НАВРЎЗ МИЛЛИЙ ВА АНАНАВИЙ БАЙРАМ
Қадим қадимдан халқимизнинг эзгу мақсад ва гўзал қадриятларини, ўзида мужассам қилиб, қадим аждодларимиздан бизларга мерос сифатида ўтиб келаётган Наврўзи олам яна юртимизга кириб келди. Ҳижрий-шамсий тақвим бўйича Қуёшнинг биринчи буржга ва ойнинг ўн икки бурждан бири – Ҳамал кириши билан “Наврўз”, “Янги кун”, у билан бирга эса янги йил ва янги фасл – баҳор кириб келади. Наврўз ва янги йил келиши биланоқ, фасллар келинчаги дея таъриф қилинадиган баҳор нафасидан борлиқ танасига қайта жон киради. Муҳтарам Юртбошимизнинг фармонлари шарофати ила юртимиз яна жонажон Наврўзга бағир очди. Асрлар оша эзгулик, нафосат ва яшариш байрами бўлиб келган бу қадимий байрам истиқлол йилларида янада ўзгача тароват касб этмоқда. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда яшаётган турли миллатлар тили ва динидан қатъий назар, барча юртдошларимиз Наврўз байрамини соғиниб кутадиган, умум халқ байрамига айлантиришди.
Шарқона янги йилнинг бошланиши, табиат уйғонишининг рамзи, асл миллий, энг ардоқли байрам бўлмиш Наврўз одамзотнинг табиат билан уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб яшашида, жамиятимизда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодимизни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни ва таъсири тобора ортиб бормоқда.
Наврўз Шарқ халқлари орасида бир неча минг йиллардан буён яшаб келмоқда. Наврўз бирон бир санани нишонлаш учунгина байрам қилинадиган ҳодиса ҳисобланмайди. У табиатнинг ўзидан келиб чиққан, куни тун тенглашгандан сўнг, энди кунларнинг узайиши, узлуксиз меҳнат арафасидаги байрамдир.
Узоқ қишдан сўнг кўкда қуёшнинг юз кўрсатиши, қирда майса-гиёҳларнинг ниш уриб чиқиши халқимиз учун ҳақиқий шодиёнага айланади. Нега деганда, ўтган йилги йиғилган ғалла ҳам, озиқ-овқатлар ҳам соб бўлай деган, иликузди пайтларда яна Она Табиатнинг ўзи меҳр-мурувват кўрсатиб, ёруғ кунлардан дарак беради. Шу кунларгача эсон-омон етиб келган қарияларнинг ҳам томирларида қайтадан ғайрат жўш уради.
Бу байрамнинг нав-янги, рўз-кун, яъни янги кун деб аталиши ҳам бежиз эмас. Наврўз байрамини барча форс, туркий тилларда сўзлашувчи халқлар ҳар йили баҳорда нишонлаб келишган. Бу қадимий, анъанавий Янги йил байрамимиз ҳақида улуғ боболаримиз Абу Райҳон Беруний «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарида, Маҳмуд Қошғарий эса «Девону луғотит турк» асарида жуда ҳам қизиқарли маълумотлар ёзиб қолдирганлар. Умар Ҳайём олим, шоир, файласуф сифатида бу байрам ҳақида «Наврўзнома» номли махсус китоб ёзганлар. Бугун юртимизда ҳам барча Шарқ халқлари сингари ўз миллий урф-одатимиз Наврўз-Янги йил байрамимизни бор малоҳати, бўй-басти билан кўз-кўз қилиб ўтказаяпмиз. Наврўз байрами кеча билан кундузнинг тенглашган пайти, баҳор фаслининг 21-22 март кунларидан бошлаб бир ҳафта, ўн кун давомида ўтказилган. Бу байрам, аввало, табиатнинг жонланиши, янгиланиши, янги йил билан юртимизга гўзал Баҳор фаслининг кириб келиб, келинчакдек ўз яшил сепини кенг ёйиши билан бошланган. Ота-боболаримиз, буви-момоларимиз бу байрамни нишонлаб, турли-туман, ранг-баранг удум ва маросимлар ўтказишган. Қадимда аждодларимиз Наврўз кунлари қиш манзиллари-қишлоқлардан ёзги меҳнат ва ҳордиқ масканлари-ёзлоқларга кўчиб ўтишган. Далаларда баҳорги экин-тикин ишлари бошланиб кетган. Деҳқонлар эрга донлар экишган. Жамоа-жамоа бўлиб, ҳашарлар уюштирилган. Ўтган аждодлар руҳи ёд қилинган. Уларнинг мозорлари ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштирилган. Оммавий равишда мевали, манзарали дарахтлар ўтказилган. Бизлар ҳам шундай хайрли ишларни давом эттирсак, фарзандларимизга бундай қадриятларни сингдириб борсак авлодларимиз ҳам бундай ананаларни давом эттиради. Муқаддас ислом динида инсон тозалик ва покликни ўз ўрнига қўйиш билан бирга, атроф муҳитни ҳам озода сақлаши ва барча мавжудотлар ҳаётининг манбаи бўлган табиатни асрашга алоҳида эътибор қаратган. Зеро Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллламдан Абу Барза Асламий исмли саҳоба: “Мени жаннатга киритадиган ишга буюринг” деб сўрадилар. Шунда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла”, дедилар. Шу ҳадисдан ҳам маълум бўладики инсон доимо табиатни асраш авайлаши, инсонларга зарари етадиган нарсаларни қилмаслиги керак экан.
Наврўз таомлари ўзига хос бўлиб, улар орасида, айниқса, сумалак, ҳалим тайёрлаш анъанавий одат тусига кирган. Бу байрамда болаларнинг иштироклари, айниқса, жуда фаол бўлади. Улар Наврўз байрамида турли оммавий байрам ўйинлари ўйнайди. От ўйин, чиллак, қўғирчоқ ўйин, тош, лапар, ип ўйинлари ва ҳоказолар шулар жумласидандир. Болалар, ўсмирлар, ўспиринлар, бўй қизлар, айниқса, сумалак пишириш маросимида фаол иштирок этиш учун унга анча илгарироқ тайёргарлик кўришади. Буғдой донини махсус идишларда қулай иқлим шароити яратиб, сабза қилиб ундириб олишади. Сўнг уни кеча-кундузи билан катта дошқозонларда қайнатиб, сумалак тайёрлашади. Аёнки, туну кун тинмай дошқозон қайнайверса, анча-мунча ўтин етмайди. Шунинг учун ҳар бир хонадон бир боғ, ярим боғдан, ишқилиб, ўтинга ҳам ўз улушларини қўшадилар. Бу арзимасдек кўринган ҳаракат остида жуда улкан маъно ётади. Яъни халқнинг биргалашиб ҳаракат қилишга нону тузини, топган-тутганини бирга баҳам кўришга интилиш ётибди. Наврўз байрамининг энг аҳамиятли жиҳатларидан яна бири, кексаларга ҳурмат, уларнинг ҳолларидан хабар олиш, кўмак беришдир. Ёши кексалар билан кўпроқ суҳбатда бўлсак, уларнинг бой ҳаётий тажрибаларидан ўрганамиз, дунёқарашларимиз ўзгаради. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Биз кимга узоқ умр берсак, унинг вужудини ҳам (эгик, заиф) қилиб қўюрмиз. Ахир ақл юргизмайдиларми” (Ёсин,68)
Ушбу оят ҳар бир инсонни кексаларга нисбатан бағрикенглик билан яхши муомалада бўлишга ундайди. Кекса отахону онахонларимизни борликлари, бу биз ёшларни улкан бахтимиздир. Уларнинг хайрли дуолари билан Аллоҳ таоло бало офатлардан асрайди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Агар ораларингизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдек оқиб келарди”, дея огоҳлантирганлар. (Имом Байҳақий ривояти)
Ёши улуғлар ҳар доим бало офатларга нохушликларга қалқон бўлиб келишган. Дуогўйларимиз бўлмиш кекса отахонларимизни ҳурмат қилиш ва эъзозлаш ҳар биримизнинг бурчимиз ва муқаддас динимизнинг амридир.
Баҳор байрами, кўклам қувончи билан йўғрилган нафосат байрами ҳаммамизга муборак бўлсин азиз юртдошлар!
Киритилган вақти: 19/03/2016 00:00; Кўрилганлиги: 3773
Чоп этилган вақт: 06/12/2024 11:55