Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Минг ойдан афзал кеча

 
 

Аллоҳга шукрки, раҳмат ва мағфиратли ой бўлмиш, фазилатли Рамазон ойини тинч, ҳотиржам ва осойишталикда ўтказмоқдамиз. Хар бир мўмин банда бу ойни даражоти, баракоти ва файзидан катта умидлар қилиб, ибодат ва эзгу амалларга ошиқадилар.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: “Кимда ким Рамазон ойида бирор бир нафл амални бажарса, у бошқа ойда фарз амални адо қилган билан тенг бўлади. Кимда ким бу ойда бир фарз амални бажарса, бошқа ойдаги етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади”, деганлар. Ҳа азизлар, бу ой ибодатларда, эзгу амалларда бир-биримиз билан мусабоқалашадиган ва шуни эвазига амал сандиқларимизни савобларга лиммо – лим тўлдирадиган бетакрор ойдир.

Мўминларга раҳмат ва ҳидоят бўлган, илоҳи калом, Қурьони карим ҳам айнан Рамазон ойида нозил бўлганлиги, бу ойни файзига файз қўшади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Албатта, биз уни муборак кечада нозил қилдик. Албатта биз огоҳлантиргувчи бўлдик», деб марҳамат қилади. Ушбу оятда зикр қилинаётган, “Қуръон нозил қилинган кеча” муборак Рамазон ойининг кечаларидан бири бўлмиш “Лайлатул қадр”дир. Бу кеча, дунё тарихидаги энг муборак кечадир. Муфассирларимиз “қадр” сўзига икки хил маъно беришади. Биринчиси қадр, яъни қадри улуғ, иккинчиси қадар, яъни Лайлатул Кадр кечаси бандаларнинг бир йиллик қадарлари – тақдирлари белгиланадиган кечадир.

Аллоҳ таоло “қадр” сурасида: «Лайлатул қадр минг ойдан яхшироқдир» деб марҳамат қилади. Бу кечада қилинган ибодатларнинг фазли минг ойлик ибодатлардан афзалдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Лайлатул қадрда имон ила савоб умидида қоим бўлса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади” деб марҳамат қилдилар, дейилган.

Дарҳақиқат, инсон хатодан, гуноҳдан холи эмас. Баъзида инсонларга қўлимиз билан, баъзида тилимиз билан гоҳида билиб-билмай озор берамиз. Бу ҳадиси шариф Рамазон ойини ғанимат билган, айниқса, Лайлатул қадр кечаларини катта ният ва умидлар билан Аллоҳ таолога ибодат қилиб, дуо қилиб ва истиғфор айтиб тунни бедор ўтқазган мўминлар учун улуғ ҳушхабар ва башоратдир. Лайлатул қадр кечаси Рамазоннинг қайси кунига тўғри келиш ҳақида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Жумладан, Оиша онамиз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазон ойининг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларидан ахтаринглар”, деб марҳамат қилдилар.

Қадр кечасида Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар осмондан ерга тушишади, тонг отгунча инсонларни дуо қилишади ва дуо қилганларга қўшилиб «омин» деб туришади. Азизлар бу кечанинг ҳар бир сонияси ғаниматли, қўлдан бой бермайдиган, захирамизни лиммо – лим ажру-савоб билан тўлдирадиган кечадир. Албатта, Лайлатул қадр кечасини Қуръон тиловати, дуо ва истиғфор билан ибодат қилиб тунни бедор ўтказишимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофик бўлади, иншааллоҳ.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Мен «Эй Аллоҳнинг расули Қадр кечаси қайси кунлигини билсам, нима деб айтай?» десам, у зот: «Эй Роббим, сен авф қилгувчисан ва авф қилишни яхши кўрасан, мени авф эт», деб айтинг дедилар. Аллоҳ таъоло барчаларимизга ушбу кечани муборак айласин, уни комил ибодатлар, мустаҳкам тақво ва чин ихлос билан қаршилаш, уни оят ва хадисларда кўрсатилганидек ўтқазиш насиб этсин.


Киритилган вақти: 07/06/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 1879
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/ming-oydan-afzal-kecha
Чоп этилган вақт: 18/07/2024 10:10
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг