Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Нега Масжидул Ҳаромга киритилмайди?

 
 

Республикамизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ юртимизга ташриф буюрадиган зиёратчилар сони ортишда давом этмоқда. Уларнинг орасида ҳар хил миллат ва элатга мансуб, турли дин ва конфессия вакиллари ҳам бор.

Кўпинча масжид ва муқаддас қадамжоларда уларни томоша қилиб юрган ўзга дин вакилларини ҳам учратиш мумкин. Ана шу пайтда фикрингизни турли ўй-хаёллар чулғаб олади: “Масжидга мусулмон бўлмаган кишининг кириши жоизми?” “Баъзи мусулмон давлатларда бунга йўл қўйилмасмиш”, “Ҳа айтганча, Маккаи мукаррамага киритилмайди-ку!”

Аслида-чи, бу ҳақда шариатимизнинг кўрсатмаси қандай, хусусан, ҳанафийлик мазҳабида.

Маълумки, араб қабилалари жоҳилият даврида ҳам ҳаж ибодатини адо этиб келишган. Лекин улар мушрик бўлгани учун бажараётган ҳаж маносиклари тавҳидга зид келарди. Баъзилари ҳатто Каъбани яланғоч ҳолда тавоф этарди. Бу ҳолат то ҳижратнинг тўққизинчи йилига қадар давом этди. Ўша йили Аллоҳ таоло Тавба сурасини нозил қилиб, унда Макка мушрикларига қилинадиган муносабатни узул-кесил ҳал қилиб берди, жумладан:

“Эй иймон келтирганлар! Албатта, мушриклар нажасдирлар, бунга шубҳа йўқ, бу йиллардан кейин Масжидул Ҳаромга яқин келмасинлар…” (29-оят).

Мазкур оятдаги “яқин келмасинлар” жумласини ҳанафий уламолари “ҳаж ва умра учун яқинлашмасинлар” деб, тафсир қилганлар. Зеро, “бу йиллардан кейин” деб таъкидланиши ҳаж мавсумига ишорадир, чунки у йилда бир марта келади. Агар мутлақ кириш назарда тутилганида, кейинги йилга қолдиришдан ҳеч қандай маъно бўлмас эди.

Қолаверса, бу оят нозил бўлишидан олдинроқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр розияллоҳу анҳуни одамларга раҳбар қилиб, Ислом тарихидаги биринчи ҳажни адо этиш учун Маккаи мукаррамага юборганлари ва ўша йилдан кейин мушриклар ҳаж ва умра қилмасликларини эълон қилишга буюришлари ҳам юқоридаги маънони қўллаб-қувватлайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу мени наҳр куни Минода: “Мана шу йилдан кейин бирорта мушрик  ҳаж қилмайди ва  Байтни яланғоч ҳолда тавоф қилмайди”, деб нидо қилувчи кишилардан қилиб юборди” (Муттафақун алайҳ).

Мазкур оятдаги ҳукм масаласида мужтаҳид уламолар ихтилоф қилишган. Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ наздида оятнинг зоҳирига кўра, мушриклар фақат Масжидул Ҳаромга кира олишмайди, қолган масжидларга киришлари мумкин, чунки оятда фақат мазкур масжид ҳақида сўз юритилган. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ ҳам шу фикрни қўллаб-қувватлаганлар.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ эса бу оятни янада кенгроқ тафсир қилиб, мушрикларнинг шу йилдан кейин нафақат Масжидул Ҳаромга, балки бошқа барча масжидларга ҳам киришлари тақиқланади, деб таъкидлаганлар.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: “Мазкур оятда гап мушрикларнинг оддий ҳолдаги кириб чиқишлари эмас, балки фақат ҳаж ибодатини бажаришлари ҳақида бормоқда” деганлар. Шунинг учун у зот мушриклар ҳар қандай масжидга, ҳатто Масжидул Ҳаромга ҳам киришлари мумкин, деб ҳисоблайдилар. Имомнинг фикрича, уларга фақат ҳаж ва умра қилиш тақиқланган, негаки, ушбу оят нозил бўлгунга қадар Макка мушриклари ҳам ҳаж қилишар эди.

Демак, бошқа мазҳаблардан фарқли ўлароқ, ҳанафий мазҳабига кўра, мусулмонларнинг масжидларига бошқа дин вакиллари ҳам кириши мумкин экан. Албатта, рухсат ибодат қилиш маъносида эмас, балки зиёрат, томоша қилиш каби маънолардадир.

Manba: hidoyat.uz


Киритилган вақти: 23/12/2019 13:13;   Кўрилганлиги: 1066
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/nega-masjidul-haromga-kiritilmaydi
Чоп этилган вақт: 15/09/2024 15:11
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг