МУСТАҚИЛЛИК БЕБАҲО НЕЪМАТ
Аллоҳ таоло томонидан халқимизга берилган энг катта неъматлардан бири бу – мустақилликдир. Мустақиллик туфайли миллий – диний қадриятларимиз тикланди, халқимиз яхши яшашлиги учун имкониятлар эшиги очилди. Бугунлик кунда Ўзбекистон дунё мамлакатлари ичида шаҳдам қадам ташлаб бораётган келажаги буюк давлатга айланди. Президентимиз бир нутқларида: “Ўзбекистон давлати тишқи сиёсатининг маъно-мазмуни ва мақсади битта – у ҳам бўлса Ўзбекистон манфаати ва яна бир бор Ўзбекистон манфаати”, деб таъкидлаган эдилар. Бу мақсад муаммолар ва халқаро ҳаётнинг турли соҳаларига нисбатан мавжуд манфаатли қарашларни очиқ мулоқотлар ва бошқа дипломатик усуллар билан ҳал этишга ундайди.
Истиқлол шарофати билан халқимиз мана 25 йилдирки эркин нафас олмоқда. Ўз келажагига, фаровон ҳаётига ишонч билан яшамоқда. Қисқа муддат ичида она Ватанимиз таниб бўлмас даражада гуллаб яшнади. Ҳар бир соҳада катта-катта ижобий ўзгаришлар бўлди. Чекка олис қишлоқларда замон талабига жавоб берадиган мактаблар ва коллежлар қурилиб аҳолига олий даражада хизмат қилмоқда. Бундан ўттиз йил олдинги ҳолатни кўз ўнгимизга келтирсак халққа бўлаётган жабр зулмлар кўплигининг ҳадди-ҳисоби йўқ эди. Оддий мисол тариқасида айтадиган бўлсак эр ўз хотинига хўжайинлик қила олмасди. Биригада бошлиғи яъни биригадир бутун бошли биригададаги аёлларга ўз ҳукмини ўтказар эди. Шўрлик аёллар бирор жойга бормоқчи бўлишса биригадирдан рухсат сўрарди. Рухсат берсагина борар, бўлмаса боролмас эди. Болаларини эрта тонг эмизиб бешикка белаб ишга чиқар, шундан тушлик пайтигача бола бешикда ётаверарди. Иш пайтида эса аёлларни хоҳлаганича ҳақорат қилиб, сўкиб, ҳатто қўлидаги қамчиси билан уриб ишлатарди. Болаларга бўлган эътибор йўқлигидан ёшлар орасида ўлим тез-тез учраб турарди. Мустақиллик шарофати билан аёлларимизга катта имкониятлар берилди. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқи давлат ҳимоясига ўтди. Фарзандли бўлган она ўз боласини бағрига босиб тарбия қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Қолаверса фарзанд тарбияси давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Жорий йилнинг “Соғлом бола” йили деб номланиши ва бу борада миллиардлаб маблағларнинг ажратилиши ўзбек халқининг юксак даражага етганидан далолатдир.
Собиқ тузум давридаги масжидлар ҳақида гапирадиган бўлсак, қанчалари бузиб ташланди. Қолганлари эса илонхона, чаёнхонага айланди. Азиз-авлиё боболаримиз қўним топган жойларни иложи борича харобага айлантириб, номларини ёмонотлиққа чиқарди. Динсизларнинг китобларида: “Дин умр бўйи бошқаларга ишлаб, муҳтожлик ва ғарибликда яшаб келган халқ оммасини ҳар ерда ва ҳамма жойда эзадиган руҳий зулм шаклларидан биридир. Дин – маънавий оғунинг бир туридир”, деб ёзилган таълимотлар кишиларни динсизликка чорлади. Бунинг таъсирида қанчадан қанча Қуръон, ҳадис ва бошқа илмий асарлар ёқиб юборилди. Олим ва муллаларни сургун қилиб халқдан ажратиб қўйди.
Бугунчи? Бугун масжидлар маърифат ўчоғига айланди. Азиз авлиёлар қўним топган жойлар ободонлаштирилиб, зиёратчилар учун замон талабида хизматлар жорий қилинди. Ҳар йили беш мингдан ортиқ юртдошларимизга ҳаж сафарига бориш имкониятлари туғилди. Диний билим ва саводхонликни ошириш мақсадида оммавий ахборот воситаларида “Ҳидоят сари”, “Зиё” студияси кўрсатувлари, радио эшиттиришлари, газеталарда кўплаб мақолаларнинг чоп этилиши мунтазам олиб бориладиган маънавий-маърифий ишлар ҳисобланади. Қолаверса, диний идорамизнинг “Ҳидоят” журнали, “Ислом нури” газетаси мўмин - мусулмонларнинг севимли нашрига айланган. Ўзбекистонимизда диний эркинлик кенг кўламда олиб борилаётганлигига бутун дунё гувоҳ бўлиб турибди. Шунинг учун ҳам мамлакатимиз маркази Тошкент шаҳри Ислом маданиятининг пойтахи деб эълон қилинди. Бу қувончли воқеа муносабати билан кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилот раҳбарлари Ўзбекистон раҳбарияти номига ижобий фикрлар билдириб, қутлов хатлари жўнатди. Жаҳон ҳамжамияти ўзбек халқининг бой мероси билан яқиндан танишиб, Ўзбекитонга келиб ва бу жойдаги улкан ўзгаришларни кўришни мақсад қилди. Бундан ташқари яна кўплаб ижобий ўзгаришлар ва янгиликлар бўлиб турганига ҳаммамиз шоҳидмиз. Аллоҳ таолонинг берган неъматларига доимо шукр қилиб яшашимиз лозим. Зеро, ношукрлик катта офатларни олиб келади. Аллоҳ таоло Қуръни каримда Иброҳим сурасининг 7 оятида: “Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эсланг: “Қасамки, агар (берган) неъматларимга шукр қилсанглар, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Бордию ношукрлик қилсангизлар, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”, деб марҳамат қилган. Ҳар бир киши бугун яшаши учун кечаги кунини унитмаслиги керак. Кеча ким эдиму бугун ким бўлдим. Кечагидан кўра бугун яхши яшаяпман деб шукр қилиши лозим. Ана шунда инсон Аллоҳнинг розилигини топиб, кундан кунга яхши ҳаёт кечиради. Кечасини унитган инсон туғилган ерини ватанини унитади. Ота-онасини унитади, ёру дўстларини унитади. Уларни унитиб яшашнинг ўзи жоҳилликка етаклайди. Юртни чин юракдан севиб, келажакка интилиб, жамиятга керакли инсон бўлиб яшайлик. Ана шунда кўзлаган мақсадимизга албатта эришамиз. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 208- оятида: “Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киринг ва шайтоннинг изидан эргашманг” деб марҳамат қилган. Ўзаро бир-биримизни ҳурмат қилиб, улуғларимизнинг панду насиҳатларини қулоққа олиб, аҳл бўлиб яшасак, дунё аҳли ҳали кўп маротаба бизга қойил қолади.
Киритилган вақти: 02/08/2016 00:00; Кўрилганлиги: 3097
Чоп этилган вақт: 13/10/2024 06:17