Муборак Рамазон ойининг фазилати
Инсонни камолот сари етакловчи диний қадриятларимиздан бири Рамазон ойи билан боғлиқ маросимлардир. Бу ойда тутиладиган рўза амали инсонда ўз нафсини бошқара олиш, сабр-қаноатли бўлиш, мақсад сари собитқадамлик билан интилиш каби фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилади. Бу фазилатларни касб этган инсон эса ҳаётда дуч келадиган ҳар қандай тўсиқларни осонлик билан енгиб ўта олади. Рўза инсонни ҳалол-покликка даъват этади, унинг қалбини турли ғуборлардан тозалайди[1].
Аллоҳ таоло Қуръони каримда рўза ҳақида шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, саноқли кунларда. Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир”[2].
Мазкур ояти карималардан маълум бўладики, Аллоҳ таоло биздан олдин ўтган умматларга ҳам рўзани фарз қилган. Бу фарз ҳадиси шарифда ҳам ўз тасдиғини топган. Зеро, унда айтилишича, Аллоҳ аввал яҳудийларга рамазон ойида рўза тутишни буюрган. Улар рўза йилнинг энг иссиқ кунларига тўғри келгани учун, кўп ва қаттиқ қийналдик деб, бошқа ойга кўчирганлар. Нафслари Аллоҳ буюргандек бирон нарса тановул қилмай рўза тутишга бўйсунмаган. Натижада, гўшт каби нарсалардан ўзларини тийиб, рўза тутишга одатланганлар. Аллоҳ таоло кейинчалик насронийларга ҳам рамазон ойида ана шундай рўзадор бўлишни буюрган. Афсуски, улар ҳам бу ойнинг энг иссиқ кунларига тўғри келгани ва бошқа баҳоналар билан рўза ойида тартибларни ўзгартирганлар.
Рамазон сўзи арабча бўлиб, "рамзаау" ўзагидан олинган ва луғатда ўта иссиқ маъносини билдиради. Уламоларимиз бу луғавий маънони воқеълик ва балоғат илми нуқтаи назаридан шарҳ қиладилар. Рамазон ҳам унинг рўзасини тутганларнинг гуноҳларини куйдириб, ёндиради[3].
Рамазон дейилишига сабаб, бу ойда гуноҳлар куйдирилади, ёндириб йўқ қилиб юборилади. Уни ёндириб, кул қиладиган нарса солиҳ амаллардир. Бу ҳақда Имом Замахшарий мана бундай деганлар: “Ҳар бир ойни номлаш вақтида шу ойдаги бирор белги билан ёки ўзига хос хусусият билан номига аҳамият қилганлар. Рамазон ойи эса йилнинг энг иссиқ кунларига тўғри келган. Шунинг учун уни жуда иссиқ, жазирама маъносида рамазон деб атаганлар”.
Рамазон Исломий ойлар ичида энг буюк ва фазилатларга бойлиги, қолаверса, унда минг ойдан ҳам афзал қадр кечаси борлиги, унда Қуръон нозил бўла бошлагани билан у ўн бир ойнинг султонидир. Ушбу ойнинг мўминларга икки дунёда манфаатлари чексиз. Ушбу ойда Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб мағфират этилган бандалар охир-оқибат дўзахдан ҳам нажот топганлари учун унинг дастлабки ўн кунлиги раҳмат, кейингиси мағфират, охирги ўн кунлиги эса дўзахдан нажотдир.
Абу Ҳурайра (р.а) дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ таоло сизга унинг рўзасини тутмоқликни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур, жаҳаннамнинг эшиклари ёпилади. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланади. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батахқиқ маҳрум бўлибди”[4].
Аллоҳ таоло бошқа умматларга бермаган беш нарсани Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига ато қилган:
1. Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид мушкнинг ҳидидан ҳам хушбўйроқ қилинди.
2. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги (фаришталар) Парвардигорларига ҳамду-сано айтиш билан (У зотни барча айбу нуқсонлардан) поклаб-тасбеҳ айтурлар ва У зотга иймон келтирурлар, ҳамда иймон келтирган кишиларни мағфират қилишини сўрарлар: “Парвардигоро, Ўзинг раҳмат-меҳрибонлик ва илм жиҳатидан барча нарсадан кенгдирсан. Бас тавба-тазарруъ қилган ва Сенинг йўлингга эргашган кишиларни Ўзинг мағфират қилгин ва уларни дўзах азобидан сақлагин”[5].
Мўътабар китобларда жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: ҳар бир кун Аллоҳнинг куни, ой эса Аллоҳнинг ойи, йил Аллоҳнинг йилидир, деган ҳадиси шариф ривоят қилинган. Аммо баъзи ой ва кунларни Унинг ўзи азиз ва мўътабар қилгани маълум. Ойларнинг фазилатини баён қилар эканлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ражаб Аллоҳнинг ойи, Шаъбон менинг ойим, Рамазони шариф эса умматимнинг ойидир, деганлар. Рамазони шарифнинг келишига хурсанд бўлган кишининг гуноҳлари кечирилади.
Абдуллоҳ ибн Умар (р.а) айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муҳаррам ойининг ўнинчи куни рўза тутар эдилар ва бошқаларни ҳам шу куни рўза тутишга буюрар эдилар. Рамазон ойининг рўзаси фарз қилингандан сўнг Муҳаррам ойида тутадиган рўзани тарк этдилар”.
Абдуллоҳ ибн Умарнинг ўзлари ҳам Рамазонда рўза тутиш фарз қилингандан кейин Муҳаррам ойида рўза тутишни тарк этдилар. Аммо, нафл рўза Муҳаррамнинг ўнинчи кунига тўғри келса, тутар эдилар.
Ойша (р.а) айтадилар: “Жоҳилия даврида (яъни, исломдан аввал) Қурайш қавми Муҳаррамнинг ўнинчи куни рўза тутар эди. сўнг (яъни, ислом дини келгандан сўнг), Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда рўза тутишни буюриб: “Хоҳлаган киши Муҳаррам ойининг ўнинчи куни рўза тутсин, хоҳламаган киши тутмасин”,-[6] дедилар.
Рўза ҳавои нафсни ноўрин қўзғатишларини йўлга солишга тўғрилашга, шаҳватни жиловлашга, қорин талабларини ҳам изга солишга хизмат қилади.
Саҳл (р.а) ривоят қиладилар: “Жаннатда Раййон номли бир эшик бор, - дейдилар Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, - бу эшикдан рўзани канда қилмай тутганларгина кирадилар, холос. Қиёмат куни “рўзадорлар қани!” деб нидо қилинади. Шунда, улар ўринларидан туриб мазкур эшикдан киришади. Сўнг, эшик ёпилади. Улардан бошқа бирорта одам бу эшикдан кира олмайди”[7].
Рамазон кунларининг бирида жаноб Расулуллоҳ (с.а.в) ни жуда ғамгин ва ҳатто муборак кўзларида ёш кўрдилар. Бунинг сабабини сўраганларида, жаноб: “Рамазони шариф охирлаяпти. Унинг тугаётганига, бу ойдаги осмондан бўлаётган илтифотларнинг интиҳоси кўринаётганига бутун еру осмондаги мавжудоту махлуқотлар, еру осмон йиғлаяпти, Муҳаммад йиғламасинми? Мен, менинг умматим йиғлашга, ғамгин ва ҳазин бўлишга ҳақли эмасми?”-дедилар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Умматларим ҳар қайси ойда қилган бир яхши, солиҳ амали учун бир савоб олади. Аммо рамазонда эса Аллоҳ бири учун ўндан то етти юзгача ва ундан зиёда қилиб беради. Фарз ибодатларининг биттаси учун бошқа ойларда бажарган етмиш фарзнинг савоби, нафллари-қўшимчалари учун эса бошқа ойларда бажарган фарзнинг савобини беради. Бу ой сабр ойи, сабрнинг самараси эса жаннатдир. Бу ой мўминларнинг ризқларини зиёда этадиган ойдир. Ким бу муборак ойда бир рўзадорни ифтор ёки саҳарлик қилдирса, бир қул озод қилганнинг савобини топади ва гуноҳлари мағфират қилинади”[8].
Шунинг учун бўлса керак, бойлар шу ойда ўз закотларини беришга, саховатпешалар эса денгиз каби тошиб, меҳр-эътиборга интиқ кишиларга меҳру мурувват, хайру саховат кўрсатишга ошиқадилар.
Рўзанинг рўзадор шахсий сифатларига берадиган фойдалари ҳақида сўзлар эканмиз, сабр сифати ҳақида гапирмай ўтиб бўлмайди. Инсон ўз ихтиёри билан оч қолиши, ташна бўлиши, шаҳватдан ўзини тийишини ва бу ҳолат бир ой давом этиши инсонда сабрли бўлиш сифатини кучайтиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Рамазон сабр ойидир”,деганлар.[9]
Рўзадан ҳосил бўладиган шахсий сифатлардан яна бири раҳм-шафқатли бўлиш сифатидир. Рамазони шариф ойининг биринчи ўн кунлигини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам раҳмат ўн кунлиги деб эълон қилганлар. Бу нафақат Аллоҳ таолонинг бандаларга раҳмати, балки бандаларнинг бир-бирларига раҳмли-шафқатли бўлишини ҳам ўз ичига олади.
Рўза тутган одам биров билан сўкишмаслиги, урушмаслиги қаттиқ тайинланишидан мақсад ҳам шу. Ўз ихтиёри билан оч қолган, ташна бўлган одамда ўз-ўзидан раҳм-шафқат ҳислари уйғонади. Ўзгаларга яхшилик қилиш туйғулари кучаяди. Буни рўза тутган ҳар бир одам дарҳол мулоҳаза қилади. Айниқса очлик ва ташналикни ўз танасида синаб кўрган шахс, турли сабабларга кўра доимо оч қолганларга раҳм-шафқат қилиш лозимлигини тўла тушуниб етади. Шунинг учун ҳам, рўзадорлардан оч-ялонғоч, бева-бечора, камбағал-мискинлар фойдасига хайр-садақа қилиш кўпаяди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон бирингиз рўзадор ҳолда бўлса, беҳаё сўзларни гапирмасин ва жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар биров у билан сўкишмоқчи ёки урушмоқчи бўлса “Мен рўзадорман,мен рўзадорман” десин” дедилар.
Бугунги кунда меҳр шафқатга, раҳмдилликка ва хайри эҳсонга муҳтож кишилар қанчалик кўп эканликларини ҳисобга оладиган бўлсак, рўзанинг аҳамияти яна ҳам ортади. Рамазон шарифда ўта сахий бўлиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатларидир.
Ким бу ойнинг машаққатларига сабр қилса, охиратдаги азобдан қутулади. Рўза кунларидаги вақтинчалик очлик ва чанқоқлик машаққати бандани охиратдаги оғир машаққатдан халос этади, иншааллоҳ.
[1] Дурбек Раҳимжонов. Рамазон туҳфаси. “Тошкент ислом университети” Т-2005. –Б.3.
[2] Бақара сураси, 183-184-оятлар мазмуни.
[3] Муҳаммад Али Собуний. Равоиьул Баён. Ж.2. –Б.201.
[4] Дилфуза Сарварова. Муқаддас ойлар мустажоб дуолар. “Мовароуннаҳр” Т-2005. Б: 100-102.
[5] Ғофир сураси, 7-оят мазмуни.
[6] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. Ж.1. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Т-2008. –Б.311.
[7] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. 1-том. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Т-2008. Б: 312.
[8] Дурбек Раҳимжонов. Рамазон туҳфаси. “Тошкент ислом университети” Т-2005. Б: 7.
[9] Имом ал Бухорий сабоқлари 4/2002. –Б.255.
Киритилган вақти: 28/05/2016 00:00; Кўрилганлиги: 2648
Чоп этилган вақт: 14/12/2024 12:51