Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Намоздан кейинги тасбеҳлар

 
 

Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Намоз) ортидан келувчиларни айтувчилар ёки қилувчилар ноумид бўлмаслар. Ҳар бир намоз ортидан ўттиз учта тасбиҳ, ўттиз учта ҳамд ва ўттиз тўртта такбир», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда зикр қилинган ҳар бир намоз ортидан ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамду лиллаҳ», ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар»ни зикр қилиш, кейинги ривоятларда келадиган зикрлар ила уйғунлашиб татбиққа кирган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Муҳожир фақирлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Кўп молли кишилар даражотларни ва доимий неъматни олиб кетдилар», дейишди. У зот: «У надир?» дедилар. Улар: «Биз намоз ўқиганимиздек, намоз ўқирлар. Биз рўза тутганимиздек, рўза тутирлар. Улар садақа қилурлар. Биз садақа қила олмасмиз. Улар қул озод қилурлар, биз озод қила олмасмиз», дедилар.

Бас, У зот: «Сизни ўзингиздан олдингиларга етиб олишингиз, ўзингиздан кейингилардан ўтиб кетишингизга сабаб бўладиган, сиздан ҳеч ким афзал бўлмайдиган, фақат сиз қилганни қилсагина бўладиган нарсага далолат қилайми?» дедилар. Улар: «Ҳа, эй, Аллоҳнинг Расули», дейишди. У зот: «Ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта тасбиҳ, такбир ва ҳамд айтасиз», дедилар. Абу Солиҳ: «Муҳожир фақирлар яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб келиб: «Аҳли мол биродарларимиз биз қилган нарсани эшитиб қолиб, ўшанга ўхшаш ишни қилдилар», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ул Аллоҳнинг фазлидир, хоҳлаган кишисига берур», дедилар». Тўртовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда мусулмонларнинг биринчи авлодига хос бир фазийлат устида сўз кетмоқда. У ҳам бўлса, савоб иш қилишда бир-биридан ўтишга бўлган ҳаракат ва унга эришиш йўлларини излашдир.

Фақир-мискинликлари туфайли бой-бадавлатларга ўхшаб садақа қила олмай, қул озод қила олмай юрган муҳожир саҳобалар қандоқ қилиб кўпроқ ажру савобга эга бўлишлари мумкинлигини сўраб келишди. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни намоздан кейин зикр қилишга иршод қилдилар.


Киритилган вақти: 11/04/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 2323
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/namozdan-keyingi-tasbehlar
Чоп этилган вақт: 18/07/2024 10:42
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг