Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Мўминнинг мукофот оладиган куни

 
 

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки Рамазон рўзасини тугатиб, эвазига катта мукофатлар олиш арафасида турибмиз. Бу мукофот албатта рўзадорларга Яратган Зот тамонидан ҳайит куни бериладиган, миқдори Ўзигагина аён бўлган улкан мукофотдир. Шунинг учун ҳам ҳайит байрамини аъло кайфият ва кўтаринки руҳ билан ўтказиш лозим. Ҳайит куни дуолар ижобат бўладиган, гуноҳлар кечириладиган муборак кундир. Бу кунда ўқиладиган намоз вожиб ҳисобланади. Намозгоҳга бориш учун ҳар бир намозхон уйидан таомланиб чиқиши, мисвак ва ғусл қилиши, хушбўй атир сепиши, энг яхши кийимларини кийиши ва намоз вақтигача фитр садақасини бериши суннат амаллардан ҳисобланади. Бомдод намозидан то ҳайит намозигача нафл намозлар ўқилинмайди. Ҳайит куни илоҳий байрам бўлганлиги учун бу кунда фотиҳахонлик қилмасдан байрамона кайфиятда бир бирларимизни қутлаб совға саломлар бериб хурсандчилик билан ўтказиш керак. Пайғамбаримиз (с.а.в) бир ҳадисларида: “Ҳайит намози ўқиладиган кун шайтон “Дод” деб юборади. Унинг лашкарлари “Сени ким йиғлатадиган даражада хафа қилди” деб қайта қайта сўрасалар ҳам тўхтамай йиғлайверади. Охири йиғидан тўхтаб: “Бир йил ҳаракат қилиб, одам болаларини йўлдан уриб, уларга турли гуноҳларни қилдирган эдим, бари куйиб кетди. Бир ой тутган рўзаси ҳурматидан Аллоҳ уларнинг барча гуноҳларини кечириб юборди”, - деб жавоб беради. Шайтон йиғлаб, куйиб хафа бўладиган кунда мўмин мусулмонлар шод бўлиб хурсандчилик қилишлари, ота-оналаридан, қариндош уруғларидан, опа-сингилларидан, қолаверса кам таминланган оилалардан хабар олишиб хурсандчилик улашишлари лозим. Расулуллоҳ (с.а.в): “Ким бир мусулмоннинг дунё қайғуларидан бирини кетказса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини кетказади. Ким дунёда бир қийналган биродарининг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги оғирини енгил қилади. Қайси бир банда бошқа бир бандага ёрдам қилса, Аллоҳ таоло унга ҳам ёрдам қилади”, - деб мархамат қилганлар. (Термизий ривояти). Охиратини ўйлаган ҳар бир мўмин киши имкони борича савоб талабида муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиши жаннат томон ташлаган қадамига тенгдир. Айниқса ҳайит кунлари бой ва камбағаллар тенг бўлиб хурсандчилик қилсалар, ҳар бир хонадонга байрам шукуҳи кириб борса нур устига аъло нур бўлади. Гап талашиб арзимас дунё матоҳи учун аразлашиб юрганлар, аввало ҳайит ҳурматидан тезда ярашиб бир бирларидан узр сўрашлари керак. Буюк Аллоҳимиз бандаларнинг гуноҳларини кечириб турганида биз ожиз бандалар бир биримизнинг гуноҳимиздан ўтмасак ношукурлик эмасми. Албатта мўмин кечиримли бўлади. Иншаоллоҳ ҳайит байрамини биргаликда ўйнаб кулиб, аъло даражада ўтказамиз. Вилоятимиз худидида 273 та жоме масжидларда соат 05:45 дақиқа ўтганда ҳайит намози ўқилинади. Намозхонлар учун масжидларимизда шарт шароитлар яратилган. Аллоҳ таоло барчамизнинг ханодонларимизга барокатларини нозил айлаб келгуси йил рамазон ойига соғ саломат етишимизни насиб қилсин. Яна бир бор байрамингиз муборак бўлсин азизлар.


Киритилган вақти: 05/07/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3312
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/mominning-mukofot-oladigan-kuni
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 15:10
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг