НАВОИЙГА АТАЛГАН ФОРСИЙ ТАФСИР
Ҳазрат Алишер Навоий нафақат беқиёс истеъдодли шоир, тақводор мутасаввуф, адолатли давлат арбоби, балки кўплаб олимлар, адиблар, толиби илмларга ҳам моддий ҳам маънавий ёрдам бериб, уларни машҳур асарлар битишга ундашга сабабчи бўлган саҳоватпеша олижаноб инсон ҳам эди. Ўша даврларда ёзилган кўплаб асарларда бу ҳақда таъкидланган. Шундай машҳур асарлардан бири Ҳусайн Воиз Кошифий қалимига мансуб форс тилидаги “Қуръон” тафсиридир. Камолиддин Ҳусай Воиз Кошифий асли Хуросоннинг Сабзавор шаҳридан бўлиб, султон Ҳусай Бойқаро давлатида катта обрў-эътиборга эга йирик олим эди. У илмнинг кўп соҳаларида мукаммаллик асб этган. Ҳирот мадрасаларида дарс берар, жоме масжидларда маъвизалар ўқирди. Унинг воиз номини олишига ҳам шу маърузаларида Қуръон оятлари ва пайғамбар ҳадисларидан моҳирона фойдалангани ва фасоҳат, балоғатга йўғрилган таъсирчан нутқи сабаб бўлган. Алишер Навоий “Мажолису-н-нафоис” асарида Ҳусай Воиз Кошифийнинг қомусий олим экани, ҳар соҳада ажойиб китоблар тасниф қилгани ҳақида хабар бериб, “Оз фан бўлгайки дахли бўлмаган”, деб таърифлайди.
Фоиз Кошифийнинг ўғли Фахруддин Али Сафий ҳам ўз даврининг етук олимларидан бўлиб, бир қанча асарлар ёзиб қолдирган. Хўжа Аҳрори Вали ҳаёти ва Нақшбандия тариқатига бағишланган “Рашахоту айнул ҳаёт” (“Ҳаёт бўлоғидан томчилар”) асари ҳам унинг қаламига мансуб.
Воиз Кошифийнинг ушбу форсий тафсирлари кейинги даврларда “Тафсирий Ҳусайний” номи билан машҳур бўлган кўринади. Ўша даврда ёзилган асарларда у “Жавоҳиру-т-тафсир ли туҳфатил амир” (“Амирга туҳфа қилинган тафсир жавоҳирлари”) номи билан аталади. Лекин асар дебочасида ва хотимасида муаллиф уни “Маҳоиби алийя”, (“Алийга ҳадийя”) беб номлайди. Муаллиф таъкидлаганларидек ва бошқа бир қанча асарларда хабар берилганидек ушбу тафсир улуғ амир Алишернинг таклифи ва ҳомийлигида ёзилган ва унга бағишланган.
“Маҳоби Алия”нинг қўлёзма ва тошбосма нусхалари кенг тарқалган. Шарқшунос С.Лутфуллаевнинг ёзишича, қўлёзма нусхаларнинг аксарияти анча қадимий, темурийлар даврига тўғри келади. Ҳатто муаллифнинг ўзи томонидан кўчирилгн нусхаси ҳам бизгача етиб келган ва Ўз.Р. ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида 2181 рақам остида сақланмоқда. Адабиётшунос Ш.Сирожиддинов ушбу асарнинг XVII асрда кўчирилган қўлёзма нусхаси СамДУ қўлёзмалар фондида мавжуд эканлигидан хабар беради. Тошбосма нусхалари эса XIX асрда Ҳиндистонда чоп этилган.
Форсий тафсиршунослик тарихида Абдураҳмон Жомий, Хожа Яъқубий Жархийлар ҳам Қуръоннинг баъзи жузларини тафсир қилиб, китоблар ёзганлиги маълум. Лекин Воиз Кошифий асари Қуръоннинг барча суралари тафсирини ўз ичига олган ва шарҳлар тўлиқроқ, мукаммалроқ эканлиги билан эътиборга эга. Шу сабабли ҳам бу асар беш асрдан буён барча форсийзабон мусулмонлар, толиби илмлар, тадқиқотчилар учун муҳим илмий, исломий манба бўлиб хизмат қилиб келмоқда.
Булардан шундай хулоса чиқариш мумкинки, Алишер Навоий ҳаёти ва илмий меросини ўрганишда унга замондош ва у билан яқин алоқада бўлган адиб ва олимларнинг ижодини ўрганиш муҳим аҳамиятга эгадир.
Киритилган вақти: 09/02/2017 00:00; Кўрилганлиги: 2389
Чоп этилган вақт: 05/10/2024 11:15