусулмон эркак ва аёлнинг никоҳда бўлишларини тарғиб қилиб, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ Восеъ ва Алиймдир”. (“Нур” сураси, 32-оят).

Бу ояти каримадан англашилганидек, мусулмонларни никоҳланишга амр этилмоқда. Ва шу билан биргаликда унда ҳикмат мужассам. Миллий қадриятларимизда ҳам оила муқаддас саналган. Минг афсуски, кейинги вақтларда ажримлар сони ортиб боряпти. Ачинарлиси, уларнинг аксарияти арзимас сабаблар билан юзага келмоқда.

Яқинда бир ҳолатга гувоҳ бўлдик. Бир неча ой аввал оила қурган ёшлар ўзаро келиша олмай, жанжаллашиб қолишибди. Иккиси ҳам ажралиш тарафдори экан. Ўрганилганда эрнинг ҳеч қаерда ишламаслиги, оиладаги етишмовчилик, аёлнинг беандишалиги бундай ҳолат юзага келишига асосий омил бўлгани ойдинлашди.

Муқаддас динимизда эр киши аҳли аёлининг таъминоти учун масъулдир. Ўзбекчилигимизда ҳам аҳли аёлини иқтисодий томондан таъминлаш ориятга дахлдор масала ҳисобланади. Қолаверса, ҳадиси шарифларда ҳам бу ҳақда зикр қилинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Бир динорни Аллоҳнинг йўлида нафақа қилдинг. Бир динорни қул озод қилишга нафақа қилдинг. Бир динорни мискинга нафақа қилдинг. Бир динорни аҳлингга нафақа қилдинг. Энг савоби улуғи аҳлингга нафақа қилганингдир”.

Аҳмад ва Муслим ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадисдан аҳли аёлни нафақа билан таъминлаш қанчалик шарафли ва савобли иш эканини билиб олишимиз қийин эмас.

Шу ўринда аёл кишининг ҳам маълум бурч ва вазифаларини эслатиб ўтиш жоиз.

Имом Аҳмад Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича:

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Агар қайси бир аёл беш вақт намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, ҳаром йўллардан сақланса ва эрига итоат қилса, унга: “Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг, киравер”, дейилади”, – деган эканлар.

Эътибор берайлик. Бу ўринда аёл учун ўз эрига итоат қилиш жаннатга кириш учун муҳим омил бўлиши таъкидланмоқда. Яна жаннат аҳлининг энг шарафлиларидан саналишига асос бўлиши кўрсатилмоқда. Бошқа бир ҳадисда эса Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Қайси бир аёл узрли сабабсиз эридан талоқ қилишини сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳам ҳаром бўлади” дедилар”.

“Сунан” эгалари ривоят қилганлар. Термизий ҳасан деган.

Шундай экан, арзимас сабаблар ёки эр-хотиннинг ўз бурч-вазифаларини тўлиқ бажармаслиги оқибатида ажралиб кетишлари яхши иш эмас. Қолаверса, ҳадисда айтилишича, талоқ тушганда Аллоҳ таолонинг арши ларзага келар экан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суюкли қизлари Фотима онамизни ҳазрати Алига турмушга берган вақтларида шундай насиҳат қилганлар:

“Қизим, ўзингни ҳамиша озода тут. Роббингни зикр қил ва вужудингни сув билан покла. Эринг сенга боққанда ҳурсанд бўлсин. Кўзларингга сурма қўй. Чунки у аёлларга зийнатдир. Бошингга зайтун мойидан сурт, чунки зайтун мойи суртган аёлга шайтон яқинлашмайди.

Эй, Фотима! Эринг сенга қараганда, кўзларингни юмма, токи муҳаббатинг кучайсин. Эринг бошқа тарафга қараган пайтда унинг юзига боқ, бу билан бир ой рўза тутганлик савобини оласан.

Эй, Фотима! Эринг сени ётоққа чақирганда рад этма. Бундай қилсанг, Аллоҳнинг лаънатига қоласан. Яқинлик пайтида қувноқ бўл, токи эрингнинг муҳаббати ортиб, бошқага кўнгил қўймасин.

Эй, Фотима! Эрингнинг камчиликларини, айбини бировга айтма, бундай қилсанг, Аллоҳнинг, Пайғамбарнинг, фаришталарнинг ва эрингнинг нафратига учрайсан. Сен уй юмушларини бажар, эринг эса уйдан ташқаридаги ишларни қилсин. Эй қизим, бу ўгитларни менга дўстим Жаброил алайҳиссалом ўргатди”.

Биз, ота-оналар ҳам фарзандларимизни уйлантираётганда ёки турмушга узатаётганда шу каби ўгитларни беришимиз лозим. Бу ҳам хайрли, суннат амаллардан бўлади, иншааллоҳ.

Аллоҳ таоло барча оилаларимизни ва уларнинг барча аъзоларини бахтиёр бўлишларида Ўзи ёрдамчи бўлсин! Ўсиб келаётган ёшларимизни иймонли, эътиқодли ва инсофли бўлиб, шариат аҳкомларига амал қилган ҳолда бахтли-саодатли ҳаёт кечиришларини Яратган Зот муяссар қилсин.


Киритилган вақти: 07/08/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2897
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/oila-muqaddas-dargoh
Чоп этилган вақт: 02/12/2024 15:04
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг