Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ОИЛА МУҚАДДАС

 
 

“Оила” сўзини аввал луғат жиҳатидан ўрганадиган бўлсак, у араб тилидаги “авлун”, “айлатун” сўзларидан олинган бўлиб, “таъминлаш”, “боқиш”, “аёлманд” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса “Эр-хотин, улар билан бирга яшовчи кишилар мажмуи, хонадон”, “Бир мақсад, маслак билан бирлашган кўп кишилар, халқлар, мамлакатлар” маъноларида ишлатилади.

Халқимизда оилани муқаддас, яъни уни табаррук, азиз, ҳурматга сазовор деб қаралади. Албатта бу бежиз эмас. Чунки, оила жамият ичра кичик жамият ҳисобланади. Оилалар барпо бўлиши ва улардан зурриётларнинг дунёга келиши инсоният наслининг давом этиши омилидир. Шу билан бирга фарзандларни тарбиялаб, илмли, одобли, ҳар томонлама етук, халқ ва юртига, қолаверса инсониятга манфаати тегадиган бўлиб етишишида оила катта мактаб вазифасини ўтайди.

Мамлакатимизнинг бош қомусида оиланинг жамиятдаги ўрни қонунан белгилаб берилган.

Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган инсон қандай яшаса саодатли бўлишини яхши билган Аллоҳ таоло эркак ва аёлларнинг никоҳ орқали оила қуриб яшашларини ирода қилган. Аллоҳ таоло Қуръони Карим оятларида инсон зотининг жуфт – эркак ва аёл қилиб яратилишининг ҳикматларини баён қилиб, “Наҳл” сурасида шундай марҳамат қилган:

Аллоҳ сизларга ўзларингиздан жуфтлар қилди ва сизларга жуфтларингиздан болалар ва набиралар қилди ҳамда сизларни пок нарсалардан ризқлантирди” (72-оят).

Демак, инсонларни Аллоҳ таоло эр-хотин бўлиб, жуфт бўлиб яшайдиган қилди, уларга фарзанд бериб, жигаргўшасининг фарзандини ҳам кўриш, набирали бўлиш бахтини ато этди.

Инсонлар ўзаро оила қуриб яшашлари ва ўзларидан зурриётлар қолдиришлари Яратган Зотнинг иродаси экан. Шунинг учун ҳам оила муқаддасдир.

Жаъфар бин Муҳаммад отасидан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

Албатта, Аллоҳ азза ва жалла мени никоҳдан чиқарди, зинодан чиқармади” (Байҳақий ривояти).

Хуллас, Аллоҳ таоло инсон зотига, уларнинг йўлчи юлдузлари бўлмиш Анбиёларига, Анбиёларига эргашган авлиёларига ва барча умматларига оила ҳаётини раво кўргандир.

Афсуски, оиланинг муқаддаслигини тўлиқ англаб етмаган айрим ёшлар арзимаган сабабларни рўкач қилиб муқаддас риштани узилиб кетишига йўл қўймоқдалар. Ҳали чилласи чиқмаган ёш келинни кўриш учун келган онасини муносиб кутиб олинмаганини баҳона қилиб қайнона ва турмуш ўртоғи билан жанжал чиқарган келинчак ва унинг не не орзулар билан бир ёстиққа бош қўйган куёви орасига совуқлик тушиб, гулдек оила бузилиб кетганига гувоҳ бўлганмиз. Мени севганим бор, дея тўйнинг иккинчи кунидаёқ муқаддас оиладан воз кечиб, ота-оналирини юзига оёқ қўйиб кетганлар, оила ва уни қадрини, унинг неъмат эканлиги унутиб, ўз ҳолига ташлаб номсиз, изсиз йўқ бўлиб кетаётганлар ҳақида атрофимиздаги инсонлардан тез-тез эшитиб турамиз. Тўғри, исломда талоққа рухсат берилган. Айни чоғда ўта масъулиятли, ўта оғир қарор бўлгани учун бу ишга фақат охирги чора сифатидагина ижозат берилган, лекин шунда ҳам бу иш Яратганнинг энг ёмон кўрган нарсасидир. Бу ҳақда Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган муборак ҳадиси шарифда Набий солаллоҳу алайҳи васаллам шунда деганлар:

“Аллоҳ азза ва жаллага энг ёмон кўрилган ҳалол – талоқдир”.

Оилаларимизнинг мустаҳкамлиги, бахтиёрлиги барчамиз учун зарурдир. Шунинг учун ҳам ҳар биримиз ушбу аҳамиятли ишга ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Аллоҳ таоло барча оилаларимизни ва уларни барча аъзоларини тинч, бахтли бўлишларида Ўзи ёрдамчи бўлсин.


Киритилган вақти: 19/01/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 3406
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/oila-muqaddas
Чоп этилган вақт: 01/12/2024 21:42
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг